Президентга молиявий назорат режалари бўйича ахборот берилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳисоб палатаси томонидан 2024 йилда амалга оширилган ишлар ва 2025 йилги асосий вазифаларга оид тақдимот билан танишди.
Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Меҳриддин Абдуллаев Давлатимиз Раҳбарига маблағларнинг мақсадли ва самарали ишлатилиши юзасидан ҳисобот берди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ҳисоб палатасининг иш услуби ўзгартирилиб, ҳудудларда бюджет интизомига кўмак берувчи ҳамкор идорага айлантирилди. Олдинги текширув тизими ўрнига халқаро стандартлар асосида аудит тизими жорий қилинди. Жаҳон банкининг “Ташқи аудит индикатори”да Ўзбекистон “яхши” даражага кўтарилди.
2024 йил 10 июлда Ўзбекистон Президентининг “Бюджет маблағларидан фойдаланиш устидан молиявий назоратни кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Унда вазирлик ва давлат идораларида ички аудит тизимини такомиллаштириш, тизимни рақамлаштириш, консолидациялашган бюджет ижросини ташқи аудитдан ўтказиш каби вазифалар белгиланди.
Ҳисоб палатасида, шунингдек, рақамли трансформация жараёнларии амалга оширилмоқда. “Масофавий аудит” автоматлаштирилган ахборот тизими жорий қилиниб, унга 34 та вазирлик ва идора боғланди.
2024 йилда Ҳисоб палатаси янги манбалар ҳисобидан 3,7 триллион сўм бюджетга қўшимча тушумларни таъминлади. Вазирлик ва идораларнинг 9,2 триллион сўмлик самарасиз харажатлари мақбуллаштирилди, 2,3 триллион сўмлик молиявий камчиликлар олди олинди. Давлат харидларига оид 4,5 триллион сўмлик камчиликлар бартараф этилди.
Бундай амалга оширилаётган тизимли ишларни жорий йилда ҳам изчил давом эттириш зарур. Жумладан, “Масофавий аудит” автоматлаштирилган ахборот тизимига 110 та вазирлик ва идоранинг маълумотлар базаси интеграция қилинади. Бу орқали жорий йилда 480 триллион сўмлик бюджет харажатлари мониторинги тўлиқ қамраб олинади.
Тақдимотда айтилганидек, жорий йилда бюджетга 309 триллион сўм даромадлар тушишини таъминлаш чоралари кўрилади. Халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларни халқаро стандартлар асосида аудитдан ўтказиш амалиёти бошланади.
Президент барча давлат идораларида молиявий интизом ва тежамкорликка қатъий амал қилиниши зарурлигини таъкидлади.
20 Январ 2025
Воқеалар
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |
