27.08.2026
Ўзбекистон ва Озарбайжон Олий аудит органлари ўртасидаги ҳамкорлик тобора ривожланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасида Озарбайжон Ҳисоб палатаси делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Унда икки олий аудит органи ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, амалга оширилаётган қўшма ишлар ва истиқболдаги устувор йўналишлар муҳокама қилинди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раиси биринчи ўринбосари М. Абдуллаев ва Озарбайжон Ҳисоб палатаси делегацияси раҳбари Т. Юсиф-заде бошчилигидаги делегация аъзолари иштирок этди.
Таъкидланганидек, айни пайтда икки мамлакат Ҳисоб палаталари ИНТОСАИ, АЗОСАИ, ЭКОСАИ, МДҲга аъзо давлатлар Олий аудит органлари кенгаши ҳамда Туркий тилли давлатлар Олий аудит органлари кенгаши — TURKSAI доирасида ҳам фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Жорий йил март ойида Озарбайжон Ҳисоб палатаси раиси В. Гулмаммадов бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида икки ташкилот ўртасида Ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланган эди.
Ҳужжатда ташқи давлат аудити методологиялари бўйича тажриба алмашиш, ходимларнинг профессионал тайёргарлиги ва кўникмаларини ривожлантириш, касбий маълумот ва ҳужжатлар алмашинуви, ўзаро маслаҳатлашувлар, қўшма тадқиқотлар, параллел аудитлар, семинарлар, конференциялар ва вебинарлар ўтказиш каби йўналишлар белгиланган.
Меморандум имзоланганидан сўнг ўзаро ҳамкорлик янада фаоллашди. Хусусан, 2026 йил давомида Озарбайжон Ҳисоб палатасининг 4 та делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди.
23 август куни эса рақамлаштириш ва ахборот технологиялари соҳасида Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш мақсадида 5 нафар озарбайжонлик эксперт ташриф буюрди. Мазкур ташриф давлат аудитини рақамлаштириш, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш ва сунъий интеллект имкониятларини аудит жараёнларига жорий этиш борасида тажриба алмашишга қаратилди.
Учрашувда ҳамкорликни келгусида янада кенгайтириш бўйича аниқ таклифлар билдирилди.
Жумладан, ташқи давлат аудити методологиялари бўйича янги тажриба алмашиш, Озарбайжоннинг давлат бюджети лойиҳаси аудити, давлат мулкини бошқаришга риоя қилиш аудити, таълим муассасаларини бошқариш аудити, таълим тизимида ахборот технологияларининг самарадорлиги аудити ҳамда озиқ-овқат хавфсизлиги тизимини молиявий қўллаб-қувватлаш аудити соҳаларидаги тажрибасини ўрганиш масалаларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, қўшма илмий тадқиқотлар, параллел ва қўшма аудитлар ўтказиш, семинар ва вебинарлар ташкил этишни йўлга қўйиш таклиф этилди. Бу икки мамлакатдаги ўхшаш жараёнларни қиёсий ўрганиш, умумий муаммоларни аниқлаш ва самарали ечимларни ишлаб чиқиш имконини беради.
Учрашувда Ўзбекистон Ҳисоб палатасининг рақамлаштириш ва сунъий интеллект соҳасидаги тажрибасини Озарбайжон томони билан бўлишиш алоҳида истиқболли йўналиш сифатида қайд этилди.
Бунда асосий мақсад давлат аудитида рақамли технологиялар, маълумотлар таҳлили ва сунъий интеллектдан фойдаланиш орқали қонунбузилишларни фақат аниқлаш эмас, балки уларнинг олдини олишга қаратилган замонавий ёндашувларни ривожлантиришдан иборат.
Озарбайжонлик экспертлар Ўзбекистон Ҳисоб палатасида амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо берилди.
Учрашув якунида томонлар икки Ҳисоб палатаси ўртасидаги дўстона ва ишончли муносабатларни янада мустаҳкамлаш, Меморандумда белгиланган вазифаларни амалий жиҳатдан кенгайтириш, экспертлар алмашинувини давом эттириш ҳамда қўшма ва параллел аудитларни ташкил этиш борасида ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олдилар.
Бошқа янгиликлар
Бокуда бўлиб ўтган халқаро форумда Ҳисоб палатаси вакили иштирок этди
838
20.06.2026
Сунъий интеллект технологияларига бағишланган ўқув-амалий семинар
532
15.12.2025
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_44d17df107f8cfa422b956e6.png)
Ҳисоб палатаси INTOSAIнинг Big Data бўйича ишчи гуруҳига аъзо бўлди
2998
17.12.2025
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_ac2fde3e0cbb35d9dadc8c3d.jpg)
Хитой Бош аудитори Нанкинда таҳсил олаётган Ҳисоб палатаси ходимлари билан учрашди
1383
29.03.2026
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_ccd8c89371cd1a1162201006.jpg)
Чехия Республикаси делегацияси вакилларининг Ўзбекистон ҳақида фикрлари (Люси Бурианова, Вероника Трасакова)
728
24.05.2026