22.07.2025
Бюджет ва ижро интизомини мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди
Президент Шавкат Мирзиёев 23 июль куни Ҳисоб палатасининг фаолияти ҳамда ижро тизимини такомиллаштириш чора-тадбирларига оид тақдимот билан танишди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июлдаги “Бюджет маблағларидан фойдаланиш устидан молиявий назоратни кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, Ҳисоб палатасининг иш услуби ўзгарди, унинг ваколатлари кенгайтирилди.
Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари М. Абдуллаев Давлат раҳбарига тақдимот қилар экан, анъанавий молиявий текширувлардан воз кечилиб, мувофиқлик, самарадорлик ва стратегик аудит тизими жорий қилинганини таъкидлади.
Эндиликда Ҳисоб палатаси фақат назорат қилувчи эмас, балки бюджет интизомига кўмаклашувчи ва хулоса берувчи идорага айлангани айтиб ўтилди. Шу боис асосий эътибор молиявий интизом бузилишининг олдини олиш, бунинг омилларини таҳлил қилишга қаратилмоқда.
Масалан, бу йил 6 ойда ўтказилган аудит тадбирлари натижасида 5 триллион 600 миллиард сўм самарасиз бюджет харажатлари қисқартирилган, бюджетга 5 триллион сўм қўшимча тушум имконияти аниқланган.
Мамлакатимиз иқтисодиёти изчил ўсиб бормоқда. Шу боис, давлат харажатлари ҳам ўсиб бормоқда. Сўнгги 8 йил давомида харажатлар 6 баробарга ошган. Бу, ўз навбатида, молиявий назорат кўлами ва иш ҳажмини ҳам оширади. Буни қамраб олишнинг самарали йўли – рақамлаштириш.
Шу мақсадда Ҳисоб палатасида “Масофавий аудит” ахборот тизими ишга туширилган. Ҳозирга қадар ушбу тизим орқали 4 триллион сўмлик камчиликлар бартараф этилган.
Тақдимотда энди тизимга сунъий интеллектни жорий қилиб, камчиликларни келтириб чиқараётган омилларни бартараф этиш вазифаси қўйилди.
Ўтган йили бюджетдан энг кўп маблағ олувчи 12 та вазирликда молиявий назорат бўйича ташкил қилинган “Ситуацион марказлар”нинг кўрсаткичлари қайд этилиб, бу тизим жорий йилда яна 10 та вазирлик ва идорага кенгайтирилиши белгиланди.
Шу билан бирга, бюджет ташкилотларида ички аудит ва ички назорат тизимларини такомиллаштириб, Ҳисоб палатаси билан ахборот алмашувини кучайтириш бўйича топшириқ берилди.
Президент фармонига асосан, давлат аудити илғор халқаро стандартлар даражасига чиқарилмоқда. Ҳисоб палатаси ходимлари бир йил давомида халқаро аудиторлар билан биргаликда ишлаб, тажриба тўплади.
Натижада ташқи қарз ҳисобидан бўлаётган лойиҳалар халқаро мезонлар асосида аудитдан ўтказилмоқда. Бундай тартибни лойиҳаларнинг илк босқичларидан бошлаш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.
Жумладан, Осиё тараққиёт банки ҳисобидан (240 млн доллар) амалга оширилаётган “Цемент-бетон қопламали ички йўлларни қуриш” лойиҳаси илк бор халқаро стандартлар (ISA) асосида аудитдан ўтказилиб, лойиҳа бошқаруви самарадорлигини ошириш мақсадида кўрсатма ва тавсиялар тақдим қилингани қайд этилди.
Шу йил 16 июнь куни ислоҳотлар натижадорлиги таҳлили бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида Ҳисоб палатасига “Халқ назорати” платформасини барча ҳудудларда йўлга қўйиш топширилган эди. Тақдимотда мутасаддилар бу борада бошланган ишлар ва зарур чора-тадбирлар тўғрисида ахборот берди.
Бу тизим орқали қурилиш, инфратузилма, коммунал хизматлар, энергия таъминоти, транспорт, йўл, экология каби соҳалардаги муаммолар бўйича хабар берилади. Уларни ҳал қилиш учун порталга барча вазирлик, идора ва ҳокимликлар уланади.
Ҳозирги кунда бу дастурни сунъий интеллект асосида такомиллаштириш, вертикал назорат тизимини йўлга қўйиш, колл-марказлар ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Давлатимиз раҳбари Ҳисоб палатасига ижро интизомини мустаҳкамлаш, бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш ва тежамкорликни таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди.



Бошқа янгиликлар
Давлат харидлари соҳасида коррупция ва талон-торожликларнинг олдини олишда Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлигига амалий ёрдам кўрсатиш ва ўзаро хамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
1592
30.04.2026
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_6ff194cead0d3100fbcc9df9.jpg)
ОТБ: “Oлий аудит органларини мустаҳкамлаш: Ўзбекистoндан сабoқлар”
1029
25.03.2026
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_dbc87cde76f1d257bb4de3b5.png)
Ҳисоб палатасининг биринчи ярим йиллик якунлари бўйича брифинги
2046
24.07.2025
Тошкентда Давлат аудитини рақамлаштириш ва сунъий интеллектга бағишланган халқаро конференция тантанали равишда очилди
650
21.05.2026
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_552cbbaafc5ca2676ab46af1.jpg)
Давлат идораларида ижро интизомига бағишланган ўқув семинарлар бошланди
613
13.07.2026