12.04.2026
Инновация соҳаси ҳамда Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолияти самарадорлик аудити.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодиётида инновация ва илм-фанни ривожлантириш устувор йўналишлардан бири сифатида белгилаб олинди. Айниқса, саноат тармоқларини иқтисодиёт “локомотиви” сифатида ривожлантириш мақсадида илмий тадқиқотлар натижаларини ишлаб чиқаришга жорий этиш бўйича муайян ишлар амалга оширилди.

Жумладан, тадқиқотлар асосида ишлаб чиқилган 56 та илмий ечимларни ишлаб чиқариш жараёнларига жорий этилганлиги;
ёшлар технопарклари орқали 60 мингдан ортиқ ёшларнинг инновацион фаолиятга жалб этилгани ва 9 та рақамли платформанинг ишга туширилгани;
жамғарма маблағлари ҳисобидан умумий қиймати 1,2 трлн сўмлик 735 та илмий-тадқиқот ишларининг амалга оширилганлиги мазкур йўналишда муайян ижобий натижалар мавжудлигини кўрсатади.
Бироқ мазкур ижобий кўрсаткичларга қарамасдан, инновация соҳасида натижадорлик ва бошқарув тизими билан боғлиқ қатор тизимли муаммолар сақланиб қолмоқда. Хусусан:
-Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан узоқ муддатли, келажакка қаратилган соҳавий стратегиялар етарли даражада ишлаб чиқилмаган. Жумладан, сув танқислиги, иқлим ўзгариши, энергетика хавфсизлиги, озиқ-овқат таъминоти ва технологик мустақиллик каби глобал аҳамиятга эга йўналишларда аниқ стратегияларнинг мавжуд эмаслиги илмий тадқиқотларнинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда;
-инновацион фаолият соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ижроси ва норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ишлари етарли даражада таъминланмаган;
-ишланмаларни тижоратлаштиришни молиялаштириш ҳамда давлат-хусусий шериклик механизмларини ривожлантириш борасидаги ишлар тизимли ташкил этилмаганлиги натижасида хусусий сектор иштирокининг улуши пастлигича қолмоқда;
-университет ва саноат ўртасидаги ҳамкорликни шартномавий асосда эмас, балки алоҳида лойиҳалар доирасида амалга оширилаётгани мазкур соҳада барқарор интеграцияни таъминламайди;
-2025 йилда Ўзбекистон Глобал инновацион индексида 79-ўринни эгаллаган бўлиб, белгиланган 62-ўринга эришилмаган. Айниқса, инновацион натижалар субиндексида пасайиш кузатилиши мамлакатда яратилган инновацияларнинг амалиётга жорий этилиши ва иқтисодий самара бериши етарли эмаслигини кўрсатади;
-Илмий-тадқиқот лойиҳаларини шакллантириш ва танлаш жараёнларида шаффофлик етишмайди.
Аудит жараёнида соҳада мавжуд бўлган қатор хато ва камчиликларга алохида эътибор қаратилди.
Жумладан, танлов жараёнларида белгиланган муддатларга риоя қилинмагани, экспертизалар кечиктирилгани, айрим ҳолатларда эса экспертиза ўтказилмасдан ижобий хулосалар берилгани;
-манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари, плагиат даражаси юқори бўлган лойиҳаларга ижобий баҳо берилиши каби илмий танловлар сифатини жиддий пасайтирадиган ҳолатлар;
-2024–2025 йилларда стартап лойиҳалар учун танловлар эълон қилинмагани ва бу йўналишда фаолликнинг кескин пасайгани, шунингдек 2023 йилда молиялаштирилган стартаплар натижасида ташкил этилган 95 та корхоналарнинг 44,2 фоизини бугунги кунда фаолият юритмаётгани ёки иқтисодий натижа бермаётгани;
-тартибга кўра иштирокчи учун кўпи билан 2 та лойиҳа (1 та тўлиқ, 2 тада ўриндош) белгиланган бўлсада, 65 та ҳолатда лойиҳа ижрочилари бир вақтнинг ўзида 4 ва ундан ортиқ лойиҳаларда иштирок этган;
-тижоратлаштириш лойиҳаларида ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар кузатилиб, қатор корхоналарни фаолият юритмаётгани илмий натижаларни иқтисодий қийматга айлантириш механизми самарасиз ишлаётганини кўрсатади.
Бундан ташқари, Илмий-техник кенгаш томонидан техник экспертиза жараёнларини сифатли ташкил этилмаслиги оқибатида бир хил мавзу ва бир хил натижани кўзлаган 10 та лойиҳаларга 13,3 млрд сўм ажратилган.
Юқоридаги каби, соҳадаги тизимли муаммоларни, хато ва камчиликларни бартараф этиш, уларни келгусида йўл қўйилишини олдини олиш мақсадида Ҳисоб палатаси томонидан қатор тавсиялар берилди. Хусусан:
– узоқ муддатли соҳавий стратегияларни ишлаб чиқиш;
– хусусий сектор иштирокини кенгайтириш;
– илмий лойиҳаларни танлаш ва экспертиза жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш;
– тижоратлаштириш механизмларини кучайтириш;
– халқаро тажрибани жорий этиш;
– ягона интеграциялашган рақамли платформа яратиш каби чора-тадбирларни амалга ошириш шулар жумласидандир.
Ушбу тавсиялар ижросини таъминлаш орқали инновацияларнинг иқтисодиётдаги улушини ошириш, илмий натижаларни амалиётга самарали жорий этиш ва мамлакатнинг глобал инновацион рейтинглардаги ўрнини яхшилаш имконияти яратилади.
Аудит натижалари бўйича Ҳисоб палатаси масъуллари билан муҳокамалар ўтказилиб, амалий таклифлардан иборат кўрсатма юборилди ва тизимли муаммоларни бартараф этиш мақсадида 34 банддан иборат чора тадбирлар ишлаб чиқилди.

Бошқа янгиликлар
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_8f3d31eebeccb5adf251c2a4.jpg)
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишидаги нутқи
851
21.12.2025
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/e07ccfb3-1677-f18b-e313-35652ce82647.jpg)
Бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш бўйича амалий семинар
1109
21.01.2025
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_ca0d42ac33b894ff92c97c89.jpg)
БАЙРАМ ТАБРИГИ
2863
16.11.2025
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_36b54f2b28999610ababf55d.jpg)
Бюджет интизомини таъминлашда давлат молиявий назорати органларининг фаолиятини мувофиқлаштириш масалаларининг муҳокамаси
2453
20.11.2025
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_b53fec129b39ccc77cedde71.jpg)
Марказий банкда киберхавфсизлик муаммолари бўйича семинар бўлиб ўтди
408
15.02.2026