Ҳисоб палатаси томонидан сиёсий партияларнинг маблағлардан мақсадли фойдаланилиши текширилди

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги ҳамда “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонунларига асосан, сиёсий партияларга молиявий ва бошқа маблағларнинг келиб тушиши ҳамда сиёсий партияларнинг улардан белгиланган мақсадда фойдаланиши устидан назоратни Ҳисоб палатаси амалга оширади.

“Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ сиёсий партиялар уставида назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш икки манба ҳисобига амалга оширилади. 

Биринчи манба Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар бўлса, иккинчиси бюджетдан ташқари маблағлар, яъни партияга аъзолик бадаллари, тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромадлар ҳамда юридик шахслар ва фуқаролар томонидан бериладиган хайрия ёрдамлари ҳисобланади.

Сиёсий партияларнинг уставида назарда тутилган фаолиятни молиялаштириш учун давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар миқдори Қонунчилик палатаси томонидан ўтказилган охирги сайловда рўйхатга киритилган фуқаролар сонидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади.

Ушбу маблағлар сиёсий партиялар ўртасида уларнинг Қонунчилик палатасида олган депутатлик ўринлари миқдорига мутаносиб равишда тақсимланади.

Қайд этилган қонунчилик талабларига мувофиқ, Ҳисоб палатаси томонидан Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси томонидан 2023 йилда молиявий ва бошқа маблағларнинг келиб тушиши ҳамда сиёсий партияларнинг улардан мақсадли фойдаланиши юзасидан назорат тадбирлари ўтказилди.

Изоҳ: Назорат тадбирлари Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги Қонунининг 30-моддасига ҳамда “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонунининг 18-моддасига асосан ўтказилди.

Назорат тадбирларида қонунчилик талабларига мувофиқ даромадларнинг шаклланганлиги, маблағлар сарфланганлиги ҳамда уларнинг молиявий ҳисоботларда тўғри акс эттирилганига алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, 2023 йилда сиёсий партиялар жами 186,7 млрд сўм миқдорида даромадга эга бўлиб, уларнинг 125,8 млрд сўм (ёки 67,4 фоизи) давлат бюджети маблағлари ҳисобидан шаклланган.

 

 

Ўз навбатида, сиёсий партиялар томонидан ўз уставида назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун жами 178,3 млрд сўмлик маблағлар йўналтирилган бўлиб, шундан 115,2 млрд сўми ёки 64,6 фоизи давлат бюджети маблағлари ҳиссасига тўғри келган.

Ушбу маблағлар асосан партияларнинг уставида белгиланган фаолиятни амалга ошириш мақсададида ижро этувчи аппаратни сақлаш, партия аъзоларини оммавий ахборот воситаларида чиқишларини ташкил этиш ва кўргазмали тарғибот материалларни нашр этиш, конференция ва съездлар ўтказиш, партия фаолларини ўқитиш, семинар-тренинглар ўтказиш ва сайловларни ўтказиш билан боғлиқ харажатларга йўналтирилган.

Текшириш якунлари бўйича партияларнинг молиявий ҳисоботларида даромадлар ва харажатлар ҳамда асосий воситаларни нотўғри акс эттирилиши ҳолатлари 1,8 млрд сўмни ҳамда иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар хизмат сафарлари, солиқ тўловларига оид ва бошқа хато, камчиликлар 0,7 млрд сўмни ташкил этган. 

 

Ҳисоб палатаси томонидан ушбу камчиликларни бартараф этиш ва уларнинг келгусида йўл қўйилмаслиги мақсадида партиялар сиёсий кенгашларига тегишли кўрсатма ва таклифлар, шунингдек, Қонунчилик палатасига тақдим этиш учун хулосалар берилди.

Назорат тадбирлари натижасида аниқланган камчиликлар сиёсий партиялар томонидан бартараф этилиб, келгусида олдини олишга қаратилган чора тадбирлар режалари ишлаб чиқилди.

 

 

18 Апрел 2024

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея