23.05.2026
Бутан Қироллиги Олий аудит муассасаси вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи уларда унутилмас таассуротлар қолдирди
Бутан Қироллиги олий аудит органи вакиллари Таши Дема ва Лҳакпа Тошкент шаҳрида “Аудит жараёнларини рақамлаштириш ва катта ҳажмли (Big Data) маълумотларни сунъий интеллект орқали таҳлил қилиш” мавзусида ўтказилаётган халқаро конференцияда Бутан Қироллигида амалга оширилаётган IT аудит бўйича ислоҳотлар ҳамда келгусида ушбу йўналишда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.

Улар мамлакатимизнинг замонавий тараққиёт йўли, рақамлаштириш соҳасидаги ютуқлари, бой маданий мероси ва халқимизнинг юксак меҳмондўстлигини алоҳида эътироф этдилар.
Меҳмонларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон бугунги рақамли дунё талабларига мос равишда жадал ривожланаётган, IT ва сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этаётган илғор мамлакатлардан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, мамлакатда миллий қадриятлар, тарихий мерос ва маданий анъаналарни асраб-авайлашга қаратилаётган эътибор уларда катта ҳурмат уйғотган. Айниқса, пойтахт шаҳрининг озодалиги ва тартиблилиги, инсонларнинг самимийлиги, очиқкўнгиллиги ва меҳмондўстлиги ҳам уларнинг алохида эътиборига сазовор бўлган.
Шунингдек, меҳмонлар ўзбек миллий таомларининг бетакрор таъми ва юртдаги самимий муҳитдан катта мамнуният олганликларини билдирдилар. Улар Ўзбекистонни нафақат замонавий тараққиёт, балки бой тарих ва юксак маданият уйғунлашган мамлакат сифатида баҳоладилар.
Конференция ҳақида фикр билдирган иштирокчилар, бугунги глобал ўзгаришлар даврида рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасидаги халқаро ҳамкорлик тобора муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидладилар. Улар мазкур конференцияни жуда мазмунли, амалий ва илҳомлантирувчи майдон сифатида баҳолаб, бундай анжуманлар турли давлатлар олий аудит муассасалари ўртасида тажриба алмашиш ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутишини қайд этдилар.
Шу муносабат билан, бу каби амалий аҳамияти юқори бўлган конференцияларни анъанавий тарзда ҳар йили ўтказиш мақсадга мувофиқлиги юзасидан фикр билдирдилар.
Қироллик Олий аудит муассасаси вакилларида айниқса Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг Масофавий аудит маркази катта қизиқиш ва ҳайрат уйғотди. Ушбу марказ замонавий аудит тизимининг илғор намунаси сифатида юқори баҳоланди.
Улар масофавий аудит механизми аудит жараёнларини тезкор, шаффоф ва самарали ташкил этиш, вақт ҳамда маблағни тежашда муҳим инновацион ечим сифатида эътироф этиб, мазкур тажрибани ўз мамлакатларида амалга оширилаётган Smart Audit Platform лойиҳасида қўллаш ниятида эканликларини алоҳида таъкидладилар.
Вакиллар томонидан икки давлат олий аудит муассасалари ўртасида келгусида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжудлигига алохида тўхталиб ўтилди.
Ҳусусан, Ўзбекистоннинг аудит соҳасида IT ва AI технологияларини қўллаш бўйича тажрибаси Бутан учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидланди.
Шу билан бирга, Бутаннинг давлат хизматларида ҳисобдорликни таъминлаш борасидаги тажрибаси ҳам ўзаро ҳамкорлик доирасида фойдали бўлиши мумкинлиги билдирилди.
Меҳмонлар ташриф юқори савияда ташкил этилганини, барча жараёнлар пухта ва профессионал даражада ўтганини алоҳида мамнуният билан қайд этиб, Ўзбекистон халқига самимий миннатдорлик изҳор этдилар.
Шунингдек, вакиллар Ўзбекистонда орттирилган тажриба, илиқ қабул ва самимий муҳит узоқ вақт ёдда қоладиган унутилмас хотирага айланганини таъкидладилар.


Бошқа янгиликлар
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_4e5e94d31f5bcec320360868.jpg)
Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан табрик
1658
30.09.2025
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_d17f97d1789f381415263b74.jpg)
Ўзбекистон Президенти Япония бизнеси билан амалий ҳамкорликни кенгайтиришга чақирди
1067
20.12.2025
Давлат қарзи ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳалар ва инвестициялар бўйича амалий семинар
1116
16.09.2025
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_5785c42af1eef004a8853e95.png)
Ҳисоб палатаси ва АССА ташкилоти ўртасида Ўзаро англашув меморандуми имзоланди
894
25.01.2026
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_2dd778565deb24d22e26ab2c.jpg)
Сув хўжалиги вазирлигида ижро интизомига бағишланган семинар
2663
07.02.2025