Ўзбекистон ва Венгрия Олий аудит органлари ўртасидаги ҳамкорликнинг янги тарихий босқичи
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Меҳриддин Aбдуллаев бошчилигидаги делегация шу кунларда Венгрия Давлат аудит идораси (Олий аудит органи)да амалий ташриф билан бўлиб турибди.
Ташрифдан кўзланган мақсад – Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш ҳамда Венгрия Давлат аудит идорасининг давлат ташқи аудити соҳасидаги тажрибасини ўрганиш.
Маълумот ўрнида: Венгрия Давлат аудит идораси (State Audit Office of Hungary) – Миллий Мажлис (Парламент) таркибидаги Олий молиявий назорат органи ҳисобланади. У 1870 йилда ташкил этилган. Сиёсий ва профессионал жиҳатдан мустақил идора. ИНТОСАИ, ЕВРОСАИ каби халқаро тузилмаларнинг Бошқарув кенгашига аъзо.
Ташрифнинг биринчи кунида Ўзбекистон Ҳисоб палатаси делегацияси ва Ласло Виндиш раислигида Венгрия Давлат аудит идораси жамоаси ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда Томонлар ўз муассасаларидаги трансформация жараёнлари, жорий қилинган инновациялар ва истиқболли режалар юзасидан фикр алмашдилар.
М. Aбдуллаев Ҳисоб палатасида ҳозирда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ахборот технологияларини кенг жорий қилиш ва рақамлаштириш масалаларига оид тақдимот қилди.
Тақдимотда, шунингдек, Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари тарихан юқори даражада эканлиги, бу эса икки мамлакат Олий аудит органлари ўртасидаги муносабатларни ҳам сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш имкониятини бериши таъкидланди.
Венгрия давлат аудиторлари томонидан бюджет бошқарувини назорат қилиш, давлат аудитининг янги усуллари ва миллий миқёсда халқаро методологияларни қўллаш билан боғлиқ илғор тажрибалар тақдим этилди.
Учрашув доирасида Ўзбекистон ва Венгрия Олий аудит органлари ўртасида Ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди. Унга мувофиқ Томонлар самарадорлик аудити методологиясини такомиллаштириш, аудит технологиялари, IT-тизимлари соҳасида инновацион ечимлар, кадрлар салоҳиятини ошириш соҳаларида яқиндан ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришдилар. Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Венгрия Олий аудит органлари раҳбарларининг Маслаҳатлашув кенгаши тузишга келишилди.
Ҳисоб палатаси делегациясининг Венгриядаги икки томонлама учрашувлари давом этмоқда.
26 Ноябр 2024
Воқеалар
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |