24.09.2026
Ҳисоб палатаси “Рақамли давлат аудити бўйича энг яхши ташкилот” деб топилди
Тошкент шаҳрида 22–25 сентябрь кунлари ўтказилаётган ICTWEEK Uzbekistan 2026 ҳафталиги доирасида рақамли технологияларни давлат бошқаруви ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларга жорий этишда фаоллик кўрсатган ташкилотларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

24 сентябрь куни “Рақамли давлат: ягона ёндашув, замонавий бошқарув ва фуқаролар учун янги имкониятлар” мавзусидаги форум ўз ишини якунлади.
Тадбирда 200 нафардан ортиқ соҳа мутахассислари ва экспертлар иштирок этди.
Тадбир доирасида давлат органлари ва ташкилотларининг рақамлаштириш соҳасидаги фаолияти таҳлил қилиниб, энг илғор натижаларга эришган ташкилотлар 17 та асосий номинация бўйича тақдирланди.
Мазкур жараёнда 44 та вазирлик ва идоралар фаолияти қамраб олинди. Уларнинг рақамли хизматларни жорий этиш, ахборот тизимларини интеграция қилиш, бошқарув жараёнларини рақамлаштириш, замонавий технологиялар ва сунъий интеллект ечимларидан фойдаланиш борасидаги натижалари ўрганилди.
Тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси “Рақамли давлат аудити бўйича энг яхши ташкилот” номинацияси ғолиби деб топилди.
Ушбу номинация Ҳисоб палатасида давлат молиявий назоратини рақамлаштириш, аудит жараёнларида замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш, катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш, хавфларни олдиндан аниқлаш ҳамда масофавий аудит механизмларини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишларга берилган эътироф бўлди.
Айни пайтда Ҳисоб палатаси томонидан назорат-аналитик жараёнларни автоматлаштириш ва рақамли аудит инструментларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бюджет маблағларидан фойдаланиш билан боғлиқ маълумотларни турли ахборот тизимларидан олиш ва ўзаро интеграциялаш, хавфларни баҳолаш, бюджет интизоми ҳолатини таҳлил қилиш ҳамда масофадан туриб аудит тадбирларини амалга ошириш имкониятлари кенгайтирилмоқда.
Жумладан, рақамли аудит ёндашувлари асосида назорат тадбирларини ўтказишда инсон омилини камайтириш, мавжуд маълумотлардан самарали фойдаланиш ва эҳтимолий молиявий хатарларни улар юзага келишидан олдин аниқлаш имкониятлари яратилмоқда.
ICTWEEK Uzbekistan 2026 доирасида ташкилотлар фаолияти “Назорат, аудит ва қонунчилик”, “Ижтимоий соҳа ва давлат хизматлари”, “Саноат, тармоқлар ва инфратузилма”, “Ҳудудий бошқарув ва хизмат кўрсатиш” каби стратегик йўналишлар бўйича кўриб чиқилди.
Хусусан, назорат, аудит ва қонунчилик йўналишида Ҳисоб палатасидан ташқари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Бош прокуратура ҳамда Олий суднинг рақамлаштириш соҳасидаги натижалари ҳам эътироф этилди.
Шунингдек, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Адлия вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, Олий таълим, фан ва инновациялар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Мудофаа, Транспорт, Тоғ-кон саноати ва геология вазирликлари, Солиқ ва Божхона қўмиталари ҳамда бошқа ташкилотлар турли номинациялар бўйича тақдирланди.
Тақдирланганлар орасида “Электрон иштирокни ривожлантириш бўйича энг фаол ташкилот”, “Назорат жараёнларини рақамлаштириш бўйича энг яхши ташкилот”, “Энг кўп проактив рақамли хизматлар кўрсатувчи ташкилот”, “Сунъий интеллект ечимларини жорий этиш бўйича илғор ташкилот”, “Энг яхши рақамли геомаълумотлар ечимини жорий этган ташкилот”, “Энг яхши ақлли транспорт экотизимини яратган ташкилот” каби номинациялар ҳам ўрин олди.
Форум доирасида рақамли трансформациянинг жорий ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилиниб, келгусида давлат бошқарувида рақамли технологиялардан янада самарали фойдаланиш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.
Ғолибларни тақдирлаш маросимида Рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари А. Султонов иштирок этиб, номинациялар бўйича ғолибларга мукофотларни топширди.
Ҳисоб палатасининг «Рақамли давлат аудити бўйича энг яхши ташкилот» номинациясида ғолиб деб топилиши давлат молиявий назоратини рақамли трансформация қилиш, аудит жараёнларига илғор технологияларни жорий этиш ва замонавий аудит ёндашувларини амалиётга татбиқ этиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилаётганини кўрсатади.
Ҳисоб палатаси томонидан рақамли аудит имкониятларини янада кенгайтириш, маълумотларга асосланган аудит ёндашувларини ривожлантириш ва замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда давлат молиявий назорати самарадорлигини ошириш бўйича ишлар давом эттирилади.
Бошқа янгиликлар
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_550c54469e351ab22bfbb2c9.jpg)
Авиация бозорида устун мавқега эга бўлган авиакомпаниялар фаолияти аудити
1360
06.04.2026
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_36b54f2b28999610ababf55d.jpg)
Бюджет интизомини таъминлашда давлат молиявий назорати органларининг фаолиятини мувофиқлаштириш масалаларининг муҳокамаси
3049
20.11.2025
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_5f9b7e07a9ac334169379d09.jpg)
Давлат аудити соҳасида янги таълим имкониятлари яратилмоқда
795
07.06.2026
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_23bd2c310afec0c1be6c4b8f.jpg)
Cиёсий партияларнинг 2025 йилдаги молиявий ҳисоблари аудити
1284
15.04.2026
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_95b7cea0d789a91bdb82a472.jpg)
Ҳисоб палатаси KPMG Академияси билан Меморандум имзолади
2354
09.02.2025