Ўзбекистон – Туркия Олий аудит органлари муносабатлари янада мустаҳкамланди
Жорий йилнинг 5 май куни Туркия Ҳисоб суди (Олий аудит органи) раҳбари Метин Йенер бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ташрифдан кўзланган мақсад – идоралар ўртасида давлат ташқи аудити соҳасида тажриба алмашиш, истиқболли ҳамкорлик йўналишларини белгилаш.
Маълумот ўрнида: Туркия Республикаси Ҳисоб суди (турк тилида Sayıştay) – мамлакатнинг Олий молиявий назорат органи ҳисобланади. У 1862 йилда Усмонийлар империяси даврида ташкил этилган. Идора Буюк Миллат Мажлиси (Парламент) номидан давлат даромадлари ва харажатларини аудитдан ўтказиб, давлат бошқаруви мулкларини текшириш учун жавобгардир.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия Олий аудит органлари ўртасидаги алоқалар изчил ривожланиб келмоқда. 2024 йилда Анқара шаҳрида идоралар ўртасида Ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Бу ташриф Туркия Ҳисоб суди раҳбарининг Ўзбекистонга илк ташрифи саналади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Меҳриддин Абдуллаев икки давлат етакчилари ва халқларининг сиёсий иродаси ва хоҳиши билан ўзаро муносабатлар Стратегик ҳамкорлик даражасига кўтарилганини таъкидлади. Бугунги кунга келиб Ўзбекистон ва Туркия Олий аудит органлари ҳам икки томонлама, ҳам халқаро ташкилотлар доирасида яқиндан ҳамкорлик қилаётгани айтилди.

Туркия делегацияси аъзоларига Ҳисоб палатаси томонидан аудит жараёнларида ахборот технологияларидан фойдаланиш ва рақамлаштириш, давлат бюджети харажат ва даромадлари аудити соҳаларида амалга оширилаётган трансформация жараёнлари ҳақида маълумот берилди.

Туркия Ҳисоб суди томонидан ушбу идоранинг профессионал фаолияти ҳақида тақдимот қилинди. Сўнг меҳмонлар Ҳисоб палатасининг Масофавий назорат маркази фаолияти билан яқиндан танишди.
Томонлар ўзаро аудит тажрибасини бирлаштириш, янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва барқарор ривожланиш йўналишлари бўйича келишувларга эришди. Улар ўртасида ташқи давлат аудити, халқаро аудит стандартлари (ИССAИ)ни жорий қилиш, IT-аудит соҳаларида ўзаро тажрибани ўрганиш тизимли амалга оширилиши муҳимлиги қайд этилди.
Идоралар фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ўзаро алмашинувини йўлга қўйиш таклифи маъқулланди. Қолаверса, Туркия Ҳисоб судида ҳар йили Ўзбекистон Ҳисоб палатасининг 5-10 нафар аудиторлари учун мақсадли мавзулар бўйича қисқа муддатли ўқув курслари ва тренинглар ташкил қилиш ғояси қабул қилинди.

Учрашув доирасида Ўзбекистон – Туркия Олий аудит органлари Маслаҳатлашув кенгашига асос солинди. Шу билан бирга, икки идора ўртасида Ҳамкорлик бўйича 2025-2027 йилларга мўлжалланган амалий чора-тадбирлар режаси имзоланди. Ушбу Маслаҳатлашув кенгашнинг илк йиғилишини кейинги йил Истамбулда ўтказишга келишилди.
Тошкент шаҳридаги учрашув икки мамлакат Олий аудит органлари ўртасидаги ҳамкорликнинг янги саҳифасини очиб берди.
Туркия делегацияси, шунингдек, Тошкент давлат шарқшунослик университети қошидаги Туркшунослик Олий мактабига ташриф буюрди. Меҳмонлар ушбу даргоҳда турк тили ва маданиятини илмий ва услубий ўрганиш учун яратилган шароитлар билан танишди.

Туркия Ҳисоб суди делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи давом этмоқда. Делегация аъзолари Урганч, Хива, Самарқанд, Ғиждувон ва Бухоро шаҳарларига ташриф буюради.
5 Май 2025
Воқеалар
Воқеалар тақвими
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |
Фотогалерея
