Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

28.04.2026

Хоразм вилоятига Ҳисоб палатаси вакили — Бош инспектор тайинланди

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ташаббуси билан Хоразм вилоятида давлат аудити ва молиявий назорат тизимини янада такомиллаштиришга бағишланган ўқув-семинар ташкил этилди.


Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 18-декабрдаги “Давлат аудити ва молиявий назорати фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-252-сон Фармони ижросини таъминлашга қаратилган бўлиб, унда соҳага оид долзарб масалалар кенг муҳокама қилинди.


Семинарда вилоятдаги 371 та маҳаллий бюджетдан маблағ олувчи ташкилотларнинг 799 нафардан ортиқ масъул раҳбарлари, молиявий масалалар бўйича ўринбосарлари, бош ҳисобчилар, иқтисодчилар ҳамда комплаенс ва ички аудит хизматлари ходимлари иштирок этди.


Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг вилоятдаги вакили этиб тайинланган — Бош инспектор Д. Уразимбетов, вилоят ҳамда туман ташкилотлари раҳбарлари, молиявий масалалар бўйича масъуллар, бош ҳисобчилар, иқтисодчилар ҳамда комплаенс ва ички аудит хизмати ходимлари иштирок этдилар.


Семинар давомида давлат аудити ва молиявий назорат тизимини такомиллаштириш, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланишни таъминлаш, молиявий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалалари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.


Қайд этилганидек, 2026-йил 1-апрелдан бошлаб республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида Ҳисоб палатасининг вакили — бош инспектор фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, ушбу институт давлат молиявий назоратини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда.


Маълумот учун, Хоразм вилояти маҳаллий бюджетининг 2026 йилда жами харажатлари 5,3 трлн сўмни ташкил этиб, харажатларнинг 2,0 трлн сўми (37,6 фоиз) соғлиқни сақлаш, 1,2 трлн сўми (22,8 фоиз) таълим, 258,5 млрд сўми (5 фоиз) инвестиция дастурлари ҳамда 1,8 трлн сўми (34,8 фоиз) бошқа соҳаларга йўналтирилиши режалаштирилган.


Шунингдек, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон ва қарорлари асосида қўшимча 2,85 трлн сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган бўлиб, бу молиявий ресурслар устидан назоратни янада кучайтиришни талаб этади.


Семинар доирасида “аниқлаш эмас, олдини олиш” тамойили асосида назорат механизмларини кучайтириш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш, коррупциявий хавфларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича амалий тавсиялар берилди.


Шу билан бирга, замонавий рақамли технологиялар ва доимий мониторинг тизимлари орқали ҳар бир бюджет маблағи устидан кучайтирилган назорат ўрнатилаётгани таъкидланди. Бу эса давлат маблағларининг манзилли ва самарали сарфланишини таъминлаш ҳамда шаффофликни оширишга хизмат қилади.


Семинар якунида иштирокчиларга бюджет интизомини мустаҳкамлаш, молиявий қонунбузилишларнинг олдини олиш ҳамда назорат самарадорлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.


img