02.08.2026
Ўзбекистон цемент ишлаб чиқариш соҳаси: Муаммолар ва ечимлар.
Ҳисоб палатаси томонидан республикадаги цемент ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг табиий ресурслардан фойдаланиш самарадорлиги кенг қамровли таҳлил қилиниб ўрганилди.

Саноат кўрсаткичлари таҳлили ва экспорт
Республикамизда 2023–2025 йилларда 42 та корхоналарда жами 54,9 млн тонна цемент ишлаб чиқарилган бўлиб, йиллар динамикасида доимий ўсиш тенденциясига эга бўлмоқда. Бунда:
- 2023 йилда: талаб 16,8 млн тн бўлса, ишлаб чиқарилгани 15,5 млн тн (92%);
- 2024 йилда: талаб 18,1 млн.тн бўлса, ишлаб чиқарилгани 17,9 млн тн; (99%);
- 2025 йилда: талаб 19,9 млн тн бўлса, ишлаб чиқарилгани 21,5 млн тоннани (108%) ташкил этган.
Маълумот учун: 2018 йилда талаб 12,7 млн тоннани ташкил қилган бўлиб, ушбу даврда 9,2 млн тн ишлаб чиқарилган ёки талабнинг 72,4 фоизи қондирилган.
Эътиборли жиҳати, маҳаллий қувватларнинг кенгайиши ҳисобига импортга қарамлик деярли барҳам топган.
Жумладан, 2025 йилга келиб импорт ҳажми 2023 йилга нисбатан 44 бараварга камайган бўлса, аксинча, маҳаллий маҳсулотларнинг ташқи бозорга чиқиши жадаллашиб, экспорт кўрсаткичи 182 бараварга (1,8 млн тонна) ошган, 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда аҳоли жон бошига тўғри келадиган цемент ҳажми 580,3 кг ни ташкил этиб, 2023 йилдагига (435 кг) нисбатан сезиларли ўсишга эришилган.
Маълумот учун: Дунё бўйича аҳоли жон бошига ўртача 500-550 кг цемент тўғри келиб, юқори кўрсаткич Хитой (1200 кг), Туркия (1015 кг), Вьетнам (984 кг) ва Эрон (736 кг) ҳиссасига тўғри келади.
Цементнинг ўртача биржа нархи 2025 йилда 651 сўмни ташкил этиб 2023 йилга (681,5 сўм) нисбатан 4 фоизга арзонлашган.
Тизимли муаммолар ва ечимлар
Ўрганишда соҳада салмоқли ўсиш суръатлари билан бир қаторда, зудлик билан ҳал этилиши лозим бўлган жиддий тизимли муаммолар мавжудлиги аниқланди.
Хусусан, 25 та цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар, тадбиркорлар ҳамда олимлар билан сўровномалар ва учрашувлар ташкил қилиниб, муаммо ва таклифлар шакллантирилди.
Сўровнома иштирокчилари логистика ва транспорт муаммолари (73%), талаб пастлиги сабабли тўлиқ қувватда ишламаётгани (50%), таннарх харажатлари юқорилиги (23%), экспорт қилишда қўшимча имкониятлар (имтиёзли кредит, солиқ имтиёзлари) зарурлигини (81%) қайд этган.
Цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан табиий ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ўрганиш ҳамда соҳадаги мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш мақсадида Умумий ва ноорганик кимё институти, “Фан ва тараққиёт” ДУК, Тошкент давлат Транспорт университети олимлари иштирокида учрашув ташкил этилди.
Учрашувда цемент заводларида электр энергияси сарфини камайтириш мақсадида шарли тегирмонларни модернизация қилиш, VRM (Vertical Roller Mill) ва Roller Press каби энергия тежовчи технологияларни жорий этиш, майдалаш жараёнларини AI ва SCADA (сунъий интеллект ва ускуналарни реал вақтда назорат қилиш бошқариш тизими) орқали автоматлаштириш ҳамда гранулометрия мониторингини йўлга қўйиш таклифлари билдирилди.
Олиб борилган тизимли таҳлиллар ва соҳадаги ўрганишлар натижалари ушбу йўналишда эришилган ижобий ишлар билан бир қаторда эътибор қаратилиши лозим бўлган бир қатор муаммоли масалалар мавжудлигини кўрсатди. Жумладан:
- 2025 йил якуни бўйича молиявий ҳисобот тақдим этган 64 та ишлаб чиқарувчи ва хом-ашё қазиб олувчиларнинг 37 фоизи (24 та) фойда, 63 фоизи (40 та) фаолиятини зарар билан якунлаган;
- 42 та цемент ишлаб чиқариш корхоналаридан 17 таси (8 та конга эгалик қилувчи) бугунги кунда фаолият кўрсатмаяпти;
- 28 та корхонага 44 та инвестиция лойиҳа доирасида 2,5 млрд долларлик инвестиция жалб қилинган бўлиб, 9 та корхона (223,2 млн долларлик) молиявий қийинчилик ва бошқа муаммолар сабаб тугатилган;
- Конни ўзлаштириш учун талабгор томонидан тақдим этилган техник-иқтисодий асос ҳужжатларидаги ҳамда рухсатномадан фойдаланиш шартларидаги мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилиш тизими рақамлаштирилмаган:
- 2023-2025 йиллар учун ер қаъридан фойдаланувчилар ковлаб олиш бўйича мажбуриятларни тўлиқ бажармаган;
- конларда автотранспортларни оғирлигини ўлчаш тарозиси ўрнатилиши мажбурий бўлсада (ВМҚ-710, 28.10.2024 й.), ушбу талабни назорат қилиш тизими мавжуд эмас;
- 2025 йилда Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси ҳамда Солиқ қўмитаси ер қаъридан фойдаланувчилар томонидан ҳақиқатда қазиб олинган фойдали қазилмалар ҳажмининг маркшейдерлик хулосасига мувофиқлиги юзасидан мониторинг ўтказмаган.
Халқаро тажриба
Халқаро амалиётда цемент саноатини тартибга солиниши ўрганилганда:
Хитой йилига ўртача 1,8 млрд тонна (дунё бўйича жами 3,8 млрд тонна) цемент ишлаб чиқариб, дунёда етакчи давлат ҳисобланади.
2024 йилда “2024–2025 йиллар учун энергия тежаш ва углерод чиқиндиларини қисқартириш” ҳаракатлар режаси қабул қилинган ва кам самарали эски вертикал печлардан замонавий NSP технологиясига ўтган.
Натижада, энергия самарадорлиги ошиб, ишлаб чиқариш харажати камайган ва 2025 йилда CО₂ чиқиндиларини 26 млн тоннага камайтирган.
МДҲ давлатларида цемент хомашёсини қазиб олишни рақамлаштириш, карьерлар кадастрини юритиш, хомашё тури ва сифат кўрсаткичи кесимида ҳисобга олиш, йўқотишларни ажратиб ҳисоблаш амалиёти кенг қўлланилади.
BCG консалтинг компанияси (Boston Consulting Group) томонидан цемент ишлаб чиқариш қуввати талабга нисбатан юқорилиги сабабли, мавжуд қувватлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқаришни йирик минтақавий бозорларга яқин жойлаштириш тавсия қилинган.
Таклиф ва тавсиялар
Ўрганиш натижаларига кўра аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик, шунингдек соҳани такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялардан иборат чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Ушбу чора-тадбирларда:
-рақамли маркировкалаш тизимини босқичма-босқич жорий этиш;
-цемент ишлаб чиқариш корхоналарида кузатув камералари ва тарозини мажбурий ўрнатиш;
-қурилиш материаллари учун темир йўл ташиш тарифларини қайта кўриб чиқиш;
-қурилиш материаллари соҳасида логистика билан боғлиқ масалаларни қайта кўриб чиқиш ва вагонларни кўпайтириш;
-цемент ишлаб чиқарувчиларнинг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда кафолатланган вагон квоталарини белгилаш;
-ТИА кўрсатилган техника ва транспорт воситалари тўғрисидаги маълумотларни ягона электрон тизимга киритиш ҳамда уларнинг рақамли ҳисобини юритиш механизмларини жорий этиш каби таклифлар назарда тутилган.
Ўрганиш натижаларини муҳокама қилиш ва зарур чора тадбирларни белгилаш юзасидан Тоғ-кон саноати ва геология, Рақамли технологиялар, Транспорт, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирликларига, Ўзсаноатқурилишматериаллари уюшмаси ҳамда Солиқ қўмитасига Ҳисоб палатасининг тегишли кўрсатмалари ва тавсиялари юборилди.

Бошқа янгиликлар
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_ac2fde3e0cbb35d9dadc8c3d.jpg)
Хитой Бош аудитори Нанкинда таҳсил олаётган Ҳисоб палатаси ходимлари билан учрашди
550
29.03.2026
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_5c291a994950d6d476c1c625.jpg)
Президент Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказди
2030
19.06.2025
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_c8bb6d7c22e69c3d6b4a0540.jpg)
Венгрия Олий аудит органи Ўзбекистон Ҳисоб палатаси билан муносабатлари тўғрисида
2545
03.04.2025
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_33b8ea4c867488cde2ee6cda.jpg)
МУСТАҚИЛЛИК БАЙРАМИ МУБОРАК БЎЛСИН!
517
28.08.2026
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_fda3d31e7c9432290fb216c6.jpeg)
Ўзбекистон ва Венгрия Олий аудит органлари замонавий аудит йўналишларида ҳамкорликни кучайтиради
251
18.09.2026