Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

12.05.2026

Мактабгача ва мактаб таълими тизимида молиявий назоратни кучайтириш бўйича устувор вазифалар белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълим вазирлигида давлат аудити ва молиявий назорат тизимини янада такомиллаштиришга бағишланган ўқув-семинар бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир ПФ-252-сон Фармон ижросини таъминлаш, шунингдек давлат молиявий назоратини тизимли равишда кучайтиришга қаратилди.


Семинарда вазирлик раҳбарияти ҳамда тизимга кирувчи 234 та ташкилотдан 306 нафардан ортиқ масъул раҳбар ва мутахассислар, жумладан бош ҳисобчилар, ички аудит ва комплаенс хизматлари вакиллари иштирок этди.


Тадбир давомида Ҳисоб палатасининг вазирликдаги вакили — Бош инспектор Д.Норматов томонидан кун тартибидаги масалалар, жумладан, Президент фармонининг мазмун-моҳияти, соҳада жорий этилаётган янги ёндашувлар ҳамда давлат аудити тизимининг устувор йўналишлари юзасидан батафсил маълумотлар берилди.


Таъкидланганидек, 2026 йил 1 апрелдан эътиборан давлат органларида Ҳисоб палатаси вакили — бош инспектор институти жорий этилган бўлиб, ушбу тизим молиявий назоратнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.


Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасининг «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълим вазирлигига ажратиладиган бюджет маблағлари жами 63,7 трлн сўмни ташкил этиб, шундан 54 трлн сўми (84,8 фоиз) иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ҳамда ижтимоий солиққа, 500 млрд сўми (0,8 фоиз) капитал қўйилмаларга, шунингдек 9,2 трлн сўми (14,4 фоиз) давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим ташкилотларига субсидиялар, дарсликлар, компьютер ва интерактив доска, спорт инвентари ҳамда бошқа харажатларга йўналтирилиши режалаштирилган.


Шунингдек, замонавий рақамли технологиялар ва доимий мониторинг тизимлари орқали ҳар бир бюджет маблағи устидан кучайтирилган назорат ўрнатилаётгани таъкидланди. Бу эса мактабгача ва мактаб таълими тизимида такрор содир этилаётган молиявий қонунбузилишларни барвақт аниқлаш, уларнинг олдини олиш ҳамда маблағларнинг манзилли ва самарали сарфланишини таъминлашга хизмат қилади.


Тадбир якунида иштирокчиларга молиявий интизомни мустаҳкамлаш, қонунбузилишларнинг олдини олиш ҳамда назорат самарадорлигини янада ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

img