Ҳисоб палатаси ва Туркия Ҳисоб суди ўртасидаги муносабатлар тарихида янги саҳифа очилди
Ҳисоб палатаси раиси A. Бобоев бошчилигидаги делегация Туркия Республикаси Ҳисоб суди (Олий аудит органи) ташкил топганлигининг 162-йиллигига бағишланган тантаналарда иштирок этиш мақсадида амалий ташриф билан Aнқара шаҳрида бўлди.
Тантанали тадбирда Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Туркия Буюк миллат мажлиси раиси Нуман Қуртулмуш, Туркия Ҳисоб суди раиси Метин Йенер, Туркия Олий суд органлари аъзолари, шунингдек, Озарбайжон, Қирғизистон ва Қозоғистон Олий аудит органларининг раҳбарлари иштирок этди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон ва Туркия Олий аудит органлари раҳбарлари ўртасида икки томонлама учрашув ташкил этилди. Томонлар давлат молиявий назоратига оид масалалар юзасидан фикр алмашдилар.
Туркия Ҳисоб суди раиси Метин Йенер Ўзбекистонда ташқи аудит тизимини такомиллаштириш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо берди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар ўртасида янгиланган Ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Унга кўра, яқин келажакда Ўзбекистон Ҳисоб палатаси аудиторларининг малакасини ошириш учун Туркияга юбориш ҳамда Туркиялик консультант-экспертларни Тошкентда қабул қилиш юзасидан дастлабки келишувларга эришди.
Анқарага ташриф доирасида Туркия Буюк миллат мажлиси раиси Нуман Қуртулмуш билан ҳам учрашув ташкил этилди. Учрашувда мамлакатимизда ҳар бир соҳада амалга оширилаётган таркибий ислоҳотларга юксак баҳо берилди.
Нуман Қуртулмуш, шунингдек, икки давлат етакчилари ўртасидаги мустаҳкам ишончга асосланган шахсий муносабатлар юқори даражада эканига алоҳида тўхталди. У икки қардош халқнинг ўзаро ҳамкорлиги қамраб олинмаган бирон-бир соҳа қолмаганлигини таъкидлади.
Ташриф доирасида, шунингдек, Озарбайжон, Қирғизистон ва Қозоғистон Олий аудит органлари раҳбарлари билан ҳам икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтди.
Томонлар ўзаро муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди. Давлат аудити соҳасида тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни кучайтириш бўйича келишувларга эришилди.
Маълумот ўрнида: Ҳозирда ушбу мамлакатлар билан Ўзбекистон Ҳисоб палатаси МДҲ га аъзо мамлакатлар Олий аудит органлари раҳбарларининг кенгаши, ИНТОСАИ, АЗОСАИ, ЭКОСАИ каби халқаро тузилмалар доирасида ҳамкорликни амалга оширмоқда.
Шундан сўнг, Туркия Ҳисоб суди томонидан делегация аъзолари учун “Aхборот технологияларининг аудит жараёнига таъсири” мавзусида тақдимот ташкил этилди. Унда Туркияда масофавий назорат ва рақамлаштириш жараёнларининг хусусиятлари ҳақида маълумот берилди.
Умуман олганда, Ўзбекистон Ҳисоб палатаси делегациясининг Туркияга ташрифи давлат аудити, ахборот технологиялар, халқаро стандартларни жорий қилиш каби йўналишларда янги билим ва кўникмаларга эга бўлиш ва туркий тилли давлатлар билан тажриба алмашиш имконини берди.
Қолаверса, Туркия, Озарбайжон, Қирғизистон ва Қозоғистон Олий аудит органлари билан ҳамкорликнинг кейинги устувор йўналишлари белгилаб олинди.
3 Июн 2024
Воқеалар
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |