Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган ҳужжатлар ва топшириқлар ижросини назорат қилиш бўйича ташкил этилган “ijro.gov.uz” ягона идоралараро ижро интизоми электрон тизими тўлиқ ишга туширилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 августдаги “Ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ф-5017-сон фармойишига мувофиқ давлат бошқарувининг марказий идоралари, вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва хўжалик бирлашмаларида Давлат раҳбари томонидан белгиланган топшириқлар ижроси устидан электрон ижро интизомини таъминлаш мақсадида “ijro.gov.uz” ягона идоралараро ижро интизоми электрон тизими жорий қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 октябрдаги “Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-3962-сонли қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси Давлат раҳбарининг ҳужжатлари ва топшириқларининг тўлиқ ва ўз вақтида ижро этилиши юзасидан назорат олиб борувчи, шунингдек, “ijro.gov.uz” тизими бўйича ишларни мувофиқлаштирувчи масъул давлат органи сифатида белгиланди.

Бугунги кунда, “ijro.gov.uz” ягона идоралараро ижро интизоми электрон тизимига 3 105 та ташкилотлар ва уларнинг бўлинмалари ҳамда 17 539 та масъул ходимлар уланди ҳамда тизимда ишлаш бўйича ўқув семинарлари ташкил этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган 3 024 та ҳужжат ва улардаги 25 238 та топшириқлар тизимга киритилган ва ижроси назоратга олинган.

Ҳисоб палатасига Бош прокуратура билан ҳамкорликда Ягона идоралараро ижро интизоми электрон тизими орқали назоратни кучайтириш юклатилди.

Жорий йилнинг 1 январидан эътиборан ижро интизомини мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва топшириқларининг бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида jamoatfikri.uz электрон портали ишга туширилди ва “ijro.gov.uz” ягона идоралараро ижро интизоми электрон тизимига интеграция қилинди.

Ўз навбатида, Ҳисоб палатаси томонидан Бош прокуратура билан ҳамкорликда топшириқлар ижроси устидан бевосита жойига чиққан ҳолда комплекс назорат тадбирлари ўтказилмоқда ва натижаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига мунтазам равишда ахборот ва таклифлар киритилмоқда.

11 Январ 2019

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея