Олий Мажлисда Ҳисоб палатасининг фаолияти тўғрисидаги йиллик ҳисоботи кўриб чиқилди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида Ҳисоб палатасининг 2024 йилги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи кўриб чиқилди.
Маълумот ўрнида: жорий йилнинг 5 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасида “Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2024 йилдаги фаолияти тўғрисида”ги ҳисоботи муҳокама қилинган эди.
Мажлисда Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Меҳриддин Абдуллаев маъруза билан сўзга чиқиб, Ҳисоб палатаси томонидан 2024 йилда Давлат бюджетининг ижроси, белгиланган режа асосида тегишли вазирлик ва идораларда ўтказилган аудит ҳамда риск-таҳлил тадбирлари натижалари тўғрисида батафсил ахборот берди.
Ҳисоботда қуйидаги долзарб вазифалар амалга оширилганлиги таъкидланди:
Жумладан, Ҳисоб палатасининг иш услуби ўзгартирилиб, ҳудудларда бюджет интизомига кўмак берувчи ҳамкор идорага айлантирилди ва олдинги текширув тизими ўрнига халқаро стандартлар асосида аудит тизими жорий қилинди.
Натижада, Жаҳон банкининг “Ташқи аудит индикатори”да Ўзбекистон “яхши” даражага кўтарилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июлдаги “Бюджет маблағларидан фойдаланиш устидан молиявий назоратни кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-100-сон Фармони асосида Ҳисоб палатаси фаолиятининг рақамли трансформацияси амалга оширилди.
“Масофавий аудит” автоматлаштирилган ахборот тизими жорий қилиниб, унга 34 та вазирлик ва идоранинг маълумотлар базалари интеграция қилинди. Тизимда 28 та риск-таҳлил механизмлари ва 447 та модуллар ишга туширилди.
2024 йилда Ҳисоб палатаси томонидан янги манбалар ҳисобидан бюджетга қўшимча тушумларни таъминлаш, вазирлик ва идораларнинг самарасиз харажатларини мақбуллаштириш, молиявий камчиликларни барвақт олдини олиш чоралари кўрилди.

Шунингдек, Япония, Ҳиндистон ва Хитой давлатларининг Олий аудит органлари билан халқаро алоқаларни кенг йўлга қўйиш натижасида рақамлаштириш борасида тажриба алмашилди.
Натижада Ҳисоб палатасида ахборот тизимлари орқали қонунга зид бўлган давлат харидлари буюртмалари ва тўловларини реал вақт режимида назорат қилиш модуллари ишга туширилди.
Давлат Раҳбарининг 2024 йил 16 январда берган топшириқларига асосан бюджетдан энг кўп маблағ олувчи 12 та вазирликларда бюджет интизомини кучайтириш, харажатларни оптималлаштириш бўйича доимий назорат олиб борилди.
Ушбу вазирликларда бюджет интизомини онлайн назорат қилувчи “Ситуацион марказ”лар ташкил этилиб, Ҳисоб палатасининг автоматлаштирилган “Масофавий аудит” ва “Мониторинг портали” ахборот тизимларига уланди.
Натижада, автоматлаштирилган тизим орқали вазирликларнинг 443,5 млрд сўмлик камчиликлари бартараф этилди, 85,2 млрд сўмлик давлат харидларига оид қонунбузилишлари барвақт олди олинди.
Ҳисоб палатаси фаолиятининг рақамли трансформацияси жараёни бугунги кунда ҳам давом эттирилиб, Давлат Раҳбарининг топшириқларига асосан сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича ишлар бошланди.
Хусусан, давлат харидлари соҳасида 2 та йўналиш бўйича сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда таҳлил жараёнларини автоматлаштириб, синов режимида ишга туширилди.
Бунда, дастлабки синовларда сунъий интеллект инсон аралашувисиз жами 6 млрд сўмлик 254 та ҳолатларни риск сифатида баҳолаб берди.
Бундан ташқари, Ҳисоб палатаси томонидан халқаро олий аудит органлари ва хорижий давлатлар билан ҳамкорлик ишлари олиб борилди. Жумладан, Япония давлатининг Аудит кенгаши, Парламенти, Аннака ўқув марказлари билан тажриба алмашилиб, уларнинг Аудит комиссияси ва аудит сифати назорати каби ижобий тажрибалари амалиётимизга жорий этилди.
Венгрия олий аудит органи билан ҳамкорлик тўғрисида келишувга эришилиб, олий аудит органларининг ўзаро Маслаҳатлашув кенгаши тузилди.
Шунингдек, 2024 йилда Деҳли шаҳрида Осиёнинг 42 та давлатидан Олий аудит органлари раҳбар иштирок этган AЗОСAИнинг 16-ассамблеясида Ҳисоб палатаси томонидан атроф-муҳит ва барқарор ривожланиш аудити, Марказий Осиёда экологик муаммолар, ахборот технологиялари аудити бўйича доимий тажриба алмашиш платформасини яратиш ташаббуслари илгари сурилди.
Шу билан бирга, илғор халқаро тажриба асосида аудитнинг самарадорлик, мувофиқлик, молиявий, стратегик ва IT стандартлари ҳамда уларни ўтказиш қўлланмалари ишлаб чиқилганлиги таъкидлаб ўтилди.
Мажлисда депутатлар Ҳисоб палатасининг давлат ташқи аудити ва молиявий назоратини рақамлаштириш, замонавий аудит ва назорат усулларини татбиқ этиш йўналишидаги фаолиятини алоҳида эътироф этиб, бу борадаги ишларни давом эттириш зарурлигини таъкидладилар.
Шунингдек, бюджет даромадларининг тўлиқлигини таъминлаш, мавжуд имконият ва захиралар эвазига қўшимча манбаларни ишга солиш, ҳудудларда маҳаллий бюджет маблағларини тўлиқ шакллантириш ва самарали ишлатиш борасида аниқланган муаммолар ва уларнинг ечимлари бўйича Ҳисоб палатасининг ахбороти муҳокама қилинди.
Барча сиёсий партиялар фракциялари томонидан Ҳисоб палатасининг 2024 йилги ҳисоботи маъқулланди. Билдирилган таклифлар ва фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, қуйи палата Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2024 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлади ва тегишли қарор қабул қилди.
6 Май 2025
Воқеалар
Воқеалар тақвими
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |
Фотогалерея
