Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

18.12.2025

Ҳисоб палатасининг фаолияти янги сифат босқичига чиқмоқда

Сўнгги 2 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси фундаментал трансформация жараёнларини босиб ўтмоқда. Ўтган даврда Ҳисоб палатасининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган Давлатимиз Раҳбарининг 3 та Фармони қабул қилинди.

2025 йилнинг 18 декабрида янги ҳужжат – “Давлат аудити ва молиявий назорати фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ-252-сон) қабул қилинди.


Фармонни қабул қилишдан кўзланган мақсад – мамлакатимизни ислоҳ қилиш учун йўналтирилаётган бюджет маблағларининг самарадорлиги, ислоҳотларнинг натижадорлиги, давлат органлари ва ташкилотларнинг харажатлар самарадорлигини янада ошириш, рақамлаштиришни кенгайтириш, малакали кадрлар тайёрлаш.


Фармон билан бюджет маблағлари устидан тизимли назорат ўрнатиш бўйича қуйидаги тартиб назарда тутилмоқда:


Хитой, Франция, Бразилия, Россия, Польша каби давлатлар тажрибаси асосида бюджетдан йирик маблағ олувчи давлат органлари ва ташкилотларида эксперимент тариқасида Ҳисоб палатасининг вакили сифатида “Бош инспектор” лавозими жорий этилмоқда.


Бу лавозим 23 та давлат органида ва 14 та ҳокимликда уларнинг 1 тадан бошқарув штат бирлигини қисқартириш ҳисобига 2026 йил 1 апрелдан 2030 йил 1 январга қадар ташкил этилади.


Бош инспекторнинг асосий устувор вазифалари: бюджет қонунчилиги бузилишини барвақт олдини олиш; мақсадли индикаторлар ижроси бўйича хавфларни баҳолаш; ташқи қарз ҳисобидаги лойиҳалар мониторинги; давлат харидлари қонунчилигига риоя этилиши устидан назорат ўрнатиш.


Ҳисоб палатасида Сунъий интеллект ва рақамли трансформация қилиш гуруҳи ташкил этилади. 


Ушбу гуруҳнинг вазифаси – рақамли ва сунъий интеллект технологияларини қўллаш, катта ҳажмли маълумотлар (Big Data)ни қайта ишлаш орқали бюджет маблағларинин тизимли мониторинг қилиш, ушбу жараёнларни рақамлаштириш.


Гуруҳ таркиби рақамли ва сунъий интеллект технологияларини қўллаш, дастурий таъминотларни яратиш бўйича етук ва малакали мутахассислар билан тўлдирилади.

Халқаро миқёсдаги аудит жараёнида иштирок этиш имкониятини кенгайтиришда Ҳисоб палатасига қуйидаги аудитни ўтказишга рухсат этилмоқда:


- халқаро молия институтлари ҳамда хорижий ҳукумат молия ташкилотлари мурожаатлари, ташаббуслари ва техник топшириқлари асосида уларнинг маблағлари ҳисобидан мамлакатимизда амалга оширилаётган лойиҳаларнинг молиявий аудити;


- халқаро ташкилотларнинг танловларида иштирок этиш ёки ўзаро келишувлар орқали уларнинг фаолияти, лойиҳалари ва дастурлари аудити.


 Шунингдек, хорижий давлатларнинг Олий аудит органлари ёки халқаро аудит ташкилотлари билан:

- ўз ваколатлари доирасидаги масалалар бўйича натижаларини алмашиш шарти билан алоҳида ўтказиладиган параллел аудит;


- ягона дастур асосида ўз ваколатлари доирасидаги масалалар бўйича биргаликда ўтказиладиган ва ягона якуний ҳужжат қабул қилинадиган қўшма аудит;


- атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш соҳасида давлат дастурлари, қонунчилик ва бошқарув жараёнларининг самарадорлиги, қонунийлиги ҳамда мақсадга мувофиқлиги;


- ташқ қарз маблағи ҳисобига амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини шакллантиришдан бошлаб якуний натижага эришилгунга қадар барча жараёнларни мониторинги ва самарадорлиги;


- инфратузилма, хусусан автомобиль йўллари, сув таъминоти, энергетика ва ижтимоий соҳаларда амалга ошириладиган йирик лойиҳалар самарадорлиги.


Юқоридагилардан кўзланган мақсад – ўтказиладиган ҳар бир аудитда асосий эътиборни камчиликларни олдини олиш ва тизимли муаммолар ечимига доир аниқ таклиф ҳамда хулосалар тайёрлаш.


Илғор хорижий тажриба асосида Ҳисоб палатасининг ўрта муддатга мўлжалланган ривожланиш стратегияси қабул қилинади.


Бунда, мазкур стратегияда қуйидагиларни белгилашга алоҳида эътибор қаратилади:


- халқаро стандартлар ва хорижий тажрибалар асосида мамлакатимизда миллий давлат аудити асосларини шакллантириш ва йўналишларини белгилаш;


- Ҳисоб палатасининг фаолиятида стратегик бошқарувни, давлат аудитининг халқаро стандартлари ва сифат назоратини тўлиқ жорий қилиш;


- Ҳисоб палатасининг фаолиятининг мустақиллиги, очиқлиги ва самарадорлигини ошириш;


 2026-2027 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат иқтисодиёт университетида давлат аудити таълим йўналишида кадрлар тайёрлаш бўйича Аудит олий мактаби ташкил этилмоқда.


 Юқорида қабул қилинган янги тартиблар, шубҳасиз, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг фаолиятини илғор халқаро андозалар даражасида трансформация қилиш имконини беради. Бу эса, мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган давлат молиявий назорати тизимини ривожлантиришга хизмат қилади.


Ҳужжатни *.pdf форматида юклаб олиш

img