15.09.2026
Ўзбекистон ва Словения Олий аудит органлари ўртасида янги ҳамкорлик лойиҳалари белгиланди
2026 йил 16–17 сентябрь кунлари Словениянинг Блед шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари М. Абдуллаев ва Словения Республикаси Олий аудит органи раҳбари Яна Ахчин ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот давомида икки мамлакат Олий аудит органлари ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, давлат аудитини рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш, аудиторлар малакасини ошириш ҳамда илғор тажрибаларни Ўзбекистонда жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
М. Абдуллаев Словения томонининг Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси билан ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ташаббусларини юқори баҳолаб, Ўзбекистон делегациясига кўрсатилаётган самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди. Қайд этилганидек, жорий йил апрель ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган учрашувлар икки Олий аудит органи ўртасидаги профессионал мулоқотни янада фаоллаштиришга хизмат қилди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасида амалга оширилаётган институционал ва рақамли ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланганидек, Ҳисоб палатаси фаолияти анъанавий молиявий текширувлар билан чекланиб қолмасдан, халқаро стандартларга асосланган замонавий давлат аудити тизимига босқичма-босқич ўтмоқда. Молиявий, мувофиқлик ва самарадорлик аудити билан бир қаторда стратегик аудит ҳамда IT-аудит йўналишлари бўйича методологиялар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилмоқда.
Шу билан бирга, давлат маблағларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, молиявий хато ва қонунбузилишларнинг олдини олиш, рискларни олдиндан аниқлаш ҳамда профилактик назорат механизмларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 6 июлдаги «Давлат аудити фаолиятида сунъий интеллект ва рақамлаштиришни янада ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-123-сон Фармони доирасида амалга оширилаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Мазкур ҳужжат билан давлат аудити тизимини модернизация қилиш, Ҳисоб палатаси фаолиятига замонавий рақамли ечимлар ва сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш, масофавий аудит ва интеллектуал риск-таҳлил механизмларини ривожлантириш бўйича қатор вазифалар белгиланган.
Шунингдек, Ҳисоб палатасида «Сунъий интеллект лабораторияси»ни ташкил этиш, «HP-AI audit assistant», «Давлат харажатлари скоринги», «Аудитни бошқариш» каби замонавий модул ва ахборот тизимларини жорий этиш, давлат органларининг бюджет интизоми рейтингини юритиш назарда тутилган.
Учрашув доирасида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Словения Олий аудит органи ўртасида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ҳам белгилаб олинди.
Хусусан, 2026 йил декабрь ойида ўзини ўзи баҳолаш ва IT-аудит йўналишларида онлайн ўқув курсларини ташкил этиш режалаштирилган. Ўқув дастурлари Словения томони билан келишилади ҳамда якунда тингловчиларнинг билим ва кўникмалари баҳоланади.
Шунингдек, 2027 йилда қўшма аудит тадбирларини ўтказиш бўйича ишларни бошлаш белгиланди. Бунда аудит мавзуси, қамрови ва муддатларини келишиш, аудит дастури ва маълумот алмашиш тартибини назарда тутувчи ҳамкорлик баённомасини имзолаш, қўшма аудит гуруҳини шакллантириш ҳамда якуний хулосани тайёрлаш кўзда тутилган.
Словениянинг Любляна шаҳрида Ҳисоб палатаси ходимларининг касбий малакасини ошириш бўйича ҳам келишувга эришилди. Ўқув курслар ўзини ўзи баҳолаш методологияси, аудит жараёнларини рақамлаштириш ва аудитда сунъий интеллектдан фойдаланиш йўналишларини қамраб олади. Жумладан, Словениянинг «Election Guardian» тажрибасини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилади.
Словения тажрибаси ва ИНТОСАИ услубиёти асосида Ҳисоб палатасида ўзини ўзи баҳолаш методологиясини жорий этиш ҳам ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланди.
Бунинг учун баҳолаш тартиби ва мезонлари ишлаб чиқилиб, махсус баҳолаш гуруҳи шакллантирилади ҳамда биринчи баҳолаш ўтказилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади.
IT-аудит йўналишини ривожлантириш бўйича ҳам амалий ишлар белгиланди. Жумладан, ўқув натижалари асосида IT-аудит бўйича услубий қўлланма лойиҳасини тайёрлаш, IT-аудиторлар гуруҳини шакллантириш ҳамда камида битта давлат ахборот тизимида пилот IT-аудит ўтказиш режалаштирилган.
Мулоқотда, шунингдек, «Вишеград 4+2» формати доирасида ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг мазкур мулоқот майдонига қўшилиши давлат аудити соҳасида Марказий ва Шарқий Европа мамлакатлари Олий аудит органлари билан тажриба алмашиш имкониятларини кенгайтириши таъкидланди.
Томонлар рақамли аудит, сунъий интеллект технологияларидан аудит жараёнларида фойдаланиш, қўшма аудитлар ўтказиш, аудиторлар малакасини ошириш ҳамда профессионал тажриба алмашиш йўналишларида ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олдилар.
Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Словения Республикаси Олий аудит органи ўртасидаги профессионал мулоқотни янада кенгайтириш ва эришилган келишувларни амалий жиҳатдан таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.

Бошқа янгиликлар
Латвиялик аудиторлар томонидан Ҳисоб палатасида тренинглар ўтказилди
1631
27.05.2025
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_b802463fa079e7fe3e4fc61c.jpg)
Туркий давлатлар Олий аудит органлари ташкилоти (TURKSAI) га асос солинди
2092
23.11.2025
Ҳисоб палатасида 20 та стратегик давлат корхоналари фаолияти самарадорлиги муҳокама қилинди
856
15.06.2026
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/508114cc-8816-0920-e9a8-bf1ccde7c6ce.jpg)
Президентга молиявий назорат режалари бўйича ахборот берилди
1656
19.01.2025
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_ac49502bc80d719a22ecdfd2.jpg)
Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича ишлар янгича ташкил этилади
513
03.09.2026