Сайтнинг эски таҳририга ўтиш

Ўзб

27.04.2026

Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ томонидан тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги

Ҳисоб палатаси томонидан тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги ўрганилди.

Ўрганиш жараёнида Компания, тижорат банклари ва солиқ тизимларидаги маълумотлар таҳлили асосида тадбиркорларни қўллаб қувватлаш борасидаги тизимли ишлар ва мавжуд муаммолар таҳлил қилинди.


Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси 2023 йилда ташкил этилган бўлиб, фаолият мақсади кичик ва ўрта бизнесни комплекс қўллаб-қувватлаш ҳисобланади.


Маълумот учун: Компания таъсисчилигида “Hamroh” хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш компанияси, “TRK Invest”, “Uzagrostar xolding” компанияси ва Бизнесни кафолатлаш миллий компанияси ташкил этилган.


Компания томонидан тадбиркорлик субъектларига 2024-2025 йилларда 4,8 трлн сўмлик молиявий қўллаб-қувватлов тақдим этилган.


Ушбу даврда келиб тушган аризаларнинг 80 фоизи қаноатлантирилиб, 42 мингта (шундан, 38 мингтаси юридик шахс) мурожаат бўйича молиявий хизматлар кўрсатилган.

Компания тижорат банклари ва микромолия ташкилотларига 390 та лойиҳаларни молиялаштириш учун 433,1 млрд сўм ресурс ажратган ҳамда 3,2 трлн сўмлик 35,6 мингта лойиҳаларни қайта молиялаштирган.


Ўрганиш жараёнидаги тизимли таҳлилларда бир қатор тизимли муаммолар аниқланди. Жумладан:


-Қайта молиялаштирилган 1 746 та, компенсация тўланган 350 та ва ресурс ажратилган 22 та  тадбиркорлар фаолияти тўхтатилган;


-Молиявий ёрдамдан фойдаланган 14,2 мингта тадбиркор товар (хизмат)лар реализация қилмаган;


-Молиявий қўллаб-қувватлашдан фойдаланган 40 минг тадбиркордан фақат 288 таси экспорт амалга оширган;


-Тижорат банклари амалга оширган мониторингларда 669 та субъектга ажратилган кредитлар мақсадсиз сарфланганлиги аниқланган;


-Компаниянинг 2021 йилда жорий этилган “Тадбиркор” ахборот тизимининг “Рақамли ҳукумат” идоралараро интеграциялашув платформаси орқали маълумот алмашинуви йўлга қўйилмаган;


-“Ҳамроҳ” бизнес порталида тижорат банклари билан аёл тадбиркорларга ажратилаётган кредитлар бўйича реал вақт режимида маълумот алмашиш имконияти яратилмаган;



-“Uzagrostar xolding” МЧЖ ва ихтисослашган агро компанияларни ягона хизмат кўрсатиш ва мониторинг қилиш платформасида функционал имкониятлар тўлиқ ечим топмаган.


Умуман олганда, нафақат компания тизимида, балки республика тизимларида тадбиркорларга турли молиявий инструментлар орқали вазирлик ва идоралар, кредит муассасалари томонидан компенсация, кафолат, субсидия ва бошқа имтиёзлар тақдим этилаётган бўлсада, лекин уларни ягона мувофиқлаштириш тизими мавжуд эмас.


Таъкидлаш жоизки, қатор ривожланган давлатлар тажрибасида, шу жумладан Жанубий Корея, Германия, АҚШ ва Сингапур давлатларида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш молиявий инструментлар аниқ тақсимланган 1–3 та асосий институт орқали амалга оширилади.


Мисол учун, кредит – банклар, компенсация, кафиллик ва субсидия – давлат, грантлар – махсус фондлар томонидан берилади.


Бунда, давлат тўғридан-тўғри кредит бермайди ва банклар орқали молиялаштиришни рағбатлантиради, барча хизматлар “бир дарча” тамойили асосида кўрсатилади.


Ўрганишлар натижасига кўра, Тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш самарадорлигини ошириш мақсадида қатор амалий тавсиялар таклиф этилди. Жумладан:


– муаммоли кредитларни нафақат ҳолатини, балки уни сабабларини доимий таҳлил қилиш ва уларни қисқартириш бўйича тизимли чоралар кўриш;


– Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бошчилигида Компания ҳамда вазирлик, идоралар ва соҳалар бўйича барча молиявий имтиёз тақдим этувчи ташкилотларни, шунингдек улардаги мавжуд инструментларни хатловдан ўтказиш;


– имтиёзлар самарадорлигини баҳолаш кўрсаткичларини белгилаш

ва уларнинг мониторингини йўлга қўйиш;


– босқичма-босқич ягона рақамлаштирилган молиявий қўллаб-қувватлаш тизимига ўтиш ва ушбу фаолиятни тартибга солувчи ваколатли органни, унинг вазифаларини белгилашни назарда тутувчи тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш шулар қаторига киради.


Ўрганиш натижалари компания масъуллари билан бирма бир муҳокама қилинди ва уларни бартараф этиш ҳамда келгусида йўл қўйилишини олдини олиш мақсадида аниқ чора тадбирлар белгиланди.

 


img