Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

15.05.2026

Ҳисоб палатаси ИНТОСАИнинг Қазиб олувчи саноат тармоқлари аудити бўйича ишчи гуруҳига аъзо бўлди

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ИНТОСАИнинг Қазиб олувчи саноат тармоқлари аудити бўйича ишчи гуруҳига (Working Group on Extractive Industries – WGEI) расман қабул қилинди.

Мазкур қарор Уганда Республикаси Бош аудитори ҳамда Қазиб олувчи саноат тармоқлари аудити бўйича ИНТОСАИ ишчи гуруҳи раиси Эдвард Акол томонидан юборилган расмий мактубда маълум қилинди.


Ишчи гуруҳ томонидан Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг қазиб олувчи саноат соҳасида аудитни ривожлантириш, соҳадаги салоҳиятни ошириш ва халқаро тажрибани жорий этишга қаратилган ташаббуслари юқори баҳоланган.


Маълумот учун: ИНТОСАИнинг Қазиб олувчи саноат тармоқлари аудити бўйича ишчи гуруҳи қазиб олувчи саноат соҳасида аудит самарадорлигини ошириш, халқаро стандарт ва илғор амалиётларни жорий этиш, соҳадаги долзарб муаммолар бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган нуфузли платформалардан бири ҳисобланади.


Ишчи гуруҳ 2013 йилнинг октябр ойида Хитойнинг Пекин шаҳрида бўлиб ўтган Олий аудит органлар халқаро ташкилотининг (ИНCОСАИ) 21-Конгрессида ташкил этилган.


Ишчи гуруҳ глобал эҳтиёжларга жавобан, секторнинг техник мураккаблиги, салоҳиятни ошириш зарурати, ихтисослашган ходимларни шакллантириш ва Олий аудит органларининг қазиб олувчи саноатни аудит қилишда аниқлаган тадқиқот натижаларига асосланиб ташкил этилган.


Тузилманинг фаолият доираси нефт, газ ва қаттиқ минералларни қамраб олади.


Ундаги Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг иштироки ҳар икки томон учун ҳам манфаатли бўлиши қайд этилди. Аъзолик Ҳисоб палатасига қазиб олувчи саноат соҳасидаги замонавий тенденциялар, стратегик минераллар билан боғлиқ глобал муаммоларни ўрганиш, Олий аудит органларининг ушбу жараёнлардаги ролига янгича баҳо бериш имконини беради.


img