Давлат бюджети маблағларидан фойдаланиш устидан молиявий назорат кучайтирилади
“Бюджет маблағларидан фойдаланиш устидан молиявий назоратни кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ-100-сон, 10.07.2024 й.) қабул қилинди.
Фармонга кўра, қуйидагилар амалга оширилади:
➖ Ўзбекистоннинг консолидациялашган бюджети ижроси ташқи аудитдан ўтказилади ва натижаси бўйича тегишли хулосалар тайёрланади;
➖ 2025 йилдан устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган йирик ташкилотлар фаолиятини аудитдан ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади;
➖ стратегик ва ахборот технологиялари аудити турлари жорий этилади;
➖ Ҳукумат томонидан Ўзбекистоннинг консолидациялашган бюджети ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни Ҳисоб палатасига ташқи аудит ўтказиш ва баҳолаш учун ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 5 мартигача юбориш тартиби белгиланди.
➖ 2024 йилдан Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларига эришиш дастурларининг ижроси ҳар йили Ҳисоб палатаси томонидан баҳолашдан ўтказилади ҳамда натижалари юзасидан Президентга ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳисобот киритилади.
2025 йилдан:
➖ Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари ҳисобидан ҳудудларга тақсимланган маблағлар бўйича маълумотлар тегишли халқ депутатлари Кенгашларига тақдим этилади. Бунда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ҳудудларга Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларидан ажратилаётган маблағлар бўйича сўрови ва назорати йўлга қўйилади.
➖ Ҳар чоракда Ҳисоб палатаси томонидан ўтказилган назорат тадбирлари якунлари бўйича тақдим этилган ахборотлар Ҳукуматнинг мажлисларида муҳокама қилиб борилади.
➖ 2025 йил 1 январдан молиявий ва бошқа хавфларнинг олдини олиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирлик ва идоралар, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган йирик ташкилотларда уларнинг биринчи раҳбарлари бошчилигида коллегиал асосда “Хавфларни бошқариш” қўмиталари тузилади.
➖ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тузилмасида ички аудит хизматлари ташкил этилади.
➖ Ҳисоб палатасига маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида коррупцияга қарши курашиш бўйича ички назорат тизимини жорий этишга, шунингдек, унинг самарали фаолият кўрсатишига доир чора-тадбирларнинг амалга оширилиши устидан назорат қилиш ваколати берилади.
➖ Давлат молиявий назорати органлари ҳамда ички аудит хизматларининг йиллик иш режаларига киритиладиган молиявий назорат ва ички аудит тадбирлари мажбурий тартибда Ҳисоб палатаси билан келишилади.
➖ Давлат молиявий назорати органлари ҳамда ички аудит хизматлари ташкил этилган вазирлик ва идораларга, Марказий банк ва тижорат банкларидан бюджет ташкилотлари ҳамда бюджет маблағларини олувчиларнинг бюджет ва давлат қарзи маблағларининг ҳаракатига доир маълумотларни марказлашган тартибда сўраб олиш ваколати берилади.
Ҳисоб палатасида қуйидагилар ташкил этилади:
➖ Мудофаа мажмуи ва ҳуқуқ-тартибот органлари харажатларини аудит қилиш шўъбаси;
➖ Халқаро стандартлар асосида давлат аудитини ташкил этиш шўъбаси;
➖ Тадқиқот, эксперт-таҳлил ва ўқув маркази (Тадқиқот маркази).
Ғазначилик хизмати қўмитаси ва унинг ҳудудий тузилмаларига қуйидаги вазифалар юкланди:
➖ давлат харидлари соҳасида қонун бузилиши ҳолатлари аниқланганда, тўловларни вақтинча тўхтатиш (иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган кечиктириб бўлмайдиган харажатлар бундан мустасно), шартномани рўйхатдан ўтказмасдан қайтариш, уни бекор қилиш ва қонун бузилиши ҳолатлари мавжудлиги тўғрисида давлат буюртмачисига ҳамда давлат молиявий назорати органлари ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабарнома юбориш;
➖ молиявий операцияларнинг барча жараёнларида шубҳали ҳолатлар бўйича Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментини 3 иш кунида хабардор қилиш;
➖ рўйхатдан ўтказилган шартномалар бўйича муддати ўтган дебитор ва кредитор қарздорликлар ҳисобини юритиш ҳамда ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 10-санасигача Ҳисоб палатаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига тегишли маълумот тақдим этиб бориш.
11 Июл 2024
Воқеалар
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |