Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг бюджет даромадларини кўпайтириш, қўшимча даромад манбаларини аниқлаш ва уларни сафарбар қилиш фаолияти ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5147-сонли Фармонига мувофиқ, Ҳисоб палатаси томонидан жойларда бюджет даромадларини кўпайтириш бўйича захираларни аниқлаш ва сафарбар қилиш юзасидан мунтазам равишда амалий ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, 2019 йил январь ойида Ҳисоб палатасининг ишчи гуруҳи томонидан Сирдарё вилоятида маҳаллий бюджетларга қўшимча маблағларни жалб қилиш бўйича амалий ёрдам кўрсатилиб, назорат тадбирлари ўтказилди.

Жумладан, вилоятда бюджетга қўшимча даромадларни кўпайтириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида, ҳар бир шаҳар ва туманларда прокурор ўринбосари раҳбарлигида ташкил этилган Ишчи гуруҳлари ва бевосита солиқ тўловчилар билан ишлайдиган 4 та кичик ишчи гуруҳлари доирасида 10 та йўналишда бюджетга қўшимча даромадларни аниқлаш ва сафарбар этиш борасида тизимли равишда амалий ишлар ташкиллаштирилди.

Ўтказилган амалий ёрдамлар натижасида, вилоят маҳаллий бюджетига 2019 йил давомида 67,3 млрд.сўм миқдорида қўшимча даромад захираларини сафарбар қилиш имкониятлари мавжудлиги аниқланди.

Бюджет даромадларини ошириш учун захираларни аниқлаш ва сафарбар қилиш бўйича 85 дан ортиқ йўналишларда назорат-таҳлилий тадбирларни ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатилди.

Масалан:

- солиқ ва тўловларини ҳисоблаш тартибига риоя қилинмаётганлиги ҳисобига 17,2 млрд.сўм;

- солиқ ҳисоботларини ташқи манба маълумотлари билан солиштирилиши натижасида камайтириб кўрсатилган солиқ солинадиган базани аниқлаш ҳисобига 10,7 млрд.сўм;

- ер участкасидан ҳужжатсиз ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилган кўпроқ миқдорда фойдаланганлик ҳисобига – 3,4 млрд.сўм;

- йирик савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида, бозорларда ва савдо мажмуаларида нақд пул тушумларининг икки баравар оширилиши ҳисобига 2,1 млрд.сўм;

- транспорт хизматлари кўрсатувчи корхоналар томонидан солиққа тортиладиган базани яширилиши ҳисобига 2,0 млрд.сўм;

- йўл ҳаракати хавфсизлик бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан техник кўрик учун маҳаллий бюджетга ундирилиши лозим бўлган йиғимлар ҳисобига 1,2 млрд.сўм қўшимча даромад захираларини сафарбар этиш имконияти мавжудлиги маълум бўлди.

Амалий тадбирлар натижаларига кўра, Сирдарё вилоятида солиқ солиш базасини кенгайтириш ва бюджетга қўшимча даромад манбаларини сафарбар этиш мақсадида “Чора тадбирлар” режаси ишлаб чиқилди ва  ижроси тўлиқ назоратга олинди.

12 Феврал 2019

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея