Давлат харидларида коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган халқаро семинар

Коррупцияга қарши курашиш агентлигида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) билан ҳамкорликда давлат органлари ва ташкилотларининг аудит ҳамда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари масъул ходимлари учун амалий семинар ўтказилди. Унда Ҳисоб палатасининг вакиллари ҳам иштирок этди.

Семинар аввалида Ўзбекистонда Давлат харидлари соҳасида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтилди. Қайд этилганидек, ўтган давр мобайнида давлат харидлари соҳасида харидларни электрон шаклда ўтказишнинг умумий қоидалари ва шартлари, тўғридан-тўғри шартномалар бўйича давлат харидларини амалга ошириш тартиблари белгиланди.

Семинарда Ҳисоб палатаси шўъба мудирлари А. Солиев ва Т. Касимовлар томонидан давлат харидларидаги коррупцияга қарши курашиш тизимида Ҳисоб палатасининг ролига оид тақдимот қилинди. Унда Ҳисоб палатасига Қонунга мувофиқ давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик талабларининг тўғри қўлланилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш вазифаси юклатилганлиги таъкидланди. 

 

 

Тақдимотда Ҳисоб палатаси томонидан жорий аудит тадбирлари “Масофавий аудит” ахборот тизими орқали аниқланган рисклар асосида ташкил этилаётганлиги ва назорат тадбирлари “Давлат аудити” дастурида рўйхатга олинаётганлиги ҳақида сўз борди. 

Тадбирда, шунингдек, JICA экспертлари Ичихаши Кацуя ва Макино Макумото томонидан давлат харидларида коррупциянинг олдини олишда Япония тажрибаси бўйича маълумот берилди. 

 

 

Шу билан бирга, соҳада йўл қўйилаётган ҳуқуқбузарликлар ҳақида тўхталиб, бунга очиқлик, рақобат, назорат ва мониторинг, меъёрий-ҳуқуқий базанинг етарли эмаслиги, танлов мезонларининг шаффоф эмаслиги ва етарли даражада жавобгарликнинг йўқлиги каби омиллар сабаб бўлаётгани таъкидланди.  

Шунингдек, муҳокамалар жараёнида халқаро стандартлар асосида харидлар соҳасида коррупциянинг салбий таъсирини минималлаштириш, давлат молиясини бошқаришда шаффофлик ва жавобгарликка эришиш, жумладан, бюджетлаштириш, давлат даромадлари ва харажатлари тўғрисида ҳисобот бериш, аудит ва хавф-хатарларни бошқариш, харидлар тартиб-қоидаларида манфаатлар тўқнашувини бартараф этиш, мамлакат иқтисодиётининг очиқлигини таъминлаш масалалари кўриб чиқилди.

 

 

17 Май 2024

Воқеалар

Воқеалар тақвими
Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Фотогалерея