Ишончли манба

Мамлакатнинг молиявий барқарорлиги унда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда давлатнинг барча вазифа ва функцияларини бажариш учун етарлича маблағ билан таъминланганлигида ифодаланади.

Давлат молиясини самарали бошқаришда, хусусан унинг ташқи аудитини таъминлашда бутун жаҳонда олий аудит органи ҳисобланган Ҳисоб палатасининг ўрни беқиёсдир. Яъни ишончли ва кенг миқёсли ташқи аудит давлат маблағларини сарфлашда масъулиятни оширади ва шаффофликни таъминлайди.

2017 йилнинг 10 августида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан «Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5147-сонли Фармони қабул қилинди ва унга биноан Ҳисоб палатасининг мақоми – “олий ташқи аудит ва молиявий назорат органи” деб белгиланди.

Ҳисоб палатаси ўз ваколатларини мустақил ҳамда барча давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади. Ҳисоб палатаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Олий Мажлиси палаталарига ҳисобдордир.

Халқаро умумэътироф этилган нормалар ва стандартларга мувофиқ Ҳисоб палатасининг асосий вазифалари бири бу – Давлат бюджети лойиҳаси параметрлари шакллантирилиши ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига мувофиқлигини тизимли таҳлил қилиш, қабул қилинаётган давлат ва ҳудудий дастурларнинг молиялаштириш манбалари билан таъминланганлигининг аудитини амалга оширишдир.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 96-моддасига асосан мамлакатнинг асосий молиявий ҳужжати ҳисобланган Бюджетнома Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ҳисоб палатасига хулоса тақдим этиши учун — йилнинг 20 сентябрига қадар киритилади (схема).

Ҳисоб палатасининг ҳукумат томонидан тайёрланган Давлат бюджети лойиҳаси ва шунингдек солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳаларига мустақил хулоса беради ва у барча фойдаланувчилар учун ишончли манба ҳисобланади.

Ҳисоб палатасининг вазифаларига мувофиқ, 2019 йил учун Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, шунингдек солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳалари бўйича Хулосаси тайёрланди.

Хулосани тайёрлашда Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, шунингдек солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳаларининг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор йўналишларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқларига мувофиқлиги ўрганиб чиқилди, шунингдек назорат тадбирларининг натижаларидан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ҳамда бошқа вазирлик ва идоралардан олинган маълумотлардан фойдаланилди.

21 Январ 2019

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея