Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси 2017 йилги ҳисоботини Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига тақдим қилди.
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2017 йилги ҳисоботи.
Жорий йилнинг 18 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Ҳисоб палатаси 2017 йилги ҳисоботини тақдим қилди.
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси мамлакатимизнинг энг олий ташқи аудит ва молиявий назорат органи ҳисобланиб, Олий Мажлис палаталарига ҳисобдордир. Шу боис ҳисобот дастлаб сиёсий партиялар фракциялари ва депутатлар гуруҳлари томонидан кўриб чиқилди.
Ҳисоб палатасининг 2017 йилдаги фаолияти мамлакатимиз Президентининг Фармон ва қарорлари, жумладан, “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармони ва бошқа ҳужжатлари асосида ташкиллаштирилди.
Шу билан бирга, Давлат бюджети шаклланиши ва даромадларини кўпайтириш захираларини аниқлаш ва сафарбар қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарор ва топшириқларининг, шу жумладан, ҳудудларга амалга оширилган ташриф давомида берилган топшириқларнинг ижросини таъминлашга қаратилган.
Ҳисоб палатасининг ўтган йилги фаолиятида Давлат бюджети лойиҳаси параметрлари шакллантирилиши ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига мувофиқлигини тизимли таҳлил қилиш, қабул қилинаётган давлат ва ҳудудий дастурларнинг молиялаштириш манбалари билан таъминланганлигининг ташқи аудитини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, шунингдек, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳасини такомиллаштириш бўйича 32 таклиф билдирилди. Давлат бюджети даромадлари прогнози лойиҳаси Ҳисоб палатасининг 10 та таклифи асосида қайта кўриб чиқилиб, 1,4 триллион сўмга қайта ҳисоб-китоб қилинишига эришилди.
Ҳисоб палатаси томонидан ҳисобот йилида қарийб 70 та таҳлилий ўрганиш ва назорат тадбирлари ўтказилиб, шунинг 49 таси бевосита жойларга (вилоят, шаҳар ва туманлар) чиққан ҳолда, 20 таси вазирлик ва идораларда амалга оширилди.
Маҳаллий бюджетларга қўшимча даромад манбаларини аниқлаш натижасида бюджетга қарийб 120 миллиард сўм қўшимча даромад манбалари аниқланди. Жумладан, Самарқанд вилоятида 27 миллиард сўм, Тошкент вилоятида 21,4 миллиард сўм, Наманган вилоятида 6,3 миллиард сўм ҳамда Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида 30,4 миллиард сўм, Бектемир туманида 19,4 миллиард сўм ва Сергели туманида 13,3 миллиард сўм қўшимча даромадлар аниқланган.
Бу борадаги ишлар 2018 йилда ҳам давом эттирилиб, Сурхондарё вилоятида 350 млрд.сўм, Қашқадарёда 500 млрд.сўм, Бухорода 450 млрд. сўм, Навоийда
270 млрд.сўм Самарқандда 400 млрд.сўм, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида 150 млрд.сўмдан қўшимча манба аниқланди.
Жорий йилнинг 1-чораги натижалари бўйича маҳаллий бюджетларда қўшимча 1,2 трлн.сўм маблағ шаклланган бўлиб, ушбу маблағлар бюджет параметрларида кўзда тутилмаган ҳудудларни ижтимоий – иқтисодий ривожлантириш тадбирларини молиялаштиришга йўналтирилиши мумкин.
Шу ўринда, давлат бюджети даромадлари тўлиқлигини таъминлаш ва қўшимча заҳираларни аниқлаш йўналишида бир қатор давлат идораларида ўрганишлар ўтказилди.
Жумладан, Давергеодезкадастр қўмитаси ўтказилган ўрганиш натижасида кўчмас мулк ва ер майдонлари ҳисоби тўлиқ ва тўғри юритилмаганлиги оқибатида бюджетга йиллик 146 млрд.сўм тушмаётганлиги аниқланди.
Масалан, Зангиота туманида Қизғалдоқ қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидан уй-жой қуриш учун ажратилган 308 та ер участкасидан 214 таси туман кадастр бўлимида рўйхатга олинмаган.
Қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ер майдонлари бўйича ер эгаларининг ҳисоби тўлиқ юритилмаганлиги оқибатида ягона ер солиғи бўйича йўқотиш 26,0 млрд.сўмни ташкил этган.
Ҳисоб палатаси томонидан аниқланган камчиликларнинг бугунги кунгача бартараф этилганлари бўйича давлат бюджетига 31,0 млрд.сўм қўшимча маблағ жалб этилиши таъминланди.
Ҳисоб палатасининг 2018 йилдаги фаолияти биринчи навбатда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномаси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-5147-сонли Фармонига мувофиқ:
Биринчидан, Давлат бюджети параметрлари шакллантирилиши ва ижросини тизимли таҳлил қилишга, бюджет тизими бюджетларига маблағлар тушумининг тўлиқлигини ўрганиш ва назорат қилишга;
Иккинчидан, Бюджет тизими бюджетлари ҳисобидан амалга оширилаётган харажатларнинг самарадорлиги ва қонунийлигини аудитдан ўтказишга;
Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон, Қарор ҳамда Фармойишларидаги топшириқлар ижросини назорат қилишга;
Тўртинчидан, пул-кредит ва валюта сиёсати, давлат активлари ва мажбуриятларининг ҳолатини ташқи аудитдан ўтказишга;
Бешинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳудудларга ташрифи бўйича йиғилиш баёнларидаги топшириқлари ижросини Вазирлар Махкамаси билан биргаликда назорат қилишга ва топшириқлар ижросида мавжуд муаммоли масалаларни ҳал этишда амалий ёрдам беришга;
Олтинчидан, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 4 та сектор раҳбарлари фаолияти самарадорлигини назорат қилиш ва уларга амалий ёрдам беришга;
Еттинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан берилган алоҳида топшириқлари бўйича назорат ва таҳлилий тадбирлари ўтказишга қаратилади.
Бундан ташқари, “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури доирасида “Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси тўғрисидаги” Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳасида Ҳисоб палатаси фаолиятини янада такомиллаштириш ва ҳалқаро андозаларга мослаштиришни кўзда тутувчи нормалар кўзда тутилмоқда.
Барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2017 йилги ҳисоботи маъқулланди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2017 йилги ҳисоботини тасдиқлади ва тегишли қарор қабул қилди.
18 Май 2018
Воқеалар
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |