Ҳисоб палатаси ходимлари учун ACCA ўқув дастури йўлга қўйилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-100-сонли Фармонида Ҳисоб палатаси фаолиятига халқаро аудит стандартларини кенг жорий қилиш вазифаси белгиланган.
Шунингдек, жорий йилнинг 20 январь куни Давлатимиз Раҳбарига Ҳисоб палатаси томонидан 2024 йилда амалга оширилган ишлар ва 2025 йилги асосий вазифаларга оид тақдимотда Ҳисоб палатасига бир қатор устувор вазифалар белгиланди. Халқаро стандартлар асосида аудит тизимини кенг жорий қилиш ва Ҳисоб палатаси ходимларини халқаро стандартлар асосида ўқитиш шулар жумласидан.
Шу мақсадда Сингапур Менежментни Ривожлантириш Институти (Management Development Institute of Singapore) ва дунёнинг “Катта тўртлиги”га кирувчи KPMG аудитор ташкилоти хамкорлигида Ҳисоб палатаси ходимлари учун ACCA малака дастури бўйича ўқув жараёнлари йўлга қўйилди.
Маълумот учун: ACCA – Association of Chartered Certified Accountants (Сертификтланган жамоатчи ҳисобчиларнинг уюшмаси) 1904 йилда Лондонда (Буюк Британия) ташкил этилган. Илк бора у London Association of Accountants номи билан фаолиятини бошлаб, кейинчалик бир неча бор бирлашувлар ва ўзгаришлар орқали бугунги ACCA номи билан жаҳонга танилган ташкилотга айланди.
Жорий йилнинг 3 февраль куни ўқув дастурига старт берувчи тадбир ўтказилди. Унда қатор ташкилий масалаларнинг мухокамаси бўлиб ўтди.
Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари М. Абдуллаев аудиторларни янги методологиялар ва илғор амалиётлар бўйича узлуксиз малакасини ошириш муҳимлигини таъкидлади. Бу эса, ўз навбатида, Ҳисоб палатаси аудиторлари томонидан халқаро аудит жараёнларида иштирок этиш учун восита бўлиши таъкидланди.
Тадбирда АССА дастури доирасидаги босқичлар, устувор йўналишлар, даврийлик бўйича келишувларга эришилди. Ушбу жараёнларни самарали ташкил учун Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари С. Мирзаев масъул этиб белгиланди.
Халқаро миқёсда эътироф этилган ACCA ўқув дастури 18 ой давом этиб, молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари асосида аудит ўтказиш, молиявий бошқарув ҳамда самарадорликни бошқариш бўйича чуқур назарий ва амалий билимларни эгаллаш имконини беради.
Дастурдан кўзланган мақсад – Ҳисоб палатаси ходимларининг халқаро стандартлар асосида аудит амалиёти ва молиявий бошқарув кўникмаларини ривожлантириш, давлат секторида шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлашга кўмаклашиш, халқаро молиявий институтлар лойиҳаларини халқаро стандартлар асосида аудитдан ўтказиш.
Бу саъй-ҳаракатлар, шунингдек, Ҳисоб палатасига босқичма-босқич халқаро ташкилотлар фаолияти аудитида иштирок этиш учун замин яратади.
ACCA ўқув дастури қатор муҳим йўналишларни ичига олган. Масалан, Халқаро аудит стандартлари (ISA) бўйича аудиторларга сўнгги ёндашувларни тушунтириш. ACCA малакасига эга бўлган аудиторлар давлат ташкилотларида ички назорат тизимлари ва хатарларини аниқлаш ҳамда баҳолашда муҳим кўникмаларга эга бўлади.
Стратегик бошқарув ва давлат дастурлари самарадорлигини баҳолаш кўрсаткичлари асосида ҳам ўқитилади. Шунингдек, ACCA дастурида бюджетни тузиш, тафовутлар таҳлили ва харажатлар бошқаруви каби йўналишлар бўйича ҳам билим ва тажриба олинади.
Молиявий кўрсаткичларни чуқур таҳлил қилиш кўникмасига ҳам эътибор қаратилди. Бу аудит жараёнида номутаносибликлар ёки рискларни тезкор аниқлаш ва яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
Келгусида Ҳисоб палатаси аудиторларининг тўлиқ таркибда халқаро сертификат олишини таъминлаш бўйича устувор вазифалар белгиланди.
3 Феврал 2025