Ҳисоб палатасининг 9 ой якунлари бўйича брифинги

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ҳисоб палатаси томонидан 2024 йилнинг январь-сентябрь ойларида амалга оширилган ишлар юзасидан брифинг бўлиб ўтди. Унда Ҳисоб палатасида амалга оширилган тизимли ишлар ва трансформацион жараёнлар ҳақида маълумот берилди.

Маълум қилинишича, назорат ишларининг йиллик дастурига мувофиқ белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан 47 та назорат тадбирлари, шунингдек, ҳудудлар ва соҳалар бўйича 43 та тематик ва амалий ёрдам тадбирлари ўтказилди.
 
Назорат тадбирлари ва таҳлиллар натижасида:
54,5 миллиард сўм ортиқча ва ноқонуний харажатларнинг олди олинган;
♦ давлат бюджетига 3,6 триллион сўмлик қўшимча даромад манбалари аниқланиб, ҳозирда ундириш чоралари кўрилмоқда;
♦ бюджет маблағлари ҳисобидан 177 миллиард сўмлик ортиқча ва ноқонуний харажатлар аниқланиб, уларни бартараф этиш ва келгусида такрорланмаслик чоралари кўрилган.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июлдаги “Бюджет маблағларидан фойдаланиш устидан молиявий назоратни кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган Давлат бюджетининг ижроси устидан молиявий назоратни янада кучайтириш бўйича чора-тадбирлар дастурига мувофиқ 38 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилиши белгиланиб, шундан 7 тасининг қабул қилиниши ва 5 таси бўйича масъул вазирликларга таклиф берилиши таъминланди. 
 
Ҳисоб палатасида Мудофаа мажмуи ва ҳуқуқ-тартибот органлари харажатларини аудит қилиш шўъбаси ташкил қилинди. Мавжуд штат бирликлари доирасида ташкил қилинган ушбу шўъбанинг асосий вазифалари этиб мудофаа тизими, жумладан, мудофаа саноати харажатлари, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлаш, божхона хизмати ва ички тартибни сақлаш билан боғлиқ харажатларни аудитдан ўтказиш белгиланди. 
 
Ундан ташқари, илғор хорижий тажриба ҳамда методологиялар асосида давлат ташқи аудитини ташкил этиш мақсадида Ҳисоб палатасида Халқаро стандартлар асосида давлат аудитини ташкил этиш шўъбаси ташкил қилинди.
 
Ҳисоб палатасининг Масофавий назорат марказида “Масофавий аудит” ахборот тизими жорий этилиб, 51 та йўналишда автоматик таҳлилларни амалга ошириш йўлга қўйилди.
 
Президент топшириқлари ижроси ҳаққонийлиги юзасидан 5 та вазирлик ва идоралар, 8 та вилоят ҳокимлигида тематик ва манзилли ўрганиш ўтказилиб, 92 та топшириқнинг жойида ижроси таъминланди, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан 20 та таклиф ишлаб чиқилди. 
 
Бюджет харажатларининг самарадорлиги ва қонунийлигини таъминлаш ҳамда тушумлар тўлиқлиги устидан назорат ишлари Ҳисоб палатаси томонидан давом эттирилади. 

1 Ноябр 2024

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея