Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

30.04.2026

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги “Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳаси мувофиқлик аудитида қандай натижаларга эришилди

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, соҳани инновацион ривожлантириш ва самарадорликни ошириш мақсадида йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Шулардан бири — Жаҳон банки иштирокидаги “Ўзбекистон Республикасида қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳасидир.

Ушбу лойиҳа 659,3 млн АҚШ доллари қийматига эга бўлиб, амалга оширилиши 2020–2026 йилларга мўлжалланган. 2026 йил бошига келиб, кредит маблағларининг 75 фоизи ўзлаштирилган.


 Молиялаштириш манбалари сифатида Жаҳон банки кредити, ташаббускорлар улуши ва давлат улуши шаклидаги маблағлар ҳисобланади.


Лойиҳа доирасида қатор муҳим ишлар амалга оширилган, жумладан:


илмий-тадқиқот институтларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди;


фермер хўжаликлари ва агрокластерларга имтиёзли кредитлар ажратилди;


қишлоқ хўжалиги техникалари лизинг асосида кенг жорий этилди;


замонавий рақамли технологиялар, жумладан дронлар орқали мониторинг тизимлари жорий қилинди.


Ўз навбатида, бу ишлар соҳада инновацион ёндашувларни шакллантириш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият эга бўлмоқда.


Аудит жараёнида, лойиҳани амалга ошириш жараёнида қатор жиддий камчиликлар ҳам мавжудлиги қайд этилди:


1. Тижорат банкларига ажратилган маблағларнинг бир қисмидан фойдаланилмасдан қолинган бўлса, айрим ҳолларда эса кредит маблағлари мақсадсиз сарфланган.


2. Режалаштирилган 4 589 та иш ўринларининг қарийб ярми амалда яратилмаган. 136 та лойиҳалар тўлиқ ишга тушмаган ва 13 та лойиҳалар тўхтаб қолган.


3. Лизинг асосида техника олган 527 нафар фермерда катта миқдорда муддати ўтган қарздорлик юзага келган. Бу уларнинг молиявий барқарорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.


4. Айрим объектларда буюртмачи томонидан қурилиш ишларини лойиҳада белгиланган ускуналарга мувофиқ амалга оширилмаганлиги ва кечиктирилганлиги натижасида, лойиҳани ўз вақтида ишга тушириш имкониятлари кечиктирилмоқда.


Мисол учун, Тошкент вилояти Бўка туманидаги Уруғчилик марказига 2024 йилда етказиб берилган 1,2 млн долларлик ускуналар қурилиш ишлари якунланмагани сабабли ўрнатилмасдан, қаровсиз ҳолатда ташлаб қуйилган. Бунда, реконструкция қилинган бино ўлчамлари харид қилинган ускуналар ўлчамларига мос келмаган.


5. Лойиҳа ижросида 9 та ортиқча штатлар жорий қилинган ва натижада асоссиз харажатлар қилиниши ҳолатларига йўл қўйилган.


6. Агромаслаҳат консалтинг хизматлари учун тўланган маблағлар ўзини оқламаган ва шартномалар тўлиқ бажарилмаган.


Аудит натижаларига кўра, қайд этилган муаммоларни бартараф этиш ва лойиҳа самарадорлигини ошириш мақсадида бир қатор амалий чора-тадбирлар таклиф этилди. Хусусан:


Камчиликларга йўл қўйган хар бир бўғиндаги масъулларга нисбатан қатъий чоралар кўриш;


Фермер хўжаликларини молиявий соғломлаштириш ва қарздорликларни бартараф этиш бўйича аниқ чоралар ишлаб чиқиш;


Лаборатория ва техникалардан самарали фойдаланишни таъминлаш;


Илмий ишланмаларни амалиётга жорий қилиш ва тижоратлаштириш;


Лойиҳа мониторингини рақамли тизимлар орқали янада кучайтириш.


Аудит жараёнида соҳада қайд этилган муаммолар ва аниқланган камчиликлар ташкилотлар масъуллари иштирокида муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш ҳамда келгусида йўл қўйилишини олдини олиш бўйича чора тадбирлар ишлаб чиқиш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва “Ўзагролизинг” АЖларга тегишли кўрсатмалар юборилди.


Хулоса қилинганда - Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш лойиҳаси мамлакат аграр соҳасини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. У муайян ижобий натижаларни берган бўлса-да, аниқланган камчиликлар унинг тўлиқ самарали фаолиятига тўсқинлик қилмоқда.


Энг асосий вазифа — ажратилган маблағлардан оқилона фойдаланиш, бошқарувни такомиллаштириш ва илмий-амалий ёндашувни янада кучайтириш бўлиб, натижада мазкур лойиҳа қишлоқ хўжалигида барқарор ўсиш ва юқори натижаларни таъминлайди.

img