Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

23.05.2026

Озарбайжон Ҳисоб палатаси вакили Тошкентдаги халқаро конференция ва икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини юқори баҳолади

Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган “Аудит жараёнларини рақамлаштириш ва катта ҳажмли (Big Data) маълумотларни сунъий интеллект орқали таҳлил қилиш” мавзусидаги халқаро конференция доирасида хорижий экспертлар томонидан Ўзбекистондаги ислоҳотларга юксак баҳо берилмоқда.

Жумладан, тадбирда иштирок этган Озарбайжон Республикаси Ҳисоб палатаси вакили Васиф Расулов икки давлат олий аудит органлари (ОАО) ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди:


«Ўзбекистон мен учун қадим тарих, бой маданият ва жадал ислоҳотлар мамлакатидир. Сўнгги йилларда бу ерда олиб борилаётган иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришлар, айниқса, давлат бошқарувида шаффофлик ва ҳисобдорликни кучайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар алоҳида эътирофга лойиқ. Тошкентнинг замонавий инфратузилмаси ва халқаро тадбирларни ташкил этиш даражаси мамлакатдаги тезкор янгиланишлар суръатидан далолат беради.


Озарбайжон ва Ўзбекистон Ҳисоб палаталари ўртасидаги муносабатлар дўстона ва ўзаро манфаатли асосда изчил ривожланмоқда. Яқиндагина идораларимиз ўртасида имзоланган ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандум ҳам бунинг ёрқин далилидир.


Натижада биз тажриба алмашиш, қўшма тренинглар ўтказиш ҳамда аудитнинг замонавий усулларини — хусусан, рақамлаштириш ва Big Data технологияларини амалиётга жорий этиш борасида яқиндан ҳамкорлик қилиб келяпмиз. Менинг фикримча, олий аудит органлари ўртасидаги алоқалар нафақат икки томонлама, балки халқаро миқёсда ҳам давлат молиясини самарали бошқаришнинг муҳим омили ҳисобланади.


Мазкур конференция жуда юқори савияда ташкил этилган бўлиб, унда кўтарилган мавзу — сунъий интеллект ёрдамида катта маълумотларни таҳлил қилиш — бугунги кунда барчамиз учун энг устувор йўналишлардан биридир. Тадбирдаги маърузалар, амалий мисоллар ва соҳа мутахассислари билан ўзаро фикр алмашиш жараёнлари келгуси фаолиятимизда қўллаш мумкин бўлган кўплаб янги ғояларни берди. Озарбайжон Ҳисоб палатаси келгусида ҳам бу каби илғор тадбирларда фаол иштирок этишдан мамнун бўлади» - дейди ўз фикрини билдириб Озарбайжонлик аудитор.


Шу билан бирга, Васиф Расуловнинг таъкидлашича, Тошкент халқаро конференцияси рақамли аудит соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ва шериклик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.


img