Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

29.06.2026

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи ташқи аудит ва баҳолашдан ўтказилди

Ҳисоб палатаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 167-моддаси ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги Қонунининг 24-моддасига асосан Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025 йилдаги ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботи ташқи аудит ва баҳолашдан ўтказилди.

Ташқи аудит ва баҳолаш ишлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ғазначилик қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Марказий банк ҳамда бошқа тегишли ташкилотларнинг маълумотлари асосида амалга оширилди.


Таҳлиллар шуни кўрсатадики, давлат бюджети даромадлари 2025 йилда 359,8 трлн сўмни ташкил этиб (ЯИМга нисбатан 19,4 фоиз), 2024 йилга нисбатан 131,1 фоизга ошган.

Вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларидан республика бюджетига 112,2 млрд сўмлик солиқсиз тўловлар ажратма қилинмаган.


Солиқ қарзи 53,3 трлн сўмни ташкил қилиб, йил бошига нисбатан 8,1 трлн сўмга ёки 18 фоизга ошган. Шунингдек, йил давомида 9,4 трлн сўм умидсиз солиқ қарзлари ҳисобдан чиқарилган.


Ортиқча тўланган солиқ суммаси 13,1 трлн сўмни ташкил этган.


Юридик ва жисмоний шахслар томонидан 120,1 трлн сўмлик солиқ ва 57,6 трлн сўмлик божхона имтиёзларидан фойдаланилган.


Давлат бюджети харажатлари 2025 йилда 383,9 трлн сўмни ташкил этиб (ЯИМга нисбатан 20,8 фоиз), 2024 йилга нисбатан 123,5 фоизга ошган.


Жумладан, ижтимоий харажатларга 180,4 трлн сўм (жами харажатнинг 47 фоизи), таълимга – 84,2 трлн сўм (ўсиш – 118,1%), соғлиқни сақлашга – 43,3 трлн сўм (ўсиш – 120,1 ) маблағ йўналтирилган.


Давлат қарзларига хизмат кўрсатиш ва қоплаш учун 18,1 трлн сўм харажат қилинган (2024 йилга нисбатан 124,8 фоизга ошган).


Ҳисоботга кўра, 2026 йил 1 январь ҳолатига Давлат бюджети тақчиллиги 24 151,7 млрд сўмни ташкил этган.


Давлат мақсадли жамғармаларининг жами даромадлари 73,8 трлн сўмни, бюджетдан трансфертлар 57,9 трлн сўмни, харажатлар 130,3 трлн сўмни  ташкил этган.


2026 йил 1 январь ҳолатига давлат қарзи 46,8 млрд долларни (ЯИМга нисбатан 31,9 фоиз) ташкил қилиб, 2025 йил 1 январь ҳолатига нисбатан 6,6 млрд доллар (16,5%)га ошган.


Шундан, бюджетдан сўндириладиган қисми 32,3 млрд доллар ҳамда корхоналар ҳисобидан – 14,5 млрд долларни ташкил этади.


2026 йил 1 январь ҳолатига маҳаллий бюджетларнинг республика бюджети олдида 2 119,3 млрд сўм бюджет ссудасидан қарздорлиги мавжуд бўлиб, йил бошига (1 578,1 млрд сўм) нисбатан 134 фоизга ошган.


Аудит якунлари бўйича Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи юзасидан Ҳисоб палатасининг тегишли хулосаси тайёрланди.


Аудит хулосасида қуйидаги қатор амалий таклиф ва тавсиялар берилди:


-бюджет маблағларидан мақсадли, манзилли, самарали фойдаланиш, сарфланган маблағларнинг натижадорлигини ошириш мақсадида “Автоматик ҳисобот текширувчи - AI-based Reporting Validator” тизимини жорий этиш;


-ғазначилик органларида бюджет маблағларининг касса харажатлари бўйича қонунбузилишларни олдиндан аниқлаш имконини берувчи сунъий интеллект технологиялари асосида риск-таҳлил ва дастлабки назорат механизмларини жорий этиш;


-бюджетлараро трансферт тизимини “харажатларни қоплаш” тамойилидан босқичма-босқич чиқариб, ҳар бир трансферт тури учун аниқ ҳисоб-китоб формулалари ва натижа индикаторларини жорий этиш;

-давлат ташқи қарзининг валюта таркибидаги хорижий валюта улушини босқичма-босқич камайтириш бўйича аниқ мақсадли кўрсаткичлар ва йўл харитасини ишлаб чиқиш, шу жумладан миллий валютадаги қарз инструментлари бозорини ривожлантириш чора-тадбирларини белгилаш;


-Қўшилган қиймат солиғи ўрнини қоплашда (қайтариб беришда) юзага келадиган риск мезонларини ишлаб чиқиб, ахборот тизимлари орқали аниқланишини йўлга қўйиш каби тавсиялар шулар жумласидандир.


Ўтказилган аудит ва баҳолаш якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботларда аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига тасдиқлаш учун киритиш тавсия этилди.


Шу билан бирга Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни ташқи аудитдан ўтказиш ва баҳолаш натижалари юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига тегишли хулосалар тақдим этилди.


Бундан ташқари, даромад ва харажат ижроси бўйича аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш ҳамда келгусида йўл қўйилишини олдини олиш ва фаолиятни яхшилаш мақсадида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Солиқ ва Божхона қўмитаси ва бошқа вазирликларга тегишли таклифлар билан кўрсатмалар киритилди.


Жорий йилнинг 26 июнь куни Иқтисодиёт ва молия вазирлигида ташқи аудит натижалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди.


Йиғилишда Ҳисоб палатаси раис ўринбосари С. Мирзаев, Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосарлари А. Хайдаров, Ж.Қурбонов ҳамда бошқа масъул ходимлар иштирок этди.


Шунингдек, йиғилишда вазирлик ва идораларнинг бюджет маблағларидан фойдаланиш билан боғлиқ мақсадли индикаторлари ижроси ҳамда муҳокама қилинди.


Муҳокама якунида, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш, аудит тавсияларини тўлиқ амалга ошириш ҳамда соҳани рақамлаштириш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.


img-0
img-1img-2