Ҳисоб палатаси томонидан Россия Федерацияси билан олий даражадаги ҳамкорлик доирасида имзоланган келишувлар ижросига кўмаклашиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида
Россия Федерацияси Ўзбекистон Республикасининг стратегик ва йирик савдо ҳамкори бўлиб, у билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг умумий ташқи савдо айланмасида Россия Федерациясининг улуши 16%дан ортиқ бўлиб, йиллик ҳажми 5 млрд.доллардан кўп миқдорни ташкил этади.
2017-2018 йиллар мобайнида икки мамлакат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари бўлиб ўтди, унда умумий қиймати 32,8 млрд. доллар бўлган 156 та инвестиция ва банк соҳасидаги келишувларни амалга оширишни кўзда тутувчи ҳужжатлар имзоланди. Бундан ташқари, тузилган савдо битимларининг ҳажми 10,3 млрд.долларни ташкил этди.
Шу жумладан, Россия Президенти В.Путинннинг Ўзбекистон Республикасига 2018 йилда амалга оширган давлат ташрифи доирасида икки мамлакатнинг тадбиркорлик субъектлари ўртасида I минтақавий ҳамкорлик форуми бўлиб ўтди ва унда умумий қиймати 1,53 млрд.долларлик 91 та битим имзоланди.
Россия Федерацияси билан ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенгайтириш стратегиясига мувофиқ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 октябрдаги “Олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатларни, шунингдек, стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамиятлари ва корхоналар иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш самарадорлигини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5565-сонли Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Ҳисоб палатаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши билан биргаликда олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатлар ижросини мониторинг қилиш ва кўмаклашиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда
Хусусан, ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 апрелдаги ПҚ-2885 - сонли ва 2018 йил 3 ноябрдаги ПҚ-3997 – сонли қарорлари билан тегишли ташрифлар натижалари бўйича тасдиқланган "Йўл хариталари" ижроси ўрганилди.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, қайд этилган ҳужжатлар доирасида имзоланган инвестиция келишувларининг катта қисми (99,6%) масъул вазирлик, идора, хўжалик бошқаруви органлари ва инвесторлар томонидан турли босқичларда амалга оширилмоқда.
Минтақавий келишувларни мониторинг қилиш мақсадида Ҳисоб платаси томонидан Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган. Хусусан, жорий йилнинг 22 январида вазирлик ва Ҳисоб палатаси томонидан ҳудудлар раҳбарлари иштирокида қўшма видео-селектор йиғилиши ўтказилиб, унда инвестиция ва савдо келишувларини амалга оширишдаги долзарб муаммолар муҳокама қилинди, аниқ мақсад ва вазифалар белгилаб олинди.
Ҳисоб палатаси томонидан олиб борилаётган ишларда Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси билан ўзаро муносабатларга алоҳида аҳамият берилмоқда, бу эса ўз навбатида икки мамлакат ишбилармон доиралари ва тегишли давлат органлари ўртасида юқори сифатли мулоқотлар ва шериклик муносабатларини ривожлантиришга ёрдам беради.
Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Б.З. Асадов билан 2019 йил 16 феврал куни Ҳисоб палатасида бўлиб ўтган учрашувда олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган келишувлар ижросининг амалий масалалари, жумладан, ijro.gov.uz дастурий таъминот тўплами орқали элчихона билан ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Олиб борилаётган фаолият доирасида:
- лойиҳаларда иштирок этаётган россиялик компаниялар билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилди, хусусан, Ҳисоб палатаси вакиллари ва “Евроцемент групп” АЖ делегацияси ўртасида учрашувлар бўлиб ўтди, идоралараро учрашувда янги цемент заводини қуриш масалалари мухокама қилиниб, мутасадди идораларга тегишли тавсиялар берилди;
- 2019 йил 23 январда элчихона томонидан Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазири Д.В. Мантуров билан учрашув ўтказилди. Унда, Ўзбекистоннинг тўқимачилик маҳсулотларини Россияга импорт қилишни соддалаштириш, “Ростех” корпорацияси билан лойиҳаларни амалга ошириш, автомобилсозлик ва қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, жорий йилнинг март-апрель ойларида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлисида бир қатор масалаларни кўриб чиқиш режалаштирилмоқда.
Жаҳон тажрибаси ва мамлакатимизда муваффақиятли олиб борилаётган янги иқтисодий сиёсат шуни кўрсатмоқдаки, бизнес доиралари билан очиқ мулоқот қилиш, муаммолар моҳиятини тушуниш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш жараёнида бевосита иштирокчиларнинг фикрларини ҳисобга олган ҳолда иш олиб бориш ҳар қандай давлат идоралари фаолиятида устувор вазифаси ҳисобланади.
Шу нуқтаи назардан, икки мамлакат ишбилармонлари жамоат бирлашмалари ўртасидаги алоқалар алоҳида аҳамият касб этади ва ушбу масалада Ҳисоб палатаси томонидан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан биргаликда мақсадли ишлар олиб борилди.
Шубҳасиз, Россия Федерацияси билан ҳамкорликни кенгайтириш салоҳияти ва истиқболлари мавжуд қувватларни сезиларли даражада оширади ва шу тариқа келажакдаги иш ҳажмларини белгилайди.
Мамлакатимиз масъул идоралари томонидан ўрта муддатли истиқболда амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг ажралмас натижаси инвестициялар ҳажмининг кескин кўпайиши ва амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар сони, сайёҳлар оқимининг ўсиши ва давлатларимиз ўртасидаги ўзаро савдо-сотиқ таркибида сифат жиҳатдан ижобий ўзгаришлар бўлиши лозим.
18 Феврал 2019
Воқеалар
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |