Комплаенс-назорат тузилмаси ходимлари ўқув семинар
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари (комплаенс-назорат) ходимлари учун “Давлат органлари ва ташкилотларида коррупциянинг олдини олиш ва “комплаенс-назорат” тизимини янада самарали жорий этиш” мавзусида икки кунлик ўқув-семинар ўтказилди.
Тадбир Европа Иттифоқининг молиявий кўмагидаги GIZ, БМТ Тараққиёт дастури, “Минтақавий мулоқот”, Латвия билан ҳамкорлик доирасида ташкил этилди.
Ўқув-семинарнинг мақсади – комплаенс-назорат тузилмалари фаолиятига амалий кўмак кўрсатиш ҳамда илғор хорижий амалиёт асосида тузилма ходимларининг билим ва кўникмаларини ошириш.
Тадбирда Ҳисоб палатасининг шўъба мудири Т. Касимов иштирок этиб, давлат идораларида коррупциянинг олдини олиш ва бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши йўналишида муассаса томонидан амалга оширилаётган тадбирлар юзасидан маъруза қилди.
Семинарда таъкидланганидек, айни вақтда 117 та давлат органлари, банклар ва 100 дан ортиқ олий таълим муассасаларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларининг фаолияти йўлга қўйилган.
Халқаро стандартлар асосида ички назорат тузилмалари фаолиятини тартибга солувчи 10 та идоравий ҳужжат, 7 та методологик қўлланмалар чоп этилиб, ташкилотлар фаолиятига татбиқ этилди.
50 дан ортиқ давлат ташкилотлари “Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими” бўйича ISO 37001:2016 халқаро стандарт сертификатига эга бўлди.
Алоҳида урғу Ҳисоб палатаси томонидан унга бириктирилган энг кўп маблағ оладиган 12 та вазирликда коррупциянинг олдини олиш, бюджет интизомини кучайтириш ҳамда харажатларни оптималлаштириш бўйича амалга оширилган ишларга қаратилди.
Ҳисоб палатасининг “Масофавий назорат” маркази томонидан жорий йилнинг I-чорагида амалга оширилган таҳлиллар давомида қатор рисклар (хавфлар) аниқланиб, улардан 260 та ҳолатда камчиликларнинг барвақт олди олингани айтиб ўтилди. Бундан ташқари, 756 та ҳолатдаги рисклар назоратга олиниб, вазирлик ва идоралар билан таҳлиллар давом этмоқда.
Қолаверса, хато ва камчиликларни барвақт аниқлаш, давлат молиявий назоратини рақамлаштиришни кучайтириш мақсадида 12 та вазирликда махсус “Ситуацион марказ”лар ташкил қилинди.
Натижада вазирликларда риск-таҳлилларни ўтказиш билан назоратни кучайтириш, ноқонуний харажатларни барвақт тўхтатиш тизими йўлга қўйилди.
Бундан ташқари, бюджет интизомини мустаҳкамлаш мақсадида йирик бюджетдан маблағ олувчи вазирликларда рискларни доимий таҳлил қилиб борадиган коллегиал шаклдаги “Рискларни бошқариш қўмиталари” ташкил этилиши маълум қилинди.
Ўқув-семинар доирасида иштирокчилар билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда коррупцияга қарши ички назорат тизимини самарали жорий этишда учраётган муаммолар ҳамда меъёрий ҳужжатларни амалиётга татбиқ этишда йўл қўйилаётган хато-камчиликлар очиқ муҳокама қилиниб, фаолиятни янада такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
30 Май 2024
Воқеалар
Дш | Сш | Чш | Пш | Жм | Шн | Як |