Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

04.05.2026

Соғлиқни сақлаш соҳасида халқаро лойиҳалар самарадорлиги муаммолари

Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш ва аҳолига тиббий хизматлар сифатини ошириш мақсадида халқаро молия институтлари иштирокида қатор йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ҳисоб палатаси томонидан ўтказилган 2025 йилнинг июнь ойида ўтказилган масофавий аудит натижасида ушбу жараёнларда қатор жиддий муаммолар мавжудлиги қайд этилди.


Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббускорлигида қиймати 1 млрд АҚШ долларидан ортиқ бўлган 15 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Лойиҳаларни аксарият қисми амалга оширилиши 2020-2024 йилларда бошланган бўлсада, 2025 йил 1 апрель ҳолатига қарз маблағларининг атиги 28,5 фоизи ўзлаштирилган.


Яъни, маблағларни 71,5 фоизини аудит ўтказилган даврга қадар ўзлаштирилмаганлиги, шундан 5 та лойиҳа бўйича маблағларни ўзлаштириш умуман бошланмагани жиддий хавотир уйғотади.


Мисол учун, 2021 йилда Корея Эксимбанки билан имзоланган битим бўйича “Миллий онкология марказини барпо этиш” лойиҳаси (125 млн долл) доирасида маблағларни ўзлаштириш бошланмаган.


Шунингдек, айрим лойиҳаларда ўзлаштириш суръати ниҳоятда паст, яъни 2021–2022 йилларда имзоланган битимлар доирасида маблағларнинг атиги 2,5 фоизи ишлатилган.


Ўтказилган аудит таҳлиллари лойиҳани амалга оширишда қатор тизимли камчилик ва муаммоларни очиб берди:


Стратегик режалаштириш етишмайди — соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш бўйича аниқ ва узоқ муддатли стратегия ишлаб чиқилмаган;


Лойиҳада жалб этилган консультантлар фаолияти самарасиз — уларнинг жавобгарлиги аниқ белгиланмаган, натижада ишлар сифатсиз бажарилмоқда;


Лойиҳаларда мувофиқлаштириш паст — инвестицияларни ўзлаштиришда тизимли ёндашув етишмайди.


Таъкидлаш жоизки, аудитда қайд этилган энг салбий ҳолатлардан бири — тиббий жиҳозлардан самарасиз фойдаланилишига йўл қўйилишидир.


2018–2024 йилларда 649 та тиббиёт муассасасига 165,2 млн долларлик 15,9 минг дона тиббий ускуна етказиб берилган. Аммо уларнинг 7,2 фоизи (1,1 минг дона) амалда фойдаланилмасдан келинган.


Бунинг асосий сабаблари:


ускуналар учун мос бинолар тайёр эмас;


жиҳозлар тўлиқ ўрнатилмаган;


техник носозликлар мавжуд;


малакали мутахассислар етишмайди;


зарур реагентлар мавжуд эмас.


Ўтказилган аудит натижаси бўйича тиббиёт соҳасида мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва лойиҳалар самарадорлигини ошириш ва учун қуйидаги чоралар таклиф этилди:


консультантлар билан шартномаларда жавобгарлик ва жарима механизмларини кучайтириш;


соғлиқни сақлаш соҳасини узоқ муддатли ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш;


фойдаланилмаётган тиббий жиҳозларни тезкор равишда ишга тушириш;


инвестицияларни ўзлаштириш жараёнида қатъий назорат ўрнатиш.


Аудит жараёнида соҳада қайд этилган муаммолар ва аниқланган камчиликлар лойиҳаларни амалга ошириш бўйича масъуллар иштирокида муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш ҳамда келгусида йўл қўйилишини олдини олиш бўйича Инвестициялар, саноат ва савдо ҳамда Соғликни сақлаш вазирликларга тегишли кўрсатмалар юборилди.


Хулоса қилинганда - Соғлиқни сақлаш соҳасига жалб этилаётган йирик  миқдордаги халқаро маблағларни самарали бошқариш, аниқ режалаштириш ва ижро масъулиятини кучайтириш орқалигина кутилган натижага эришиш мумкин.


Акс ҳолда, бу инвестициялар кутилган ижтимоий самарани бермасдан, самарасиз сарфланиш хавфи сақланиб қолади.


img