Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

05.05.2026

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасида давлат молиявий назоратини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ташаббуси билан Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасида давлат аудити ва молиявий назорат тизимини янада такомиллаштиришга бағишланган ўқув-семинар бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир ПФ-252-сон Фармон ижросини таъминлаш, шунингдек давлат молиявий назоратини тизимли равишда кучайтиришга қаратилди.


Тадбирда вазирликнинг раҳбар ходимлари, шунингдек вазирлик тизимига кирувчи 81 та ташкилотдан 167 нафардан ортиқ масъул раҳбарлар, бош ҳисобчилар, молия-иқтисод ҳамда харидлар, ички аудит ва комплаенс хизматлари вакиллари иштирок этди.


Тадбир давомида Ҳисоб палатасининг Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси этиб тайинланган — бош инспектор Ш. Усаров томонидан кун тартибидаги масалалар, хусусан, Президент фармонининг мазмун-моҳияти, соҳада жорий этилаётган янги механизмлар ҳамда давлат аудити тизимидаги устувор йўналишлар юзасидан батафсил маълумотлар берилди.


Қайд этилганидек, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб давлат органларида Ҳисоб палатаси вакили — бош инспектор институти жорий этилган бўлиб, бу молиявий назоратни янада кучайтириш ва унинг самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.


Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасининг «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасига ажратиладиган бюджет маблағлари жами 908,6 млрд сўмни ташкил этиб, шундан қўмитанинг жорий харажатларига 296,2 млрд сўм (32,5 фоиз), объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмаларга 64,4 млрд сўм (7,1 фоиз), Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармасига трансфертлар ва бошқа харажатлар учун 548 млрд сўм (60,3 фоиз) йўналтирилиши режалаштирилган.


Семинар давомида бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш, молиявий интизомни мустаҳкамлаш ва ички назорат тизимларини самарали ташкил этиш бўйича амалий тавсиялар берилди. Шунингдек, давлат харидларида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ҳамда коррупциявий хавфларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш механизмлари атрофлича муҳокама қилинди.


Семинар якунида иштирокчиларга молиявий интизомни кучайтириш, қонунбузилишларнинг олдини олиш ҳамда назорат самарадорлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.


img-0
img-1