Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

08.05.2026

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида давлат молиявий назоратини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида давлат аудити ва молиявий назорат тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган ўқув семинари ташкил этилди.

Мазкур тадбир ПФ-252-сон Фармон ижросини таъминлаш доирасида ўтказилиб, унда назоратнинг янги — “аниқлаш эмас, олдини олиш” тамойилига асосланган ёндашувга ўтиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу ёндашув молиявий қоидабузарликларнинг оқибатларини бартараф этишдан кўра, уларнинг келиб чиқиш омилларини барвақт аниқлаш ва олдини олишни назарда тутади.


Тадбирда вазир ўринбосари, вазирлик ва унинг тизимига кирувчи 5 та ташкилотдан 25 нафардан ортиқ масъул раҳбар ва мутахассислар, жумладан молия бўлимлари раҳбарлари, бош ҳисобчилар, давлат харидлари, комплаенс ва ички аудит хизматлари вакиллари иштирок этди.


Семинар давомида Ҳисоб палатасининг вазирликдаги вакили Н. Сагиндиков томонидан кун тартибидаги масалалар, жумладан Президент фармонининг мазмун-моҳияти, молиявий хавфларни барвақт аниқлаш, бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш ҳамда давлат харидларида коррупциявий омилларни камайтириш юзасидан амалий тавсиялар берилди.


Қайд этилганидек, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб давлат органларида Ҳисоб палатаси вакили — бош инспектор институти жорий этилган бўлиб, бу молиявий назоратни янада кучайтириш ва унинг самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.


Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикасининг “2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига ажратиладиган бюджет маблағлари жами 1 621,6 млрд сўмни ташкил этиб, шундан 106,0 млрд сўми (6,5 фоиз) вазирлик марказий аппарати харажатларига, 5,4 млрд сўми (0,3 фоиз) Хорижий инвестициялар агентлигига, 25,9 млрд сўми (1,6 фоиз) ваколатхоналар фаолиятига, 5,3 млрд сўми (0,3 фоиз) аъзолик бадаллари ва халқаро ташкилотлар акцияларига, 23,1 млрд сўми (1,4 фоиз) хорижий делегациялар харажатларига, 450,0 млрд сўми (27,8 фоиз) савдога кўмаклашиш жамғармасини шакллантиришга ҳамда 1 005,9 млрд сўми (62,1 фоиз) бошқа йўналишларга сарфланиши режалаштирилган.


Шунингдек, семинарда бош инспекторлар институти, рақамли назорат ва доимий мониторинг механизмларини жорий этиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.


Таъкидланганидек, мазкур механизмлар ҳар бир бюджет маблағининг сарфланиши устидан самарали назоратни таъминлаш, давлат ресурсларидан фойдаланишда шаффофлик ва манзиллиликни оширишга хизмат қилади.


Тадбир якунида иштирокчиларга молиявий интизомни мустаҳкамлаш, қонунбузилишларнинг олдини олиш ҳамда назорат самарадорлигини янада ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.


img