Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

23.02.2026

Давлат бюджети маблағларининг самарали сарфланиши устидан назорат ўрнатишга оид семинар

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамкорлигида “Давлат бюджети маблағлари самарали ва мақсадли сарфланиши устидан таъсирчан назорат ўрнатиш ҳамда молиявий ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва камайтириш” мавзусида семинар ташкил этилди.

Семинарда қатор вазирлик ва идоралар вакиллари, университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирок этди.


Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – Ўзбекистода давлат молиявий назорати тизимидаги ислоҳотларни муҳокама қилиш, уларнинг натижадорлигини сарҳисоб қилиш ва истиқболли йўналишларни белгилаш.


Семинарда Ҳисоб палатаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда ички аудит хизматлари томонидан ўтказилган аудит тадбирларининг натижалари муҳокама қилинди. 


Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари А. Аллаберганов 2025 йилнинг 18 декабрида Давлатимиз Раҳбари томонидан қабул қилинган “Давлат аудити ва молиявий назорати фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-252-сон Фармонининг мазмунига эътибор қаратди.


Мазкур Фармонда бюджет маблағлари самарадорлиги ва ислоҳотларнинг натижадорлигини ошириш, бюджет харажатлари назоратини янада кучайтириш ҳамда давлат аудити ва молиявий назоратида илғор хорижий тажрибаларни қўллаш бўйича барча зарур чоралар белгилангани айтилди.


Хусусан, сўнгги йилларда Ҳисоб палатасининг фаолияти тубдан ислоҳ қилинди. Ҳисоб палатаси илгариги “вазифам камчилик аниқлаш” деб ҳисобловчи органдан “ташкилотда нима хато кетяпти, нимани яхшиласа бўлади” деган кўз билан қарайдиган, халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий профессионал Олий аудит органига айлантирилмоқда.


Яъни, бугунги кунда эътибор фақат бюджет маблағларининг қонуний сарфланишига эмас, балки уларнинг ижтимоий-иқтисодий самарасига ҳам қаратилмоқда.


Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари А. Хайдаров давлат маблағларини тежамли, тўғри ва самарали ишлатилишини ташкил этиш ва назорат қилишда аудит хизматларининг ўрнини алоҳида таъкидлади. 


Шу сабабли, аудит хизматлари ходимлари ўз касбий ривожланиши устида узлуксиз ишлаши, аудит ва молиявий назорат борасидаги замонавий ёндашув ва рақамли технологияларни ўрганишига урғу берилди.


Семинарда, шунингдек, маърузачилар томонидан бюджет маблағларидан фойдаланиш билан боғлиқ мақсадли индикаторлар ижроси, маблағларни масофавий назорат қилиш мавзуларида тематик тақдимотлар қилинди. 


Хусусан, бюджет буюртмачилари томонидан харидларни амалга оширишда қонунчилик нормаларига риоя этилиши ҳамда рақобатга асосланган давлат харидлари тизимини жорий қилиш бўйича кўрилаётган чоралар мавзусида маъруза қилинди.


Бунда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Давлат харидлари тизимида рақобат муҳити ва шаффофликни таъминлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-259-сон Фармонининг мазмун-моҳияти, бюджет буюртмачилари томонидан «таклиф сўрови» орқали харидларни амалга оширишда ички аудит хизматларининг роли иштирокчиларга батафсил тушунтирилди.


Тадбирда, шунингдек, Ҳисоб палатаси фаолиятида рақамли ҳамда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ишларига алоҳида тўхталди. Хусусан, “Масофавий аудит” автоматлаштирилган ахборот тизими қисқа вақт ичида давлат молиявий назорати тизимининг энг муҳим инфратузилмаларидан бирига айлангани айтилди.


Ушбу тизимнинг 2025 йил якунида қамрови икки бараварга оширилиб, 75 та вазирлик, идора ва банкларнинг 259 та ахборот базаси билан интеграция қилинди. 


Ҳисоб палатаси томонидан риск-таҳлларни масофавий тизим орқали постмониторинг эмас, балки премониторинг (ҳолатларни олдини олиш) мақсадида амалга оширилмоқда. 


Натижада, бюджет харажатлари ва бошқа маълумотлардан реал вақт режимида фойдаланган ҳолда комплекс таҳлиллар амалга оширилиб, 2025 йилда 6,2 трлн сўмлик қонунбузилишлар бартараф этилди.



Тошкент давлат иқтисодиёт университети проректори С. Мехмонов ушбу маскан қошида 2026/2027 ўқув йилдан Давлат аудити олий мактаби ташкил этилишини таъкидлади. Олий мактабда давлат аудити таълим йўналишида нуфузли хорижий таълим ташкилотларининг тажрибаси асосида ўқитиш йўлга қўйилади. Унинг фаолиятини сифатли йўлга қўйиш учун Ҳисоб палатаси, университет ва вазирлик томонидан биргаликда чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.


Бўлиб ўтган семинар нафақат соҳа мутахассислари, балки етакчи олимлар, амалиётчилар ва иқтисодиётнинг реал сектори вакилларини бир майдонда жамлаган платформага айланди. 


Семинарда Иқтисодиёт ва молия, Адлия, Қишлоқ хўжалиги вазирликлари аудит хизматлари вакиллари, Университет профессорлари томонидан соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича фаол тарзда фикр-мулоҳаза ва тажрибалар алмашилиб, иштирокчиларга тегишли хулосалар берилди. 


Давлат молиявий назоратини модернизация қилишга қаратилган қатор долзарб мавзулар интерактив усулда муҳокама қилинди. 


img-0
img-1img-2