25.04.2026
Ҳисоб палатасининг 2025 йилдаги фаолияти якунлари Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида кўриб чиқилди
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида Ҳисоб палатасининг 2025 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи муҳокама қилинди. Унда депутатлар, сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзолари иштирок этди.

Йиғилиш аввалида Ҳисоб палатаси ва Қонунчилик палатаси ўртасидаги ҳамкорлик самарали эканлиги алоҳида таъкидланди. Хусусан, 2025 йилда имзоланган ўзаро Ҳамкорлик меморандуми қонун ижодкорлиги жараёнини такомиллаштириш, жамоатчилик иштирокини кенгайтириш ва ижтимоий-иқтисодий жараёнларни тизимли таҳлил қилишда муҳим аҳамият касб этгани қайд этилди.
Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари М. Абдуллаев ўз нутқида ҳисобот даврида мамлакатимизда давлат аудити ва молиявий назорат тизимини тубдан ислоҳ қилиш ишлари янги босқичга кўтарилганини таъкидлади.
Шу билан бирга, Президент Фармонлари асосида Ҳисоб палатаси фаолияти трансформация қилиниб, у анъанавий назорат органидан стратегик таҳлил ва превентив ёндашувларга асосланган идорага айланаётгани айтилди.
Бундан ташқари, рақамлаштириш, риск-таҳлил ва масофавий аудит механизмларини жорий этиш орқали бюджет маблағларининг мақсадли ва самарали сарфланиши устидан назорат кучайтирилганлигини қайд этди.
2025 йилда жами 155 та назорат тадбири (93 та аудит тадбири ва 62 та тематик ва масофавий риск-таҳлиллар) амалга оширилди. Натижада жами 18,8 трлн сўмлик бюджет маблағлари бўйича қонунбузилишларнинг олди олинди, харажатлар мақбуллаштирилди ва қўшимча даромад манбалари аниқланди.
Давлат бюджети шакллантирилиши жараёнида Ҳисоб палатаси фаол иштирок этди. 2026 йил учун Давлат бюджети лойиҳаси кўриб чиқилиб, қатор таклиф ва тавсиялар асосида бюджет даромадлари оширилди, харажатлар эса қисқартирилди.
Шунингдек, маҳаллий бюджетлар лойиҳалари экспертизадан ўтказилиб, ҳудудларда молиявий мувозанатни таъминлашга хизмат қилди.
Ҳисоботда давлат бюджети ижроси, давлат харидлари, инвестиция лойиҳалари ва ташқи қарз маблағларидан фойдаланиш самарадорлиги юзасидан ўтказилган аудитлар натижалари ҳам кенг ёритилди.
Давлат харидлари соҳасида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, рақобат муҳитини кучайтириш ва шаффофликни таъминлашга қаратилган қатор таклифлар ишлаб чиқилди.
Шу билан бирга, “яширин иқтисодиёт”ни қисқартириш, солиқ тушумларини ошириш ва бюджет даромадлари базасини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. Аудит натижаларига кўра, бюджетга қўшимча тушумлар манбалари аниқланиб, уларнинг ундирилиши таъминланди.
Ҳисоб палатаси фаолиятида рақамлаштириш устувор йўналиш сифатида белгиланиб, “Масофавий аудит” ахборот тизими кенг жорий этилди. Ушбу тизим орқали бюджет маблағларининг сарфланиши онлайн режимда мониторинг қилиниб, молиявий хато ва камчиликларни барвақт аниқлаш имконияти яратилди. Шунингдек, сунъий интеллект технологиялари жорий қилиниб, давлат харидлари ва бошқа соҳаларда қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаш самарадорлиги оширилди.
Ҳисоботда М. Абдуллаев халқаро ҳамкорлик доирасида ҳам муҳим натижаларга эришилганлигига тўхталиб ўтди. Қатор хорижий давлатлар (Венгрия, Хитой, Туркия, Латвия) Олий аудит органлари билан алоқалар кенгайтирилиб, қўшма аудитлар ва тажриба алмашинуви йўлга қўйилди. Ҳисоб палатаси халқаро ташкилотлар фаолиятида фаол иштирок этмоқда.
Ҳисоботни муҳокама қилиш давомида сиёсий партиялар фракциялари ижро этувчи органлар фаолиятидаги айрим тизимли камчиликларга эътибор қаратдилар. Хусусан:
Ўзбекистон ХДП фракцияси вакиллари ижтимоий соҳада кузатилган 1,1 трлн сўмлик молиявий номувофиқликларни тизимли таҳлил қилиб, вазирликларнинг ички аудит хизматлари фаолиятини янада жонлантириш зарурлигини таъкидладилар.
Шунингдек, бюджетга қайтарилиши лозим бўлган маблағни ундириш бўйича чораларни жадаллаштириш ҳамда давлат маблағларидан фойдаланишда масъулият ва назорат механизмларини такомиллаштириш юзасидан ўз таклифларини билдирдилар.
ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари давлат харидлари жараёнида сунъий интеллект тизими томонидан аниқланган 83 млрд сўмлик молиявий хатарлар ва манфаатлар тўқнашуви эҳтимолларига эътибор қаратдилар. Депутатлар бу борада вазирликларнинг ички назорат тизимларини рақамлаштириш ҳамда «коррупциядан холи соҳа» тамойилининг ижро этилишини таъминлаш бўйича ўз тавсияларини илгари сурдилар.
Адолат СДП фракцияси вакиллари соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғинида аҳолини дори воситалари билан таъминлаш тизимини янада яхшилаш лозимлигини таъкидладилар. Шунингдек, давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида айрим ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш масаласи кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Экологик партияси аъзолари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ландшафтларни тиклаш бўйича инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиш суръатлари пастлигини қайд этдилар Депутатлар ушбу йўналишдаги ишларни жадаллаштириш ва экологик хавфсизликни таъминлаш борасидаги масъулиятни кучайтириш лозимлигига урғу бердилар.
Муҳокамалар якунида Ҳисоб палатасига ислоҳотлар самарадорлигини таъминашда аниқланган маблағларни ундириш механизмини такомиллаштириш, бюджетдан сарфланган маблағларнинг ижтимоий таъсирини баҳолаш ҳамда давлат қарзи ва маҳаллий бюджетлар ижроси устидан қатъий назорат ўрнатиш зарурлиги таъкидланди. Шу билан бирга, сунъий интеллект имкониятларини кенгайтириш, вазирликларнинг ички аудит тизимини мувофиқлаштириш, аниқланган тизимли камчиликлар асосида қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.
Йиғилиш якунида депутатлар томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар инобатга олинган ҳолда Ҳисоб палатасининг 2025 йилдаги фаолияти ижобий баҳоланди. Томонлар келгусида давлат молиявий назоратини янада такомиллаштириш, бюджет интизомини мустаҳкамлаш ва давлат маблағларидан самарали фойдаланишни таъминлаш борасида ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.



Бошқа янгиликлар
Стратегик давлат корхоналари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича йиғилиш ўтказилди
514
12.03.2026
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_186f354188813d2f30c91e61.jpg)
ХХV ИНКОСАИ кун тартибида сунъий интеллект технологияларини аудитда қўллаш масалалари
1287
30.10.2025
Ўзбекистон ва Озарбайжон Ҳисоб палаталари ўртасида ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда
159
26.05.2026
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_b802463fa079e7fe3e4fc61c.jpg)
Туркий давлатлар Олий аудит органлари ташкилоти (TURKSAI) га асос солинди
1490
23.11.2025
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_7290773e7b0b9b5d9a531420.jpg)
Сиёсий партияларга молиявий ва бошқа маблағларнинг келиб тушиши ҳамда уларнинг харажатларини 2024 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи ташқи аудит ва баҳолашдан ўтказилди
288
14.04.2026