Ҳисоб палатасининг Осиё тараққиёт банки билан муносабатлари янада мустаҳкамланмоқда

Сўнгги даврда Ҳисоб палатасининг халқаро молиявий тузилмалар билан алоқалари фаоллашиб бормоқда. Ушбу идора кенг ҳамкорлик қилаётган халқаро ташкилотлардан бири бу – Осиё Тараққиёт Банки (ОТБ) ҳисобланади.

 

Бугун Ҳисоб палатасида Чидем Акин бошчилигида Осиё тараққиёт банкининг давлат бошқаруви соҳасидаги экспертлари билан учрашув бўлиб ўтди. 

Учрашув аввалида Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Меҳриддин Абдуллаев ушбу идорада амалга оширилаётган трансформацион жараёнлар ҳақида сўз юритди. Жумладан, Ҳисоб палатаси ўз фаолиятини аввалги молиявий текширишлардан халқаро стандартлар асосида аудит ўтказишга қаратиб, давлатнинг профессионал хулоса берувчи ва баҳоловчи аудит органи сифатида қайта шакллантирилгани таъкидланди.

 

 

Илғор халқаро тажриба асосида аудитнинг самарадорлик, мувофиқлик, молиявий, стратегик ва IT стандартлари ҳамда уларни ўтказиш қўлланмалари ишлаб чиқилди. 

Хорижий методологиялар асосида давлат ташқи аудитини ташкил этиш мақсадида Ҳисоб палатасида Халқаро стандартлар асосида давлат аудитини ташкил этиш шўъбаси ташкил қилингани айтилди.

Куни кеча Ҳисоб палатаси KPMG Академияси билан Ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолаб, ушбу идоранинг 20 нафар аудиторлари нуфузли ACCA малака дастури бўйича ўқув курсларида иштирок этишни бошлади.

2024 йилда ушбу идоранинг делегацияси ОТБнинг амалий кўмаги билан Япония Аудит Кенгаши (Олий аудити органи) ва Парламентига ташриф буюрган. Шунингдек, Ҳисоб палатаси аудиторлари Сеул шаҳрида бўлиб ўтган “иқлим мақсадларига эришиш” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этган. Бунинг учун М. Абдуллаев ОТБ жамоасига ўзининг самимий миннатдорлигини билдирди. 

Учрашувда шу билан бирга рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш мақсадида Ҳисоб палатаси Масофавий назорат марказининг фаолияти тизимлаштирилгани таъкидланди. Ҳисоб палатасида яратилган катта ҳажмдаги маълумотлар базаси орқали онлайн режимида бюджет маблағлари сарфининг қонунийлиги, мақсадлиги ва самарадорлигини назорат қилиш тизими йўлга қўйилди.

Аудит тадбирларини халқаро стандартлар асосида амалга ошириш мақсадида Ҳисоб палатаси жорий йилда Хитой, Ҳиндистон, Корея Республикаси, Малайзия, Венгрия, Латвия каби мамлакатлар билан тажриба алмашишни режалаштирган.

 

 

Ўз навбатида, Ўзбекистонда муқаддам фаолият юритган Чидем Акин Ҳисоб палатаси билан ходимларнинг малакасини ошириш ва халқаро аудит стандартларини жорий этиш йўналишида ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдирди. 

Учрашувда томонлар 2025 йил учун ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб олдилар.

 

Ҳисоб палатаси бундан кейин ҳам ўз фаолиятини методологик ва ташкилий  жиҳатдан ривожлантириш ишларини фаол давом эттиради.

 

19 Феврал 2025

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея