Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

25.05.2026

Туркиялик аудиторлар: “Тошкент халқаро конференцияси янги стратегияларни белгилаб бермоқда”

Ўзбекистон жуда ўзига хос ва таассуротли мамлакат экан.

Биз Ўзбекистонга биринчи келишимиз ва бизнинг биринчи таассуротимиз шу бўлди. Шаҳар жуда тартибли, янги бинолар ва янги қурилаётган ҳудудлар эса жуда таъсирли кўринди.


Мамлакат инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар аниқ кўриниб турибди. Ривожланган давлат бўлишнинг асосий омилларидан бири — кучли инфратузилмадир. Шу сабабли Тошкентни жуда яхши баҳоладик. У замонавий ва ривожланган шаҳар сифатида кўринмоқда.


Конференция турли давлатлардан иштирокчилар қатнашган кенг қамровли тадбир бўлди. Айниқса, ёш аудиторларга эътибор қаратилгани конференцияни янада аҳамиятли қилди. Чунки янги авлод технологияларга жуда тез мослашмоқда ва бу бошқарув тизимига ҳам таъсир кўрсатмоқда.


Cунъий интеллектдан фойдаланиш, маълумотлар таҳлили ва рақамли трансформация ҳисобига олий аудит органлари янги тажриба ва усулларни излашга ҳаракат қилмоқда. Бу каби учрашувлар эса тажриба алмашиш учун муҳим майдон яратиб беради.


Биз ҳам ушбу конференция орқали турли давлатлардан келган иштирокчилар билан мулоқот қилиб, фикр алмашдик ва муҳим маълумотларга эга бўлдик.


Шунингдек, Ўзбекистон томонидан қилинган тақдимотда, айниқса Ўзбекистон Ҳисоб палатасининг Масофавий аудит марказини кўрганимизда маълумотнинг нақадар муҳим эканини яна бир бор англадик.


У ерга биринчи кирганимизда бизни энг кўп таъсирлантирган нарса марказлашган бошқарув панели тизими ва ундаги катта ҳажмдаги ва муҳим кўрсаткичларни ўз ичига олган экран бўлди. Бу айниқса тизим бошқаруви учун жуда муҳим. Чунки тизим бошқаруви доимо фаолиятнинг асосий кўрсаткичларини биринчи навбатда кўришни ва тезкор қарорлар қабул қилишни тақозо қилади.


Шунингдек, эшитишимизча, Ўзбекистонда тегишли ташкилот ва муассасаларнинг мавжуд электрон баъзалари маълумотлари Ҳисоб палатасига тақдим этилади ва бу борада жиддий тўсиқлар йўқ. Бу жуда муҳим ҳолат.


Чунки бугунги кунда маълумот энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Аудит жараёнини электрон шаклда олиб бориш, маълумотларни таҳлил қилиш ва сунъий интеллектдан самарали фойдаланиш учун маълумот аудиторлар қўлида бўлиши керак. Шу сабабли биз Ўзбекистон Ҳисоб палатасини табриклаймиз. Барча маълумотларнинг йиғилиши ва тақдим этилиши катта ютуқ деб ҳисоблаймиз.


Аудит жараёнларини рақамлаштириш, катта маълумотлар ва сунъий интеллектдан фойдаланиш бугунги кундаги долзарб масала ҳисобланади. Энг аввало, маълумот масаласи жуда муҳим. Тоза, сифатли ва тузилмалаштирилган маълумотлар сунъий интеллектнинг тўғри ишлаши учун асосий шарт ҳисобланади.


Ҳар қандай маълумот устида сунъий интеллект ишлатиш самарали бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун биринчи навбатда маълумотлар сифати оширилиши лозим. Шу билан бирга, маълумотлар ишончли ва текширилган бўлиши ҳам жуда муҳим. Фақат шу ҳолда сунъий интеллект тўғри натижалар бера олади. Бу соҳада маълумот сифати энг муҳим омил ҳисобланади.


Ҳозирги кунда Туркия ва Ўзбекистон олий аудит органлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича меморандум мавжуд. Ўтган йили Ўзбекистондан келган вакиллар Туркиядаги ўқув дастурларида қатнашдилар ва ўзаро тажриба алмашилди. Бу йил эса Ўзбекистонда Ёш аудиторлар конференциясида иштирок этдик.


Биз Ўзбекистонлик ҳамкасбларимизга шундай халқаро тажриба алмашиш имкониятини бергани учун ва юқори даражадаги ташкилий ишлар учун миннатдорчилик билдирамиз. Айниқса, технологияларни қандай яратиш ва қўллаш бўйича ўзаро тажриба алмашиш жуда фойдали бўлди.


Хулоса қиладиган бўлсак, Ўзбекистон Ҳисоб палатаси билан келгусида ҳам юзма-юз учрашувлар, онлайн мулоқотлар ва маълумот алмашиш ишларини давом эттириб, ўзаро ҳамкорлигимиз янада ривожланади деган умиддамиз.

(Абдулқодир Акарсу, Жунейт Туран, Тейфик Буғра Акинжи)

 


img