Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

25.03.2026

Етказилган мулкий зарарларни компенсация қилиш аудити

Ҳисоб палатаси томонидан 2023-2024 йиллар ва 2025 йил I ярим йилликда Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни компенсация қилиш бўйича республика ва ҳудудий жамғармалар маблағларининг натижадорлиги масофавий аудитдан ўтказилди.

2023 йилдан 2025 йилнинг I ярмига қадар республика жамғармасида 1,4 трлн сўм ва ҳудудий жамғармаларда 1,9 трлн сўм тушум шакллантирилган, 4,9 минг нафар мулкдорларга етказилган мулкий зарарлар учун 3 трлн сўм компенсация тўланган.


Шундан, мулкий зарар етказилган юридик ва жисмоний шахсларнинг 64 фоизига (3 142 нафар) компенсация тўловлари суд қарорлари асосида тўлаб берилган.


Шу билан бирга, Жамғармалардан компенсация беришда бир қатор муаммолар мавжуд.


Жумладан:


 Жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган ер участкаларида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари бўйича мониторинг тизими йўлга қўйилмаган.


Натижада, 75,4 млрд сўм компенсация тўланган 514 та ер участкаларида ҳозирги кунга қадар лойиҳалар амалга оширилмаган ёки якунига етказилмаган.


 Жамғарма маблағларидан фойдаланиш мақсадларига боғлиқ бўлмаган 4 та объектга 23,8 млрд сўм ажратилган.


 Фарғона ва Тошкент вилоятларида бузилган кўчмас мулк объектлари ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқнинг қийматини аниқлаш бўйича 90 та баҳолаш ҳисоботлари меъёрларга риоя этилмаган ҳолда тузилган бўлиб, шундан 73 тасида экспертиза хулосаларига асосан ортиқча баҳолаш ҳолатлари мавжуд.


 Зарарни қоплаш бўйича айрим суд жараёнлари жавобгар томонидан зарур ахборот билан таъминланмаганлиги оқибатида мулкдорга компенсация сифатида берилган ер майдони инобатга олинмаган ҳолда компенсация тўлаш қарорлари қабул қилинган.


Масалан, Сурхондарё вилоятида компенсация сифатида ер майдони берилган 2 нафар фуқарога суд қарорига асосан ортиқча маблағ тўланган.


 Ўрганилган даврда 425 та бузиладиган кўчмас мулк объекти ва ер участкасига бўлган ҳуқуқлар қонунчиликка зид равишда мулкдор буюртмаси асосида баҳоланган.

 

 Ташаббускор томонидан бузиладиган объектлардаги яроқли қурилиш материаллари ҳисобини юритиш, уларнинг бозор қийматини аниқлаш ва реализация қилиш орқали жамғармаларнинг тушум манбаларини кенгайтириш имконияти ишга солинмаган.


 Бузиладиган объектларга бўлган ҳуқуқлар ўз вақтида тугатилмаганлиги оқибатида (350 нафар фуқаронинг мулк ҳуқуқи тугатилмаган) ушбу объектларга нисбатан солиқ ҳисобланиб келинган.


 Ҳудудий жамғармаларга маҳаллий бюджетдан ҳамда ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни сотишдан олинган даромадлар етарли даражада ўтказилмаганлиги сабабли 213 нафар мулкдорлар олдидаги қарздорликлар қоплаб берилмаган.


Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг тегишли чора-тадбирлар режаси қабул қилинди.


– Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг кўрсатмасига асосан ўтказилмаган маблағларни ҳудудий компенсация жамғармасига йўналтириш чораларини кўриш белгиланди.


– Яроқли қурилиш материаллари қийматини компенсация тўловларидан чегириш бўйича Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг тегишли хати Вазирлар Маҳкамасига киритилди.


– https://ins-subsidiya.mf.uz веб сайтида мулкий зарарларни рўйхатга олиш, тегишли ҳужжатларни юклаш, зарарларни қоплаш имконини берувчи платформа яратилиб, 57 та қарздорлик қоплаб берилиши таъминланди.

 

 


img