Ҳисоб палатаси KPMG Академияси билан Меморандум имзолади

Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти негизида KPMG Академиясининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

 

KPMG компанияси Ўзбекистонда 7  йилдан бери маҳаллий ва халқаро компанияларга аудиторлик, солиқ ва консалтинг хизматларини кўрсатиб келмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси KPMG Академияси ва Сингапур менежментни ривожлантириш институти билан ҳамкорликка қадам қўйди. 

Академиянинг очилишида Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари Сардор Мирзаев бунинг негизида ушбу идоранинг давлат молиявий назорати ва ташқи аудит соҳасида инновацион фикрлаш ва янги усулларда ишлашга бўлган интилишимиз мужассам этилганини таъкидлади.

 

 

Маълумки, жорий йилнинг 20 январь куни Давлатимиз Раҳбари ҳузурида Ҳисоб палатаси томонидан 2024 йилда амалга оширилган ишлар ва 2025 йилги асосий вазифаларга оид тақдимот ўтказилди. Унда Ҳисоб палатасига қатор устувор вазифалар белгиланди.

Халқаро стандартлар асосида аудит тизимини кенг жорий қилиш ва Ҳисоб палатаси ходимларини халқаро стандартлар асосида ўқитиш идоранинг устувор йўналишлардан бири сифатида бўлиши Президентимиз томонидан алоҳида  таъқидлаб ўтилган.

Шу мақсадда Ҳисоб палатаси KPMG Академияси ва Сингапур менежментни ривожлантириш институти билан ходимлар учун нуфузли ACCA малака дастури бўйича ўқув курсларини йўлга қўйди.

 

ACCA дастури доирасида KPMG Академияси ва Сингапур менежментни ривожлантириш институтининг малакали мутахассислари иштирокида молиявий ҳисоботлар халқаро стандартлари, молиявий назорат ва аудит соҳасидаги янги трендлар, халқаро тажриба ва амалиётлар билан танишиш мумкин бўлади. Унда Ҳисоб палатасининг 20 нафар аудиторлари иштирок этади. Дастур 18 ой давом этиб, молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари асосида аудит ўтказиш, молиявий бошқарув ҳамда самарадорликни бошқариш бўйича чуқур назарий ва амалий билимларни эгаллаш имконини беради. Бу саъй-ҳаракатлар, шунингдек, Ҳисоб палатасига босқичма-босқич халқаро ташкилотлар фаолияти аудитида иштирок этиш учун пойдевор яратади.

 

 

Очилиш маросими доирасида Ҳисоб палатаси ва Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти ўртасида Ҳамкорлик тўғрисида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

 

 

Сингапур менежментни ривожлантириш институти ректори Илҳом Маматқулов ушбу Меморандум халқаро стандартларга ўтиш масалаларида молия ва аудит соҳасида инсон ресурсларини ривожлантириш бўйича идоралар ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорлик учун пойдевор бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирди.

Қолаверса, ташқи аудит соҳасида кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, конференция, семинар ва тренинглар ташкил этиш режалаштирилган.

 

Бундай ўқув дастурлар босқичма-босқич бошқа давлат идораларда хам татбиқ этилиб, Ўзбекистонда молиявий назорат ва ҳисобот бериш жараёнларини янада шаффоф ва самарали тарзда амалга оширишга хизмат қилади.

 

 

10 Феврал 2025

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея