Халқаро валюта жамғармаси экспертлари билан муҳокамалар
2024 йил 18 июль куни Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасида халқаро консултант Марко Канджано бошчилигида Халқаро валюта жамғармаси вакиллари ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мутахассислари билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ҳисоб палатаси ва Халқаро валюта жамғармаси ўртасида Ўзбекистонда 2025-2030 - йилларда давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш стратегияси юзасидан муҳокамалар бўлиб ўтди.
Учрашувда Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари М. Абдуллаев мамлакатимизда давлат молиявий назорат соҳасининг жорий ҳолати ва Ҳисоб палатаси томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Жумладан, Ҳисоб палатаси томонидан самарадорлик аудитини ўтказиш, молиявий назорат фаолиятини рақамлаштириш, IT-дастурларини ишга тушириш ҳамда келгуси йилда стратегик ва IT-аудит турларини жорий этиш масалаларига асосий эътибор қаратилли.
Тадбирда келгусида бюджет ташкилотларида рискларни аниқлаш, ички аудит тизимини такомиллаштириш ва “риск қўмиталарини” тузиш каби йўналишларда устувор ишлар амалга оширилиши таъкидланди.
Учрашув якуни бўйича Ҳисоб палатаси ва Халқаро Валюта Жамғармаси келгусида ўзаро ҳамкорлик муносабатларини янада фаоллаштириш бўйича келишдилар.
18 Июл 2024
Воқеалар
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |