Ўзбекистон – Япония Олий аудит органлари ўртасидаги муносабатларнинг янги саҳифаси

Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари М.Абдуллаев бошчилигидаги делегация Япониянинг Токио шаҳрида хизмат сафарида бўлди. 

Ташриф, аввало, Япония Аудит Кенгашидан бошланди (Япония Олий аудит органи). Унда Кенгаш комиссари Харада Юхей билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама этилди.
Маълумот ўрнида: Япония Аудит Кенгаши 1869 йилда Молия вазирлиги ҳузурида, 1880 йилда Вазирлар Маҳкамаси (Ҳукумат)нинг бевосита назорати остидаги аудиторлик орган сифатида ташкил этилган. 1947 йилдан буён Вазирлар Маҳкамасидан мустақил конституциавий орган сифатида қайд этилган.
 
 
Учрашув Япониянинг молиявий назорат соҳасидаги бой тарихий тажрибасини ҳамда халқаро аудит стандартларини қўллашдаги амалиётини чуқур ўрганиш имконини берди.
Япония Аудит Кенгаши билан Ўзбекистон Ҳисоб палатаси ўртасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, шу жумладан, Осиё Олий назорат органларининг ташкилоти (АЗОСАИ) томонидан ўтказиладиган халқаро тадбирларда фаол иштирок этишга келишилди. 
 
 
**
Ўзбекистон Ҳисоб палатаси делегацияси Япония Парламенти (Диет)нинг Юқори палатаси (Маслаҳатчилар палатаси) вакиллари билан учрашув ўтказди. Унда Япония Парламенти ва Аудит Кенгаши ўртасидаги ўзаро муносабатлар тўғрисида батафсил ахборот берилди.
Қайд этилганидек, Япония Вазирлар Маҳкамаси Давлат бюджети шаклланиши ва сарфланиши бўйича якуний ҳисоботларини тайёрлайди ва Аудит Кенгашига юборади. Аудит Кенгаши ушбу ҳисоботларни аудитдан ўтказади ва аудит ҳисоботи билан бирга Вазирлар Маҳкамасига қайтаради. 
Вазирлар Маҳкамаси эса аудит ҳисоботини Парламентга юборади. Ўз навбатида, Парламентнинг икки палатаси Давлатнинг якуний ҳисоботларини муҳокамадан ўтказади.
 
 
Ушбу учрашувда Парламент ва Олий аудит органлари ўртасида конструктив муносабатларни ўрнатиш, давлат молиявий назорати соҳасида шаффофликни таъминлаш борасида фойдали маълумотлар олинди.
**
Бундан ташқари, Ўзбекистон Ҳисоб палатаси делегацияси Япониянинг халқаро ҳамкорлик агентлигининг (JICA) бош қароргоҳида бўлиб, муассасанинг Европа, Осиё, Кавказ мамлакатлари бюроси Бош директори Хиросава Масаюки билан учрашув ўтказилди.
Маълумот ўрнида: Ўзбекистон JICA билан 1993 йилдан буён ҳамкорлик қилади. Ушбу ҳамкорлик ҳозирда иккита форматда амалга оширилади: биринчиси – имтиёзли кредитлар ажратилиши, иккинчиси - техник ёрдам кўрсатиш. Ҳамкорликнинг асосий мақсади – Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишига кўмак беришдан иборат.
Хиросава Масаюки томонидан Ўзбекистон Ҳисоб палатасини республиканинг барқарор ривожланиши, ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш ва хорижий инвестицияларни жалб этишда ишончли ҳамкорга айланганлиги қайд этилди.  
Учрашув жараёнида JICA лойиҳалари доирасида Япония Аудит Кенгашининг Ўқув марказида Ўзбекистон Ҳисоб палатаси ходимларини малакасини оширишга келишилди.
**
Шундан сўнг, Ўзбекистон Ҳисоб палатаси делегацияси Япония сертификатланган аудиторлар институти (JICPA)га ташриф буюрди. 
Маълумот ўрнида: JICPA 1998 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг асосий вазифаси миллий иқтисодиётнинг соғлом ривожланишига ва узлуксиз касбий ривожланиш тизимини яратишдан иборат. JICPA аудит соҳасидаги экспертларга “сертификатланган жамоат аудитори” сифатида ўз вазифасини амалга оширишга кўмак беради. Қонунга кўра, аудитор сифатида рўйхатдан ўтиш учун 3 йиллик амалий тажрибага эга бўлиши талаб этилади. Бугунги кунга қадар JICPA томонидан халқаро стандартлар асосида 40 мингга яқин аудиторлар тайёрланган. 
 
 
Учрашувда JICPA томонидан Ўзбекистоннинг тегишли ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, тажриба алмашишга тайёрлиги билдирилди ва ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан келишиб олинди.
 
 
**
Ўзбекистон Ҳисоб палатаси делегацияси, шунингдек, Япония Аудит Кенгашининг Aннака ўқув маркази (Annaka Training Center)да бўлиб, унинг иш фаолияти билан яқиндан танишди.
Маълумот ўрнида: Aннака ўқув маркази 1992 йилда ташкил топган бўлиб, унда Япония Аудит Кенгаши ҳамда вазирлик ва идораларнинг аудиторлари таълим ва малака ошириш курсларида иштирок этади.
Делегациямиз аъзолари ушбу Марказда молиявий саводхонлик, қонунчилик нормалари, фундаментал-амалий машғулотлар, стандартлаштириш каби йўналишлардаги малака ошириш жараёнлари билан танишди. 
**
Умуман, олганда, Японияга сафар мазмунли ва учрашувларга бой бўлди. Япония Парламенти ва Аудит Кенгаши билан икки томонлама ва халқаро тузилмалар доирасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишиб олинди. 
Парламент ва Олий аудит органи ўртасида узвий ҳамкорликни амалга ошириш бўйича янги амалий ёндашувлар ўрганилди. JICA билан грант асосида Ўзбекистон Ҳисоб палатаси ходимларининг Япониядаги стажировакалари муҳокама қилинди.
Томонлар истиқболда янги форматларда ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини таъкидладилар.

8 Июл 2024

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея