Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

17.08.2026

Латвияда Олий аудит органлар иштирокида юқори даражадаги форум бўлиб ўтди

2026 йил 18 август куни Латвия Республикасида Европа Иттифоқининг Шарқий ҳамкорлик мамлакатлари ва Ўзбекистон олий аудит институтлари иштирокида юқори даражадаги форум ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раиси биринчи ўринбосари М. Абдуллаев бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этмоқда.


Форумнинг очилиш маросимида Латвия Республикаси ташқи ишлар вазири Байба Браже сўзга чиқиб, Европа хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлашда кучли ва самарали бошқарувга эга давлатларнинг муҳим ўрин тутишини таъкидлади.


Қайд этилганидек, давлат молиявий назорати ва ташқи аудит институтларини ривожлантириш, уларнинг салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда халқаро стандартларни жорий этиш самарали давлат бошқарувининг муҳим шартларидан биридир. Мазкур йўналишдаги ҳамкорлик давлат институтларига бўлган жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш, давлат маблағларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, инвестициявий муҳитни яхшилаш ва иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.


Форумда Латвия томонининг Украина, Молдова, Арманистон ва Ўзбекистон билан давлат аудити соҳасидаги узоқ муддатли ҳамкорлиги алоҳида қайд этилди. Жумладан, Латвия тажрибаси асосида давлат бошқаруви, Европа интеграцияси жараёнлари ҳамда халқаро стандартларни амалиётга татбиқ этиш борасидаги тажрибаларни ҳамкор давлатлар билан алмашиш муҳимлиги таъкидланди.


Тадбирда Украина ва Молдованинг Европа Иттифоқига интеграциялашуви жараёнида давлат молиявий бошқаруви ва ташқи аудит тизимларини такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди. Шунингдек, ислоҳотларнинг изчил давом эттирилиши, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда давлат молиясини бошқариш самарадорлигини ошириш ушбу жараёнларнинг муҳим йўналишлари сифатида кўрсатиб ўтилди.


Ўзбекистон билан ҳамкорлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантиришда Ўзбекистоннинг минтақавий барқарорлик, транспорт ва савдо алоқаларини кенгайтиришдаги аҳамияти таъкидланди. Ўзбекистонда амалга оширилаётган давлат бошқаруви, самарадорлик ва шаффофликни оширишга қаратилган ислоҳотлар юқори баҳоланди.


Маълумот ўрнида, Латвия Давлат аудит идораси томонидан 2016 йилдан буён Европа Иттифоқининг Шарқий ҳамкорлик мамлакатлари ва Ўзбекистон олий аудит институтлари салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган ривожланиш ҳамкорлиги лойиҳаси амалга ошириб келинмоқда.


Мазкур лойиҳа доирасидаги ҳамкорлик дастлаб ISSAI халқаро стандартларини қўллаш бўйича алоҳида ўқув тадбирларидан бошланган бўлса, бугунги кунда узоқ муддатли институционал ҳамкорлик даражасига кўтарилган.


Ўзбекистон ва Латвия олий аудит институтлари ўртасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда изчил ривожланиб, 2026–2028 йилларга мўлжалланган амалий чора-тадбирлар режасини ҳам қамраб олган.


Мазкур ҳамкорлик доирасида давлат аудити методологиясини такомиллаштириш, халқаро стандартларни жорий этиш, аудиторлар малакасини ошириш ҳамда илғор тажриба алмашиш бўйича қатор йўналишларда ишлар олиб борилмоқда.


Форум доирасида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси делегациясининг Латвия давлат органлари, Давлат аудит идораси ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар билан қатор учрашувлари ҳам ўтказилмоқда.


Ушбу учрашувларда икки мамлакат олий аудит институтлари ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, халқаро аудит стандартларини жорий этиш, давлат молиявий бошқаруви самарадорлигини ошириш ҳамда тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинмоқда.


Форум ва учрашувлар Ўзбекистон ва Латвия ўртасида давлат аудити соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, замонавий аудит ёндашувларини ривожлантириш ва халқаро илғор тажрибаларни миллий амалиётга татбиқ этиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилмоқда.


img