Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

07.07.2026

Ҳисоб палатаси вакиллари INTOSAI давлат харидлари аудити бўйича ишчи гуруҳнинг йиғилишида иштирок этди

2026 йил 1–2 июль кунлари Озарбайжон Республикасининг Боку шаҳрида Давлат харидлари аудити бўйича INTOSAI ишчи гуруҳининг 5-йиллик йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбир Озарбайжон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан Россия Федерацияси Ҳисоб палатаси (ишчи гуруҳ котибияти) кўмагида ташкил этилди.


Йиғилишда Озарбайжон, Беларус, Хитой, Малайзия, Россия, Туркия, Покистон, Ҳиндистон, Сербия ва Ўзбекистон Олий аудит органлари вакиллари, шунингдек, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, Жаҳон банки ҳамда Озарбайжон Республикаси Монополияга қарши курашиш ва истеъмол бозорини назорат қилиш давлат агентлиги экспертлари иштирок этди.


Тадбир дастуридан «Давлат харидлари аудити: Олий аудит органлари тажрибаси» мавзусидаги пленар сессия, «Оммавий харидлар соҳасидаги замонавий тенденциялар» мавзусидаги экспертлар панели ҳамда ишчи гуруҳ фаолияти натижалари ва келгуси режаларга бағишланган техник сессия ўрин олди.


Йиғилиш давомида иштирокчилар давлат харидлари аудити соҳасидаги илғор тажрибалар ва замонавий ёндашувлар юзасидан фикр алмашдилар.


Хусусан, давлат харидлари жараёнларини рақамлаштириш ва мониторинг қилиш, ахборот-таҳлилий тизимлар орқали назоратни кучайтириш, агрегатлаштирилган маълумотлар асосида рискка йўналтирилган назоратни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.


Шунингдек, сунъий интеллект ва маълумотлар таҳлили технологияларидан фойдаланган ҳолда манфаатлар тўқнашуви, ўзаро боғлиқлик ҳолатлари, харидларни сунъий равишда бўлиш, келишилган ҳаракатлар ва бошқа хавф омилларини аниқлаш бўйича Хитой, Россия ва Озарбайжон Олий аудит органлари тажрибаси тақдим этилди.


Тадбир иштирокчилари давлат харидлари соҳасида рискларни баҳолаш ва таснифлашнинг замонавий усуллари, аудитни режалаштиришда рискка асосланган ёндашувларни қўллаш ҳамда давлат маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини баҳолаш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.


Йиғилиш доирасида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси делегацияси Озарбайжон Республикаси Ҳисоб палатасига ташриф буюриб, унинг амалий фаолияти билан яқиндан танишди.


Ташриф давомида ички ресурсларни бошқаришнинг электрон тизимлари, Давлат аудитининг ахборот тизими ҳамда аудиторлик фаолиятини бошқариш платформаси имкониятлари ўрганилди.


Бу эса давлат аудити жараёнларини рақамлаштириш, маълумотларни таҳлил қилиш ва замонавий технологияларни жорий этиш соҳасидаги илғор тажрибалар билан танишиш имконини берди.


Тадбирда иштирок этиш натижасида Ҳисоб палатаси фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича бир қатор устувор йўналишлар белгилаб олинди. Жумладан, давлат харидлари ва бошқа давлат ахборот ресурсларидаги маълумотлар асосида хавф ва ноодатий ҳолатларни автоматик аниқлаш учун сунъий интеллект технологияларини босқичма-босқич жорий этиш, давлат харидлари аудитини режалаштиришда рискка йўналтирилган моделларни қўллаш, аудит объектларини автоматлаштирилган тарзда профиллаштириш ҳамда давлат харидлари самарадорлигини баҳолашнинг методологик асосларини такомиллаштириш масалалари шулар жумласидандир.


Шу билан бирга, халқаро ташкилотлар ва ишчи гуруҳлар доирасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, давлат аудити соҳасида рақамли технологиялар ва маълумотлар таҳлили бўйича илғор тажрибаларни ўрганиш ҳамда мутахассислар малакасини ошириш ишларини янада фаоллаштириш муҳим вазифалардан бири сифатида қайд этилди.


Мазкур халқаро тадбирда иштирок этиш Ҳисоб палатаси мутахассисларига давлат аудитини рақамлаштириш, сунъий интеллектдан фойдаланиш, рискка асосланган аудитни ташкил этиш ва маълумотларни таҳлил қилиш соҳасидаги замонавий халқаро тажрибаларни ўрганиш, шунингдек, хорижий олий аудит органлари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш имконини берди.


img-0
img-1