Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

02.01.2025

Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ тушумларининг тўлиқлигини таъминлаш бўйича аудит ўтказилди

Ҳисоб палатаси томонидан Солиқ қўмитасида яширин иқтисодиётни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши, шунингдек, солиқ тушумларининг тўлиқлигини таъминлаш бўйича ишлар самарадорлиги аудитдан ўтказилди.

Аудит натижаларига кўра, солиқ маъмурчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, “маҳаллабай” ва “корхонабай” ишлаш тизимлари ҳамда рақамлаштириш натижасида давлат бюджети даромадларини шакллантириш кўрсаткичлари яхшиланган.


Хусусан, 2024 йилда давлат бюджетига қарийб 200 трлн сўм солиқ тушумлари таъминланиб, аввалги йилга нисбатан сезиларли ўсишга эришилган.


Шу билан бирга, аудит жараёнида солиқ тушумларининг тўлиқлигини таъминлаш ва яширин иқтисодиётни қисқартиришда қатор тизимли муаммолар мавжудлиги аниқланди.


Жумладан, айрим хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ҳисобварақ-фактураларга киритилган ўзгартиришлар бўйича қайта ҳисоботлар тақдим этилмаган, айрим турдаги солиқлар тўлиқ ҳисобланмаган ҳамда солиқсиз тушумларни ундиришда камчиликларга йўл қўйилган.


Шунингдек, бозорлар ва савдо комплексларида тушумлар манбаси, ижара муносабатлари ва савдо жойларидан фойдаланишни назорат қилиш имконини берувчи ягона ахборот тизими мавжуд эмаслиги ҳамда ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган тадбиркорларга гувоҳномани автоматик бериш тизимини такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди.


Аудитда мол-мулкларни мустақил баҳолаш соҳасидаги шаффофлик масалалари ҳам алоҳида ўрганилиб, бунда кўчмас мулклар қийматининг асоссиз равишда пасайтириб баҳоланиши натижасида бюджетга мол-мулк солиғи тушумларини йўқотилишига олиб келаётган ҳолатлар аниқланган.


Аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида олдини олиш мақсадида аудит натижалари бўйича 1,5 трлн сўмдан ортиқ қўшимча тушумларни бюджетга жалб қилиш, тадбиркорлик субъектларига тегишли маблағларни қайтариш, солиқ маъмурчилигини рақамлаштириш ва маълумотлар базаларини интеграция қилиш бўйича чоралар белгиланди.


Шунингдек, бозорлар ва савдо комплекслари учун “E-Bozor” электрон ахборот тизимини жорий этиш, ижара шартномаларини электрон шаклга ўтказиш, ҚҚС гувоҳномасини тадбиркор давлат рўйхатидан ўтказилиши билан бир вақтда бериш, мустақил баҳоловчи ташкилотлар фаолиятининг очиқ электрон платформасини яратиш таклиф этилди.


Аудит натижалари яширин иқтисодиётни қисқартириш, солиқ базасини кенгайтириш ва давлат бюджети даромадларининг барқарорлигини таъминлашда рақамли назорат механизмларини кучайтириш муҳим аҳамиятга эга эканлигини яна бир бора кўрсатди.


img