Коррупцияга қарши курашиш Президент йиғилишидаги тезислар юзасидан амалий семинар
Маълумки, жорий йилнинг 5 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Давлат раҳбари ислоҳотлар ҳал қилувчи босқичга кираётган ҳозирги вақтда юртимизда коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича ишларга баҳо бериб, келгуси вазифаларни аниқ белгилаб олиш зарурлигини таъкидлади.
Ҳисоб палатасида ушбу йиғилишда таъкидланган асосий тезислар муҳокамасига бағишланган раҳбарият иштирокида амалий семинар бўлиб ўтди. Семинарда таъкидланганидек, юртимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича аниқ тизим яратилди, алоҳида қонунлар қабул қилинди. Парламент палаталарида масъул қўмиталар, Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш ва агентлик ташкил қилинди.
Энг муҳими, жамиятда коррупция муаммосини жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқадиган очиқ тизим яратилгани, айниқса, оммавий ахборот воситаларининг бу борадаги ўрни ва таъсири ортиб бораётгани қайд этилди.
Президент томонидан коррупцияга қарши кураш соҳасида Ҳисоб палатасига амалга оширилиши лозим бўлган қатор тизимли вазифалар белгиланди.
Жумладан, Ҳисоб палатасига (Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда) Парламентнинг бюджет учун масъул қўмиталари билан ҳамкорликда тўғридан-тўғри харидларни 2 карра қисқартириш топширилди.
Йил якунигача сунъий интеллект ёрдамида давлат харидларида қонунга зид ҳолатларни аниқлаш ва олдини олиш бўйича электрон тизимни ишга тушириш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, бу борада Эксперт комиссиясини тузиш, ушбу комиссия томонидан илғор тажриба асосида давлат харидларида товарларнинг ўртача бозор нархлари кўриниб турадиган электрон платформа яратиш ҳамда ундаги маълумотлар янгиланиб турадиган тизим қилиши белгиланди.
Семинарда юқорида қайд қилинган вазифалар юзасидан кенг муҳокамалар бўлиб ўтди. Унда вазифаларнинг мазмун-моҳияти ва бажариш механизмлари бўйича тушунтиришлар берилди.
Тадбир жонли интерактив мулоқот форматида бўлиб ўтди.
Ҳисоб палатаси жамоаси Президентимиз томонидан коррупциянинг олдини олиш борасидаги ишлар натижадорлигини ошириш бўйича берган топшириқлар ижросига ўзининг бутун куч ва салоҳиятини сафарбар этишга тайёрлигини билдирди.
10 Март 2025
Воқеалар
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |
