Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан давлат бюджетига қўшимча даромадлар захираларини аниқлаш ва сафарбар қилишда замонавий ахборот технологияларини қўллаш кўламини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 августдаги “Ҳисоб палатаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, давлат бюджетига қўшимча даромадлар захираларини аниқлаш ва сафарбар қилишда замонавий ахборот технологияларини қўллаш кўламини кенгайтириш борасида Ҳисоб палатаси томонидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг дастурий комплексини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 362-сонли қарорига асосан Ҳисоб палатаси 12 та давлат органлари ва ташкилотларининг маълумотлар базасига реал вақт режимида боғланган ва уларнинг маълумотлари асосида доимий таҳлиллар амалга оширилиши йўлга қўйилган.

Шу билан бирга, Ҳисоб палатаси томонидан давлат органлари ҳамда ташкилотларининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун фойдаланиладиган маълумотлар базаларининг ишончлилиги баҳолашдан ўтказилмоқда.

Бугунги кун ҳолатига 10 та вазирлик ва идораларда солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун фойдаланадиган маълумотлар базаларининг ишончлилиги баҳолашдан ўтказилди.

Мазкур баҳолаш давомида вазирлик ва идораларда маълумотларни марказий маълумотлар базасида жамланиши, уларни тўлиқлиги, ташқи манбалар билан ўзаро электрон маълумот алмашиш имкониятлари, ташқи фойдаланувчилар учун ягона (такрорланмас) идентификацияларни (СТИР, умумбелгиланган таснифлар ва бошқа махсус кодлар) мавжудлиги, базани фойдаланувчилар билан “online” режимда ишлаш имкониятлари яратилганлиги каби хусусиятлари таҳлил қилинди.

Ўрганишларда вазирлик ва идоралар тизимида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини тўлиқ жорий қилинмаганлиги, ягона (такрорланмас) идентификацияларни мавжуд эмаслиги, электрон назорат функцияларини қўлланилмаслиги, ички ва ташқи фойдаланувчилар билан ўзаро ахборот алмашиш тизимлари йўлга қўйилмагани, давлат активлари ва мажбуриятлари, меҳнат ресурслари ва табиий ресурслар ҳисобини юритишда ахборот технологияларидан кенг фойдаланилмаганлиги ҳамда маълумотларни қайта ишлаш ва алмашишда инсон фактори аралашувини юқорилиги аниқланди.

Ушбу камчиликларни бартараф қилиш ва ахборот тизимларини янада такомиллаштириш натижасида давлат бюджетига бир йилда қарийб 750 млрд.сўм қўшимча манбаларни жалб этиш мумкинлиги маълум бўлди.

Маълумотлар базаларини ишончлилигини баҳолашдан ўтказиш натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Давлат солиқ қўмитаси ва тегишли вазирлик (идора)лар билан соҳада қўлланилаётган ахборот тизимларни янада такомиллаштириш бўйича аниқ амалий ҳаракатларни ўз ичига олган “Йўл харита”лари ишлаб чиқиб тасдиқланди ва ижроси назоратга олинди.

15 Феврал 2019

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея