Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

06.01.2025

Халқаро молия институтлари иштирокидаги инвестиция лойиҳалари аудити ўтказилди

Ҳисоб палатаси томонидан халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари доирасида маблағларни ўзлаштириш ҳолати ҳамда улардан самарали фойдаланиш масалалари аудитдан ўтказилди.

Ташқи қарз маблағлари ҳисобидан 2025 йил бошида ХМИ иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар сони 126 тани ва умумий қиймати 17,6 млрд долларни ташкил этган.


Лойиҳаларнинг асосий қисми белгиланган график асосида амалга оширилаётган бўлса-да, айрим лойиҳаларда маблағларни ўзлаштириш даражаси пастлиги ёки ишлар умуман бошланмагани аниқланди. Хусусан, қарз битимлари имзоланганига анча вақт ўтган бўлса-да, қиймати 5 млрд доллардан ортиқ 48 та лойиҳада маблағлар 10 фоиздан кам ўзлаштирилган ёки ўзлаштириш умуман бошланмаган.


Аудит жараёнида лойиҳаларни ўз вақтида амалга оширмаслик натижасида қўшимча молиявий харажатларга йўл қўйилгани ҳам маълум бўлди. Жумладан, айрим лойиҳалар муддатининг узайтирилиши натижасида 23,8 млн доллар миқдорида қўшимча комиссия тўловлари юзага келган.


Лойиҳаларнинг кечикишига асосан техник-иқтисодий асосларнинг ўз вақтида ишлаб чиқилмагани, тендер жараёнларининг чўзилиши, халқаро молия институтлари билан молиявий ҳужжатларни келишишдаги кечикишлар ҳамда консультант компаниялар фаолиятининг етарли даражада самарали ташкил этилмагани сабаб бўлган.


Шунингдек, айрим лойиҳа ташаббускорлари томонидан лойиҳани амалга ошириш гуруҳлари фаолияти устидан назоратнинг етарли даражада йўлга қўйилмагани сабабли тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларига маҳаллий ҳокимликлар томонидан ўзгартиришлар киритилган ҳолатлар аниқланди.


Инвестиция лойиҳаларини онлайн мониторинг қилиш борасида ҳам камчиликлар мавжуд. Хусусан, лойиҳа ташаббускорлари томонидан электрон мониторинг тизимига маълумотлар тўлиқ киритилмагани сабабли айрим жараёнлар ҳануз қоғоз шаклидаги маълумотлар асосида кузатиб борилмоқда.


Аудит натижалари бўйича лойиҳаолди ҳужжатлари мавжуд бўлмаган ва узоқ вақт давомида ишлар бошланмаган айрим лойиҳаларда 785 млн долларлик маблағларни мақбуллаштириш ёки уларни соҳанинг бошқа устувор йўналишларига йўналтириш таклиф этилди.


Шунингдек, ташқи қарз маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини мониторинг қилиш бўйича ягона рақамлаштирилган платформани жорий этиш, лойиҳаларнинг барча босқичларини онлайн кузатиб бориш ва якунланган лойиҳалар бўйича постмониторинг тизимини кучайтириш чоралари белгиланди.


Мазкур чораларнинг амалга оширилиши ташқи қарз маблағларидан самарали фойдаланиш, инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида якунлаш, қўшимча харажатларнинг олдини олиш ҳамда жалб қилинган маблағларнинг иқтисодий самарадорлигини оширишга хизмат қилади.


img