07.04.2026
Cолиқсиз тушумларнинг бюджетга ҳисобга олиниши бўйича мувофиқлик аудити
Ҳисоб палатаси томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Ғазначилик хизмати қўмитасида солиқсиз тушумларнинг бюджетга ҳисобга олиниши, бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармалар ўртасида тақсимоти бўйича мувофиқлик аудити ўтказилди.
Таъкидлаш жоизки, 2023-2025 йилларда ундирилган солиқсиз тушумлар ушбу даврдаги бюджет даромадининг 22,8 фоизини ташкил қилган (2023 йилда 21 фоиз, 2024 йилда 21,8 фоиз, 2025 йилда 24,8 фоиз).
Аудит жараёнида солиқсиз тушумларни бошқариш ва ҳисобини юритишда тизимли камчиликлар мавжудлиги аниқланди. Жумладан:
– солиқсиз тушумлар бўйича тўловчилар, тушумлар, қарздорлик ва ортиқча тўловлар кесимида марказлаштирилган маълумотлар базаси мавжуд эмас ҳамда уни юритувчи ваколатли ташкилот белгиланмаган;
– айрим ташкилотларда биллинг тизими жорий қилинмаганлиги сабабли солиқсиз тушумларнинг ҳисоби инсон омили билан тўлдириладиган электрон ҳисобга олиш китобида юритилмоқда.
Шунингдек, солиқ бўлмаган тушумлардан ташкилотларга ажратмалар йўналтириш амалиёти кенг қўлланилганлиги таҳлил қилинди.
Аудитда 55 та ундирувчи томонидан 830 та йўналишда ундирилган солиқсиз тушумлар таҳлил қилиниб, давлат бюджетига қўшимча маблағлар тушириш имкониятлари аниқланди ва айрим соҳаларда яширин иқтисодиёт улушини камайтириш борасида чора-тадбирлар белгиланди.
Аудит натижасида солиқсиз тушумларни тартибга солиш ҳамда тушумлар ҳисоби тўлиқлигини таъминлаш мақсадида 21 та банддан иборат таклифлар ишлаб чиқилди.
Ҳусусан, солиқ бўлмаган тушумлар ҳисобини юритиш, ундирувни рақамлаштириш, тартиб-таомилларни соддалаштириш ҳамда назорат тизими самарадорлигини ошириш юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш;
– солиқ органларига солиқсиз тушумлар бўйича ҳисобот тақдим этиш тартибини ишлаб чиқиш;
– ваколатли давлат органи ва ташкилотларда ҳисобланган солиқсиз тушумлар ва ундирилган маблағлар бўйича ҳисоботни шакллантириш ва Солиқ қўмитасига юбориш механизмини автоматлаштириш шулар жумласидандир.
Аудит жараёнида аниқланган ҳолатлар юзасидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Солиқ қўмитаси ҳамда бошқа тегишли вазирлик ва идораларга кўрсатмалар ва тавсиялар юборилди.
Ўтказилган аудит натижалари Ғазначилик хизмати қўмитаси раҳбар ва масъуллари иштирокида муҳокама қилиниб, хатоликларни бартараф қилиш ва келгусида йўл қўйилмаслиги юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланди.

Бошқа янгиликлар
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_44d17df107f8cfa422b956e6.png)
Ҳисоб палатаси INTOSAIнинг Big Data бўйича ишчи гуруҳига аъзо бўлди
2258
17.12.2025
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_1c058345392d808abf76d45c.jpg)
Банклар иштирокида маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадли қилиш борасида амалга оширилган ишлар ўрганилди
1474
10.09.2025
Озарбайжон Республикаси Ҳисоб палатаси раиси Ўзбекистонга ташриф буюрди
225
09.03.2026
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_78cade577a5ccddd4f46c3e3.jpg)
Сенатда Oзарбайжoн Ҳисoб палатаси раиси билан учрашув бўлиб ўтди
214
09.03.2026
![[object Object]](https://back.ach.gov.uz/media/view/file_4b50c2dcb260206463a2cabe.jpg)
Хитой Миллий аудит идораси билан меморандум имзоланди
1641
09.04.2025