Ҳисоб палатасининг 2024 йил якунлари бўйича брифинги

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ҳисоб палатаси томонидан 2024 йил давомида амалга оширилган ишлар юзасидан брифинг бўлиб ўтди. Унда Ҳисоб палатасида амалга оширилган тизимли ишлар ва трансформацион жараёнлар ҳақида маълумот берилди.

Маълум қилинишича, 2024 йил давомида Ҳисоб палатаси томонидан илғор халқаро тажриба асосида аудитнинг самарадорлик, мувофиқлик, молиявий, стратегик ва IT стандартлари ҳамда уларни ўтказиш қўлланмалари ишлаб чиқилди, 33 та идоравий ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Рақамлаштиришни жадаллаштириш мақсадида Ҳисоб палатасининг Масофавий назорат маркази фаолияти, молиявий назорат тадбирларини назорат қилишга қаратилган “Давлат аудити” ахборот тизими янада тизимлаштирилди.

Масофавий назорат марказида 98 та вазирлик ва идоралар билан ахборот алмашинуви бўйича келишувлар тасдиқланди.

Давлат Раҳбарининг 2024 йил 16 январда берган топшириқларига асосан, Ҳисоб палатаси ва Бош прокуратура томонидан бюджетдан энг кўп маблағ олувчи 12 та вазирликларда бюджет интизомини кучайтириш, харажатларни оптималлаштириш бўйича доимий назорат олиб борилди.

Ушбу вазирликларда бюджет интизомини онлайн назоратини амалга оширувчи “Ситуацион марказлар” ташкил этилиб, Ҳисоб палатасининг “Масофавий аудит” ва “Мониторинг портали” ахборот тизимларига уланди ҳамда уларга масъул ходимлар доимий бириктирилди.

Назорат ишларининг йиллик дастурига мувофиқ белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан 60 та назорат тадбирлари, шунингдек ҳудудлар ва соҳалар бўйича 45 та тематик ва амалий ёрдам тадбирлари ўтказилди.

Бунинг натижасида 9,2 трлн сўм бюджет харажатлари мақбуллаштирилиб, 4,5 трлн сўм қўшимча даромад манбалари аниқланди ҳамда 419 млрд сўмлик ортиқча харажатлар бартараф этилди.

 

2025 йилда ҳам Ҳисоб палатаси томонидан бюджет интизомини кучайтириш, бюджетдан самарасиз харажатларни барвақт олдини олиш, бюджетга қўшимча  даромадларни кўпайтириш, тушумлар тўлиқлигини таъминлаш ва тизимли муаммолар ечимини топиш йўналишида ишлар давом эттирилиши маълум қилинди.

 

 

14 Январ 2025

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея